Жамият | 23:43 / 24.06.2019
10358
5 дақиқада ўқилади

«Обод маҳалла» нинг барбод боғчаси». Паркент туман ҳокимлигининг боғчани таъмирлашга пули йўқми?

«Қишлоқ «Обод маҳалла»  дастурига тушган, ишлаб турган боғча қайта таъмирлаш баҳонасида ёпилганди. Аммо ишлар бошланган кўйи ўлда-жўлда қолиб кетган. 3-4 ойда битказилиши ваъда қилинган боғча бир ярим йилдирки қайта очилмаяпти. Ота-оналар боласини қаёққа беришни билмай саргардон».

Паркент тумани, Гулбоғ қўрғони, Қайилма маҳалласидаги 14-мактабгача таълим муассасасига тегишли бўлган мазкур аҳвол ҳақида «Тошкент ҳақиқати» газетаси ёзмоқда.

Мақолада кўрсатилишича, мазкур боғчанинг фақатгина ташқи, фақат ташқи фасади таъмирланган, ички қисми эса хароб аҳволда. Пол қисми чириб, ҳашаротларга тўлиб кетган. Ошхона, душхона ва ҳожатхонада аҳвол ёмон. Деворлар нураб, кафеллар синиб ётибди. Ҳамма жиҳозлар эскирган.

Мактабгача таълим муассасаси раҳбари Муфассар Саидалихўжаеванинг сўзларига кўра, қишлоқ ҳудуди «Обод маҳалла»  дастурига тушгач, мактабгача таълим муассасасига ҳам беш юз миллион сўм маблағ ажратилган, лекин пуллар фақат боғчанинг ташқи фасад қисми, эшик-деразаларни таъмирлашга етган. 

«Мутасаддилар ишлар чала-чулпа тугатилгач, мендан боғчани очишни талаб қилишди. Мен унамадим. Ахир бу аҳволда боғчани ишга тушириш, кўра-била туриб, болаларнинг ҳаётини хавф-хатарга қўйиш билан баробар. Боғча аслида тўрт ой муддатга ёпилган эди, мана, салкам бир йил бўляпти ҳамки, боғчани очолмаяпмиз. Шу вақт оралиғида бормаган жойим қолмади. Кимга мурожаат қилсам, «маблағ йўқ, ўзингиз бир амаллаб пул топинг, ота-оналар ҳомийлик қилишсин, нима қилиб бўлса ҳам боғчани ишга туширинг», деган гапни эшитяпман», ─ дейилади мудиранинг берган маълумотларида.

Баён қилинишича, газета мухбирлари воқеа жойига бориб, ҳолатни ўрганишлари чоғида Паркент тумани ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари, туман прокурори, туман мактабгача таълим муассасаси бўлим бошлиғи етиб келган. Боғчадаги тугалланмай қолган ишларни узоғи билан бир ой муддатда якунига етказишга ваъда берилган. 

Туман ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Зафар Турсунов қўшимча маблағ ажратишни, қурувчи Намоз Нафасов то смета тасдиқланиб, маблағ ажратилгунча ўз маблағи ҳисобидан қолган ишларни давом эттиришни, туман мактабгача таълим бўлими раҳбари Улуғбек Муҳаммадалиев бошқа боғчага ажратилган маблағнинг маълум бир қисмини шу муассасага йўналтиришни, туман прокурори Дилшод Исмоилов эса мазкур муаммони шахсан ўзи назоратга олишини таъкидлаган.

Аммо кўп ўтмай қишлоқ аҳолисидан яна боғчанинг ҳолати билан боғлиқ шикоятлар келган. Журналист ташрифидан сўнг ишлар сал жонланган, лекин айни пайтда таъмирлаш яна тўхтаб қолган. 

«Ўзимизнинг маблағимизга ишни бошладик. Бор пулимизга қурилиш материаллари олдик. Миниб юрган машинамизни гаровга қўйиб, усталарнинг иш ҳақини тарқатдик. Шу орада икки-уч марта маблағимизни ўтказиб беришларини сўраб, ҳокимликка мурожаат қилдик. Лекин улар ҳалигача бир сўм ҳам беришгани йўқ. Қурилишни якунлашга бизда ҳам маблағ қолмади. Қачон ҳокимлик маблағимизни ўтказиб, боғча учун пул ажратиб берса, шунда ишни давом эттирамиз. Икки ўртада сарф­лаган харажатимизга куйиб қолмасак бўлди», ─ дейди «Элегант Қурилиш Монтаж» МЧЖ иш бошқарувчиси Намоз Нафасов. 

«Ҳокимлик масъуллари билан қайта боғлансак, «қўлингиздан келганини қилинг, у боғчага бошқа пул йўқ», дейишди», ─ дея ёзади журналист Ғуломжон Аҳмад.

Мақолада келтирилган маълумотларга қараганда, боғчанинг ишламаётгани бир қанча муаммоларни келтириб чиқармоқда.

«Яқинда боғчамизга қатнайдиган бир бола кўчасидан ўтувчи катта ариқда оқиб кетибди. Яхшиямки, уни вақтида кўриб, қутқариб қолишибди. Аммо ота-онаси уйимга келиб, роса жанжал кўтарди. Шундан сўнг у ерга чопиб, бу ерга чопиб, маҳалла ҳудудидаги бир эски бинони олиб, вақтинчалик боғча очишга мажбур бўлдик. Ҳозир у ерга 40-50 нафар бола қатнаяпти. Лекин у жой санитария-гигиена талабларига мутлақо жавоб бермайди. Бироқ ота-оналар шикоят қилавергач шунга мажбур бўлдик», ─ дейди мактабгача таълим муассасаси раҳбари.

Кўриниб турибдики, боғча таъмирлаш ишларининг ўлда-жўлда қолаётгани аҳолига ноқулайлик туғдирмоқда. Болалар санитария талабларига жавоб бермайдиган жойга қатнаяпти, ҳокимлик эса пул йўқлигини рўкач қиляпти, устига-устак таълимга ярамайдиган бинони очишни мудирадан талаб қиляпти. Мактабгача таълим соҳасини яхшилаш мақсадида алоҳида вазирлик ташкил этилиб, 2021 йилга қадар 90 фоиз болалар боғчаларга қамраб олиниши вазифаси турган бир пайтда Паркент туман ҳокимлигининг бундай хатти-ҳаракати қайси мантиққа тўғри келади?

Мавзуга оид