Иқтисодиёт | 13:56 / 06.07.2019
19245
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсишига нималар тўсқинлик қилмоқда?

Фото: Shutterstock

Таълим сифатининг пастлиги, янги иш ўринларини яратиш масаласи, бозор иқтисодиёти тизимига ўтиш жараёни, экологик муаммолар, жаҳондаги рақобат муҳити Ўзбекистонда барқарор иқтисодий ўсиш йўлидаги муаммолардир. Бу ҳақида миллий барқарор ривожланиш мақсадлари юзасидан БМТ вакилликлари, элчихоналар ва ҳукумат органларининг ҳамкорлик учрашувида маълум қилинди.

Ҳамкорлик учрашуви доирасида ҳукумат вакиллари Ўзбекистонда миллий барқарор ривожланиш мақсадларининг амалга оширилиши борасида бажарилаётган ишлар ҳақида маълумот берди, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти вакиллари эса ўз тавсияларини маълум қилишди.

Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги вакили Илҳом Маматқуловнинг баён қилишича, “Ўзбекистонни 2030 йилгача ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш” концепциясида миллий барқарор ривожланиш мақсадлари йўлида қилинадиган ишлар белгилаб олинган. Хусусан, бозор иқтисодиёти тизимига ўтишни тезлаштириш, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, ижтимоий ҳимоянинг самарадор механизмларини жорий қилиш, давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш, экологик сиёсатни тўғри олиб бориш каби вазифалар қўйилган.

БМТнинг ҳамкорлик дастурига асосан, 2030 йилгача барқарор ривожланиш мақсадлари ҳар бир шахснинг қизиқишини инобатга олиш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, гендер тенглиги ва аёллар учун имкониятларнинг кенгайтирилиши, ташқи таъсирларга чидамлилик, барқарорлик, ҳисобдорлик принциплари асосида амалга оширилиши лозим.

БМТ тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовсканинг қайд этишича, Ўзбекистонда давлат бошқаруви самарадорлигини таъминлаш учун ҳукумат қарорлар қабул қилишда маргинал гуруҳлар (турли ижтимоий гуруҳлар оралиғидаги шахслар жамоаси)нинг фикрлари ва эҳтиёжларини инобатга олиши лозим. “Шунингдек, ҳукумат тараққиёт дастури доирасидаги ҳамкорлари билан доимий равишда муҳокамалар ўтказиши, эришилган ютуқ ва камчиликларни таҳлил этиб, берилган тавсиялар асосида иш кўриши лозим”, ─ дейди Димовска хоним.

Димовсканинг қайд этишича, Ўзбекистонда турли ҳудудларда даромад кўрсаткичлари ўртасидаги сезиларли фарқ сақланиб қолмоқда. Ишчи кучининг арзон ва кўплигига қарамай, малакали мутахассисга бўлган талаб қондирилмаяпти. Сифат кўрсаткичларини белгилашдаги муаммолар мамлакатдаги кичик бизнес вакилларининг Европа давлатларига экспортни амалга оширишига салбий таъсир кўрсатяпти. Инвестицияни жалб қилиш ва кичик бизнес субъектларини ривожлантириш масаласи ҳудудларда инфратузилмани яхшилаш (энергия ва сув таъминоти, транспорт масаласи)га боғлиқ бўлиб қолмоқда.

БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Ҳелена Фрейзернинг қайд этишича, миллий барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда статистик маълумотларни аниқлик ва холислик принципи асосида жамлаш, натижалар мониторингини холис олиб бориш муҳим аҳамият касб этади.

Мавзуга оид