Соҳибқирон Амир Темур юриш қилган мамлакатларида ҳам қурилиш ва ободончилик ишларини олиб боргани бизга маълум. Бошқа юртлардан олиму ҳунармандларни Мовароуннаҳрга олиб келиб, ўз юртида илм фан, меъморчилик ва ҳунармандчилик юксак даражага кўтарилишига сабабчи бўлди. Ҳаттоки бугунги кунда ҳам Амир Темур ва темурийлар даврида қурилган обидалар дунёнинг турли чеккаларидан келган сайёҳларни ўзига ром этиб келмоқда.
Бугун биз ҳам айнан Соҳибқироннинг буйруғи билан она юрти Шаҳрисабзда қурилган Оқ сарой қароргоҳи тарихи ҳақида фикрлашмоқчимиз. Бизга бу масалада Шаҳрисабздаги Амир Темур номли моддий-маданият тарихи музейи илмий ходими Жасурбек Аҳмедов яқиндан кўмак берди. Айрим факт ва маълумотларда Поён Равшановнинг «Оқ сарой тарихи» китобидан фойдаланилди.
Албатта, мафтункор Оқ саройнинг қурилиши ҳақида тарихий манбалардан, жумладан, Заҳириддин Бобур ва Клавихо Гонсалеснинг асарлари орқали ишончли маълумотлар ва гўзал таърифларга эгамиз. Амир Темур меъморчилик соҳасининг юксак намунаси сифатида қурдирган иморатлари ичида Оқ сарой энг баланди, гўзал ва салобатлиси бўлиб, баландлиги 70 метрдан ортиқ бўлгани, 1380-1405 йиллар давомида қурилгани ҳам обиданинг меъморий жиҳатдан нақадар мукаммалигини билдиради.
Истиқлолга 28 йил тўлаётган бир давр оралиғида олиб борилаётган давлатимиз ислоҳотлари, айниқса, тарихимизга бўлган муносабат, маданий меросни асраб авайлаш ҳамда туризмни ривожлантириши борасидаги ишлар, албатта, барчамизни қувонтиради. Халқимизнинг бунга ижобий муносабатини сайёҳлар мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Шундай бўлсада, афсуски, баъзи фуқароларимиз онгида собиқ шўро даврида нохолис ёзилган рисолалардаги фикрларга ожизона эргашишни кўрамиз. Булардан бири Шаҳрисабздаги Оқ сарой мажмуасининг бузилиши ҳақида ҳам ана шундай ноаниқликларни кузатамиз. Шу сабабдан биз Оқ саройнинг қурилиши, ҳашамати ҳақида эмас қурилгандан кейинги ўтмишнинг суронли даврларида қандай вайронагарчиликларга учрагани ҳақида тўхталмоқчи бўлдик. Зеро, бу уринишимиз «денгиздан бир томчи» бўлсада, тарихимизни холисона ўрганиш учун кўпроқ китоб ўқишга ундаб, биргина манбани ўқиб, бирёқлама фикр билдиришдан қочишга ёрдам беради, деб умид қиламиз.

Хўш, Оқ сарой қандай қилиб вайрон этилганди? Темурийлар даврида Шаҳрисабз ҳам Самарқанд сингари темурийзодаларнинг тўқнашувларига гувоҳ бўлган. Шундай бўлса-да, Улуғбек Мирзо (1409 й) тахтга ўтириши билан бобосининг ишлари давомчиси сифатида Шаҳрисабзда Кўк гумбаз сингари иморатлар бино қилди. Шаҳрисабз ва Оқ сарой темурийлар учун шонли ёки қийинчилик даврларида ҳам Самарқандга, яъни пойтахтга яқин бошпана бўлди.


















