1. Россия ҳудудий сувларида 14 нафар сувости-денгизчиси ҳалок бўлди

Воқеа 1 июль, душанба куни юз берди. Ҳалокатга сувости аппарати бортида келиб чиққан ёнғин сабаб бўлди, деб хабар берди Россия мудофаа вазирлиги.
«Ўн тўрт нафар сувости-денгизчиси ёнғин пайтидаги тутун натижасида ҳалок бўлди», — дейилади вазирлик хабарида.

2. Сувости аппарати мудофаа вазирлиги манфаатлари юзасидан океанни ўрганиш билан шуғулланган 

«1 июль куни Россия ҳудудий сувларида Россия ҳарбий-денгиз флоти манфаатлари юзасидан Жаҳон океани тубини ўрганишга мўлжалланган илмий-тадқиқот сувости аппаратида батиметрик ўлчовлар олиб бориш чоғида ёнғин келиб чиқди», — деб хабар берди мудофаа вазирлиги.

3. Ёнғинни ўчиришга муваффақ бўлишган 

«Жамоанинг саъй-ҳаракатлари билан ёнғин ўчоғи бартараф этилди. Сувости аппарати Североморск ҳарбий-денгиз базасида сақланмоқда», — дея иқтибос келтиради ТАСС мудофаа вазирлигидан.

4. Сувости аппаратида тирик қолганлар борлиги аниқланди

Жабрланганлар мудофаа вазирлигининг Североморскдаги ҳарбий-денгиз клиник госпиталига келтирилган. Ҳалок бўлган 14 денгизчининг жасадлари ҳам шу ерга олиб келинган.
Baza Telegram-каналининг хабарига кўра, 4-5 киши тирик қолган. 

5. Ёнғин келиб чиқиши сабаби ҳозирча номаълум 

Сувости аппаратида ёнғин келиб чиқиши ва 14 денгизчининг ҳалок бўлиши юзасидан тергов ишларини Россия ҳарбий-денгиз флоти қўмондони Николай Евменов бошқармоқда. 
Россия тергов қўмитаси денгизчиларнинг ўлими юзасидан текширув бошлади. 

6. Аппарат атом сувости кемаси бўлиши мумкин 

РБК манбасининг маълумотига кўра, у сувости илмий-тадқиқот аппарати эмас, балки «Лошарик» номи билан машҳур ўта махфий атом сувости кемасидир.

У «Лошарик» номини 1971 йилдаги совет мультфильми қаҳрамони бўлмиш шишириладиган шарлардан ясалган тойчоқдан олган. АС-12 атом сувости кемаси бир-бири билан боғланган бир қанча титан сфералардан иборат.

АС-12 кемасининг техник маълумотлари махфийлаштирилган. Тахминларга кўра, унинг узунлиги 70 метрни, эни эса 7 метрни, тўла сув сиғими 2 минг тоннани ташкил қилади. Кема 6 минг метр чуқурликкача тушади ва сув остида 30 узел тезликда ҳаракатланади.