11:53 / 22.06.2019
9109

Илм-фан ва ишлаб чиқаришни боғловчи мутахассисларни тайёрлаш бўйича таклиф

Фото: Shutterstock

Қисқа мазмуни:

Илм-фан соҳасидаги олинаётган илмий натижаларнинг бевосита ишлаб чиқаришга татбиқи айни пайтда мамлакатимизда жуда паст даражада. Ҳаттоки, кам сондаги ишлаб чиқаришга татбиқ этилди, дейилган илмий натижаларнинг кейинги ҳолати юзасидан етарли назорат йўқ. Бунинг сабаблари, албатта, кўп, лекин асосийлари қуйидагилар деб биламан:

1) Илм соҳасидаги мутахассислар ишлаб чиқариш жараёнини яхши тушунмайди. Шу сабабдан бевосита татбиқ қилиниши мумкин бўлган тадқиқотлар устида ишламайди. Ишлаб чиқариш жараёнларида бевосита иштирок этадиган муҳандис-техникларда ўз соҳасига тегишли бўлган билимлар етишмайди. Бу икки типдаги мутахассислар ҳамкорлиги йўлга қўйилмаган;

2) Давлат томонидан тўлиқ ёки ишлаб чиқариш корхоналари билан биргаликда қисман молиялаштирилган илмий лойиҳалар натижаларини ишлаб чиқаришга қандай татбиқ этилгани ва бу давлат корхоналари учун қандай иқтисодий фойда келтирилгани тизимли равишда назорат қилинмайди.

Бу муаммолар олдини олиш учун илмий текшириш институтларида магистратураларни очиш ва махсус дастурлар орқали бевосита ишлаб чиқариш жараёнлари билан узвийликни таъминлаган ҳолда мутахассисларни тайёрлаш таклифи берилмоқда. Ишлаб чиқариш корхоналарини бу жараёнга молиявий томондан жалб этиш ҳам кўзда тутилмоқда. Магистратурага талабгорларнинг базавий маълумоти фундаментал йўналишда ҳам, муҳандислик йўналишида ҳам бўлиши мумкинлиги алоҳида таъкидланган.

Бу йўналишда магистратурага талабгорларни ошириш мақсадида бундай мутахассисликка эга бўлганларга иш жойларида юқори табақалаштирилган ойлик маошлари билан таъминлаш таклифи ҳам илгари сурилмоқда.

Батафсил маълумот:

Таклиф берилаётган соҳадаги ҳозирги ҳолатнинг қисқача таснифи:

Республикамизда илмий тадқиқот ишлари асосан Ўзбекистон Республикаси Фанлар Aкадемияси таркибидаги илмий-тадқиқот институтлари ҳамда мамлакатдаги турли университетларда олиб борилади. Aйни пайтда амал қилаётган тизимга кўра, бу ишлар асосан давлат томонидан молияланадиган илмий лойиҳалар орқали амалга оширилади. Илмий лойиҳалар фундаментал, амалий ва инновацион турларга ажратилиб, уларнинг ҳисоботлари ҳам мос равишда турли талаблар асосида қабул қилинади. Олинган илмий натижаларни патентлаш, уларнинг амалиётдаги татбиқи ҳақидаги ҳужжатларнинг назорати талабга жавоб бермаслиги Президент Шавкат Мирзиёевнинг Фанлар Aкадемияси Ядро физика институтида бир гуруҳ олимлар билан бўлиб ўтган учрашувида ҳам алоҳида таъкидланди. Илмий натижаларни тижоратлаштириш бўйича янги фикрлар янгради.

Aйни пайтда илмий фаолият билан шуғулланаётган мутахассисларнинг аксарияти ишлаб чиқариш билан бевосита алоқаси йўқлиги бевосита ишлаб чиқариш жараёни билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиши мумкин бўлган тадқиқот масалалари билан шуғулланмасликка сабаб бўлган бўлса, давлатга тегишли ишлаб чиқариш корхоналарининг турли омиллар сабабли янги илмий натижаларни татбиқ қилишга қизиқмаслиги орадаги жарликни янада чуқурлаштирди. Бундай корхоналарнинг баъзиларида илмий татқиқот марказлари бўлса ҳам уларнинг фаолияти илмий ишларни координация қилувчи давлат органлари томонидан етарлича мониторинг назорати амалга оширилмаган.

