Бугун СССР ҳақида гап кетганда ўша замонларни кўрган инсонлар доим «гугуртнинг бир тийин бўлгани» ҳақида гапиради. Аммо гап одамлар ҳаётини енгил қилиши мумкин бўлган турли технологиялар ёки буюмлар ҳақида гап кетганда улар ҳеч нарса дея олмай қолади.

Чунки дунёнинг иккинчи қутби бўлишга даъво қилган ва буни маълум маънода уддалаган ўша давлатда ядро қуроллари ва космосни татбиқ этиш дастуридан бошқа мақтанадиган ҳеч нарса йўқ эди.

Ўтган асрнинг 80-йиллар бошларида СССРга ташриф буюрган ғарблик олимлардан бири «Агар космик тадқиқотларни инобатга олмаса СССР ривожланаётган давлатлар рўйхатининг ўрталарида бўлар эди» деганида ҳақ эди.

Ўша пайтда ядро қуролларининг синови ва космик тадқиқотлар учун миллиардлаб рубл (доллар) маблағ сарфланган. Аммо аҳоли турмуш даражасини кўтариш, саноатда янги технологиялар яратиш, замонавий буюмлар ишлаб чиқариш учун ҳеч иш қилинмаган.

Узоққа бормайлик, СССР энг куч-қудратга эга бўлган 1965-1970 йилларда бу мамлакат ихтирочилари тузукроқ автомобил ярата олмай, ВАЗ заводини италияликларга қурдиради.

Завод қурилгандан сўнг 30 йил давомида СССР конструкторлари ВАЗ-2121 «Нива», ВАЗ-2108 ва ВАЗ-2109 автомобилларини яратади холос. Қолган барча моделлар италияликларники эди ва улар XXI асрда ҳам ишлаб чиқарилди.

Қолаверса, бу давлат халқаро патент идоралари билан алоқа қилмаган ва уларнинг турли эътирозларини эътиборсиз қолдириб, бошқаларнинг маҳсулотини ўзлаштириб бошқа ном остида ишлаб чиқараверган.

Шу ўринда «Шундай катта ва қудратли давлатга бошқалар ишлаб чиқарган нарсаларни ўзлаштириш нега керак бўлган? Наҳотки космик кемани ясай олган давлат оддий машинани ясай олмаса?!» деган савол туғилиши табиий.

Албатта, космик кема ясай олган давлат учун янги турдаги машина, электрон ҳисоблагич ёки оддий дазмолни ясаш осон эди. Аммо советлар тузукроқ ихтирочиларни, олимларни ҳарбий ва космик саноатга жалб қилган, бошқа техникаларни ясаб чиқариш нўноқ ихтирочиларга қолган эди. Улар учун янги нарса ихтиро қилишдан кўра хориж маҳсулотининг кўринишини озгина ўзгартириб янги ихтиро сифатида тақдим этиш осон бўлган.

Қуйида, СССР томонидан ўзлаштирилган турли хорижий маҳсулотларга назар ташлаймиз. Улар орасида автомобиллардан тортиб оддий дазмолларгача бор.