Акционерлик жамияти тузиш тартиби соддалаштирилди
Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлигида биржа котировкалари рўйхатига киритилган эмитентлар бўйича йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 20 мартдаги 531-сонли қонунига асосан қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар юзасидан пайдо бўлган саволларга соҳа мутахассислари томонидан жавоб берилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
Қонунга киритилган асосий ўзгартиришлар нимадан иборат ва тадбиркорларга қандай имтиёзлар тақдим этади?
1996 йил 26 апрелда қабул қилинган «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг айрим моддаларига киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, акционерлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир бир қатор ўзгартиришлар киритилган.
Масалан, акционерлик жамияти тузилаётган вақтда устав фонди 400 минг долларни ташкил қилиши (банк ва суғурта компаниялари бундан мустасно) ва Устав фондининг миқдори шу миқдордан камайиб кетган тақдирда АЖнинг ёпилиши ҳақидаги тартиб бекор қилинди.
20 мартдаги ўзгартиришга кўра, акционерлик жамиятлари назорат кенгашида камида бир нафар «мустақил аъзо» бўлиши шарт. Хўш, мустақил аъзо ким ва нимага керак?
«Бу барча акционерлик жамиятларига тегишли эмас. Фақатгина, Республика фонд биржаси котировкасига кирган акционерлик жамиятларининг назорат кенгашида камида бир нафар мустақил аъзо бўлиши керак. Бу ўша жамиятнинг шаффофлигини таъминлайди.
Чунки, қонунга кўра, «мустақил аъзо»нинг акционерлик жамиятига алоқаси бўлмаслиги кераклиги белгилаб қўйилган. Ривожланган давлатларда АЖ назорат кенгашини 80 фоиздан 100 фоизигача мустақил аъзолар ташкил қилади. Европа, Россия ва ҳозирги кунда Қозоғистонда ҳам мустақил аъзолар институти ташкил қилинган. Бизда бу жараён муҳокама босқичида» , — дейди Эмитентларни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Азизбек Қурбонов.
Биржа котировкаси нима? У акционерлик компанияларига нима беради?
Биржа котировкаси — биржалар орқали сотиладиган маҳсулотлар баҳоси. Ҳар бир биржа уларни маълум тизимга солади ва чоп этади. Одатда, котировкалар эрталабки ва кечки савдо (биржа сессияси) бошланишига ва тугашига мўлжаллаб чоп этилади.
«Бунинг афзалликлари кўп. Масалан, акциянинг бозор қийматини белгилайди, олди-сотди жараёни биржа орқали амалга оширилади. Иккинчидан, биржа бу — бозор. Сиз бозорга маҳсулотингизни қўясиз, харидор сизни қидириб топади. Бу жараён давомий бўлганлиги сабабли товарга бўлган таклиф ҳам ортиб боради», — дея изоҳ беради Қурбонов.