Жамият | 17:14 / 05.06.2019
31445
5 дақиқада ўқилади

“Тафаккур қилмайсизми?..” Эмбрион – она вужудида инсоннинг бунёд бўлиши

Инсон зоти борки, табиатан мўъжиза истайди. Халқларга пайғамбарлар юборилганда, ўша давр одамлари улардан мўъжизалар кўрсатишни талаб этишган. Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга берилган энг катта мўъжиза – Қуръони карим бўлди. Қуръон – мўъжизаларни ўзида мукаммал равишда мужассам қилган китобдир. 

“Тафаккур қилмайсизми?..” кўрсатувининг бугунги сонида Аллоҳ мўъжизаларидан яна бири – эмбрион ҳақида сўз боради.

Аллоҳ таоло “Мўъминун” сурасининг 12-14 оятларида шундай марҳамат қилади: “Биз инсонни лойнинг мағзидан яратдик. Сўнгра уни мустаҳкам қароргоҳдаги (бачадондаги) нутфа-маний қилдик. Сўнгра бу нутфадан алақани яратиб, алақадан мудғани яратиб, мудғадан суякларни яратиб, бу суякларга гўшт қопладик. Сўнгра бошқа бир жонзот ҳолида пайдо қилдик. Бас, яратувчиларнинг энг яхшиси бўлган Аллоҳ Буюк Барокот эгасидир”.

Нутфа ҳақида гапиришдан олдин шу нарсани таъкидлаб ўтиш керакки, эркак кишининг маний суви ичидаги 300 млн.дан зиёд уруғнинг фақат биттаси онанинг бачадонига кириб, унинг тухум ҳужайраси билан чатишади. Бунинг натижасида нутфа ҳосил бўлади. Нутфа бачадоннинг ичидаги деворга ёпишиб, худди дарахтга ўхшаб илдиз отишни бошлайди. 

Илдиз отганидан сўнг, “алақ” деган босқич бошланади. Араб тилида “алақа” уч маънони англатади: 1) зулук; 2) осилган нарса; 3) лахта қон. Эмбрионни зулук билан солиштирганда, ташқи кўриниши бир-бирига ниҳоятда ўхшаши аниқланди. Зулук бошқа мавжудотларнинг қонини суриб озиқлангани каби, бу босқичда эмбрион ҳам онанинг қони билан озиқланар экан. Алақнинг иккинчи маъноси осилган нарса. Илмий тадқиқотлар шуни кўрсатдики, эмбрион онанинг бачадонида осилган ҳолда бўлар экан. Алақнинг учинчи маъноси лахта қон деганидир. Эмбрионнинг бу босқичдаги ташқи кўриниши қон тўпланмасига ўхшайди. 

Алақадан кейинги босқич “мудға” дейилади. “Мудға” лафзини араб тилида чайналган нарсага нисбатан ишлатишаркан. Агар сақични оғизга олиб чайналса ва уни эмбрионнинг мудға босқичи билан таққосланса, у ҳақиқатан чайналган нарсага ўхшашига гувоҳ бўламиз. Бу босқичда юрак ура бошлайди, эмбрионнинг ҳажми 4 миллиметрни ташкил этади. 

“Мудғадан суякларни яратиб, бу суякларга гўшт қопладик”, дейилади оятда. Бу босқичда бадан қаттиқлашиб, бош танадан ажралиб, қўл-оёқлар шакллана бошлайди. оятда хабар берилишича, эмбрионда аввал суяклар шаклланар, кейин устига гўшт қопланар экан. XX асрнинг охиригача илмий тадқиқотчилар суяк билан гўшт бир пайтда ривожланишини таъкидлаб келишган экан. Лекин сўнгги тадқиқотлар шуни кўрсатдики, биринчи суяк шаклланиб, кейин алоҳида мушак-ҳужайралар зоҳир бўлиб, улар суякларни қоплаб олар экан. 

1984 йили Саудия Арабистонида ўтказилган илмий кенгашга Қуръоннинг оятларини тушуниш учун Канададан эмбриология бўйича энг машҳур мутахассис-олим – профессор Мур махсус чақирилади. Шу олим тадқиқотлар ўтказганидан сўнг айтади: “Мен учун ниҳоятда равшан бўлдики, Қуръон Аллоҳ томонидан Муҳаммадга нозил бўлган экан. Чунки бу ерда хабар берилган илмий маълумотлар фақат XX аср охирига келибгина маълум бўлди. ўша даврда, яъни VII асрда бундай илм бўлиши мумкин эмас эди”.

Фото: Azon TV

Маний сувидаги 250-300 миллиондан зиёд сперматазоид онанинг танаси бўйлаб бачадон сари жудаям бир машаққатли йўлни босиб ўтади. мана шу машаққатли йўлда, бачадонга фақат мингтаси етиб бораркан. Ва бу мингтадан фақат биттаси қабул қилинар экан. Қабул қилинганда ҳам, тўлиқ эмас, яхши қисми қабул қилинади. Чунки ўша ерга олиб келган танаси ҳам ташқарида қолиб, бачадоннинг ичига фақат асли кирар экан. Инсоннинг уруғ ҳолатидаги ҳаёти бизнинг шу дунёдаги ҳаётимизга ўхшар экан. Ҳамма қаергадир шошган, елиб-югурган, тер тўкиб ишлаган, куч-қувватини шу йўлда сарф қилган. Лекин инсонларнинг ҳар мингтадан фақат биттаси мақсадга етаркан, қолгани йўлда ҳалок бўлар экан.

“Тафаккур қилмайсизми?..” кўрсатувининг ушбу мавзуга бағишланган сонида  инсоннинг она қорнида пайдо бўлиши, ривожланиши билан боғлиқ жараёнлар, воқеликлар Қуръон оятлари мисолида кўрсатиб берилганки, эмбрион сингари Аллоҳнинг бу мўъжизаси киши ақлини ҳайратга солади.

Мавзуга оид