Илмий текшириш институтларининг таянч докторантурасига келаётган магистрларда ишлаб чиқариш билан боғлиқ предметлар бўйича базавий маълумотларнинг йўқлиги ва мазкур институтлардаги мавжуд илмий йўналишларда бевосита ишлаб чиқаришга оид масалаларнинг ўрганилмаслиги уларнинг келгусидаги илмий фаолиятини фақат назарий тадқиқотларга йўналтиришга сабаб бўлмоқда.

Таклиф мазмуни:

Юқоридаги муаммоларни бартараф этиш юзасидан ЎзР ФA илмий текшириш институтларида бевосита ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи завод, корхоналарни жалб қилган ҳолда магистратуралар очиш, кейинчалик, битирувчиларни айнан илмий натижаларни ишлаб чиқаришга татбиқи билан шуғулланувчи мутахассислар қатламини яратишда асос қилиб олиш таклифи берилмоқда. Очиладиган магистратураларда фақатгина соҳага оид курслар ўтилиши, 2 йиллик ўқишнинг бевосита амалиёт билан боғлиқ ҳолда олиб бориш назарда тутилмоқда. Магистратурага фундаментал йўналишлар бўйича бакалаврлик дипломига эга талабгорлардан ташқари техника йўналишидаги ОТМ бакалврларини ҳам жалб қилиш кўзда тутилмоқда. Бундай ҳолатда уларга ўтиладиган махсус курслар икки хил йўналишда: фундаментал фанлар йўналишидаги битирувчилар учун асосан ишлаб чиқаришга оид курслар ўтилса, муҳандислик йўналишидаги талабалар учун фундаментал йўналишдаги курслар ўтилиши режалаштирилган.

Магистратурани молиялаш давлат ва ишлаб чиқариш корхоналари маблағлари эвазига амалга оширилиши таклифи берилмоқда. Молиялаш тақсимоти, механизми талабдан келиб чиқиб турлича ҳолда ишлаб чиқиши назарда тутилган.

Кутилаётган натижа:

Бундай магистратура битирувчилари ҳам фундаментал билимларга, ҳам ишлаб чиқариш амалиёти, кўникмаларига эга бўлган мутахассислар бўлиши ва илмий натижаларнинг ишлаб чиқаришга татбиқида асосий рол ўйнайди. Бундай мутахассисларга иш жойларида бериладиган ойлик маошларни маълум коэффициент билан тўланиши бу йўналишга талабнинг ортишига олиб келади ва бу соҳадаги кадрлар етишмовчилиги муаммосининг олди олинади.

Илмий тадқиқот натижаларини бевосита ишлаб чиқаришга татбиқ қилиш занжирида муҳим ҳалқа яратилади. Кейинчалик илмий лойиҳалардаги масалаларнинг аксар қисми бевосита ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлади ва давлат томонидан фанга ажратиладиган маблағларнинг фойдалилик коэффициенти ортади.

Бундай магистратуралар фундаментал, табиий фанлардан ташқари, ижтимоий-гуманитар, иқтисодий йўналишдаги илмий тадқиқотлар учун ҳам очилиши ва юқорида кўзланган мақсадларга эришиш мумкинлигига эътиборингизни қаратмоқчимиз.

Бундан ташқари, илмий тадқиқот институтларига ёш кадрларни жалб қилиш борасидаги ишларга ҳам ижобий таъсир кўрсатишини алоҳида таъкидлаймиз.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар Aкадемияси,
В.И.Романовский номидаги Математика институти
катта илмий ходими, физика-математика фанлари номзоди
Эркинжон Каримов

Top