Caravan Group ресторанлар тармоғи асосчиси Тимур Мусин Facebook’даги ўз саҳифасида видео эълон қилди, унда ресторанига бир гуруҳ шахслар келгани тасвирланган.
«Азиз дўстлар. Илтимос қиламан - менинг хабарларим ва изоҳларимга хотиржам муносабат билдиринг. Бу 90-йиллар, рейдерлик билан эгаллаб олиш ва ҳеч қандай «сиқиб чиқариш» эмас. Шунчаки, бу ҳар куни кимдир тўқнаш келаётган ҳозирги бемаъниликдир. Мен алоҳида фойдаланувчиларга мурожаат қиламан - менга «ўзбошимчалик қурбони» сифатида ачиниб, яхшилик қиламан деб нохуш иш қилиб қўймоқдасиз», - дея таъкидлаб ўтди у.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда қарийб уч йилдан бери республикага дунёдаги энг илғор ва ривожланган давлатлардан бири бўлишга ёрдам бериши керак бўлган кўплаб ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Ишбилармон доиралар 2017 йил 8 августдаги ПҚ-3182-сонли, туманлар (шаҳарлар ва ҳудудлар)ни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар ишини ташкил этиш тўғрисидаги қарорни ҳам шундай ҳужжатлардан бири сифатида қабул қилди.
Ташкил этилаётган сектор гуруҳларининг асосий вазифаси кўрсатилган соҳаларда «муаммоларни аниқлаш ва ҳал қилиш бўйича мақсадли тадбирларни амалга ошириш» деб эълон қилинди. Яъни, президент ёрдам бериш ҳақида топшириқ берди. Ҳаётда эса баъзан шундай бўляпти: мансабдор шахслар буни ҳамма нарсани назорат қилишнинг яна бир имкони деб билишди.
«Оддий тадбиркор Тимур Мусиннинг ҳаётидан яна бир мисол. Мен Тошкентга Олмаотадан келишга улгурмай 9 кишидан иборат «жуда ваколатли гуруҳ» ресторанимизга кириб келди. Ҳеч нарса тушунтирмасдан, ҳеч қандай ҳужжат тақдим этмасдан, анча қатъий (ҳатто қўпол, деган бўлардим) шаклда уларни муассасага киритишни талаб қилдилар. Фақат ўзини таништириш ва ташриф мақсади ҳақидаги такрорий илтимослардан сўнг, улардан бири исми Шерзод эканлигини айтди, лекин шахсни тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжатни кўрсатмади», - дея ёзган у.
Унинг сўзларига кўра, Тошкентда кўп Шерзодлар бор, шунинг учун яна ва яна сўрашга мажбур бўлинган - қаердансиз, нима истайсиз? Шундан сўнг, Шерзод «Яккасарой солиқ инспекциясидан бўлиб, текширувга келганини» тан олди. Бундан ташқари, унга ҳамроҳлик қилган кишиларнинг кўпчилиги ҳам ушбу идорадан эди.















