Ӯзбекистон мусулмонлар идорасининг Андижон вилояти вакиллиги ходими Нурилло Қодиров охирги вақтларда «Вақф» фонди атрофида урчиётган турли гап-сўзларга ўз муносабатини билдирди. Қуйида унинг фикрлари акс этган мақола тўла ҳолда келтириб ўтилади.

Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда “Вақф” фонди томонидан рўёбга чиқарилаётган хайрли ишлар қолиб, асоссиз хабарлар, турган-битгани бўҳтондан иборат иддаолар кенг тарқалмоқда. “Малибу-2” воқеаси, ўқитувчилардан гўёки 50 минг сўмдан мажбурий пул ундирилаётганлиги билан боғлиқ мақолаларни бир эсланг. Нима эмиш, энди масжидлар томонидан ҳайит намозида аҳоли берган хайр-эҳсон пуллари “Вақф” фондига тўлалигича ўтказилиб, масжид харажатларига, бу ердаги ҳовли супурувчи-ю қоровулларга хизмат ҳақи берилмаётган экан. Ё-пирай, лоф ҳам эви билан-да?!

Дунёнинг ишлари қизиқ! “Вақф” фонди ташкил топмай туриб, масжидга ҳайит намозида тушган маблағнинг 60 фоизи Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ўтказилаётган ва масжид ҳайъати томонидан тасарруф этилаётган вақтларда қаерда эди ўша арзгўйлар? Ахир ўша пайтлар барча пуллар ҳайъат томонидан тасарруф этилиб, масжид харажатлари ва бошқа чиқимларга ноқонуний равишда пул олиниб, қолган қисмининг ҳисобидан 60 фоизи идорага ўтказилган кезларда бундай норозичиликлар бўлмаган-ку. Қайтанга, айни паллада масжидларнинг даромади аввалги йилларга нисбатан икки ҳисса кўп – эндиликда ходимларга аввалгидек ноқонуний йўл билан эмас, қонунан иш ҳақлари тўланмоқда. Масжиднинг бошқа харажатлари учун ажратилаётган маблағлар ҳам худди шу йўсинда – очиқ-ошкора йўналтирилаётир.

Билганлар айтсин - масжидлардан тушаётган тушумлардан ходимларга маош, мукофот ёки моддий ёрдам ҳамда бошқа харажатлар (дейлик, коммунал тўловлар) учун ҳар ой имом-хатиб томонидан талабнома асосида чиқилса, “Вақф” фонди томонидан ҳеч бир эътирозсиз мавжуд эҳтиёж қондириляпти. Яъни ҳар бир ҳаракат тегишли ҳужжатлар асосида, қонун доирасида олиб бориляпти. “Озодлик”ка арз қилиб, дунёга жар солаётган айрим муллалар эса бу ҳақиқат хусусида негадир оғиз очмайдилар. 

Ўзингиз ўйлаб кўринг, масжидга аҳолидан келаётган маблағлар кимларнингдир чўнтагини қаппайтириш учун эмас, хайр-эҳсон сифатида берилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, масжидларнинг эҳтиёжи учун, ёрдамга муҳтож, эҳтиёжманд ҳамюртларимиз учун йўналтирилмоқда. Бир қисми эса ўзини ўзи қоплай олмаётган масжидлар ходимларига ойлик маош сифатида ажратилмоқда. Бундай тоифадаги масжидлар эса мамлакат  бўйлаб 800 дан ортиқ бўлса, биргина Андижон вилоятининг ўзида 50 га яқин масжид ўзини ўзи қоплай олмайди. Юртимизнинг чекка туман ва қишлоқларида фаолият кўрсатаётган, даромади йўқ масжидларда ишлаётган ахли илм-у имомларнинг ҳолини ҳам ўйлаши керакми ахир?