Америка Кубогининг учинчи ўрни учун Аргентина ва Чили ўртасида кечган баҳсни анча вақт эслаб юрадиган бўлишди - Лионель Месси ўйиннинг биринчи бўлимидаёқ четлатилгани учун.

Америка Кубоги
3-ўрин учун ўйин
Аргентина - Чили - 2:1 (2:0)
Голлар: Агуэро, 12 (1:0). Дибала, 22 (2:0). Видаль, 59 - пенальти (2:1). 
Аргентина: Армани, Фойт, Пеццела, Отаменди, Тальяфико, Паредес, де Пауль, Ло Сельсо (Фунес Мори, 90), Месси, Агуэро (Суарес, 81), Дибала (Ди Мария, 67).
Чили: Ариас, Диас, Медель, Хара (Марипан, 50), Исла, Пульгар, Видаль, Арангис (Кастильо, 83), Босежур, Варгас, Санчес (Фернандес, 17).
Огоҳлантиришлар: Босежур, 16. Видаль, 26. Пульгар, 45+1. Пеццела, 57. Паредес, 64. Фойт, 79. Тальяфико, 90+3. 
Четлатишлар: Месси, 37. Медель, 37. 

Аргентинанинг мотивацияси
Америка Кубогининг учинчи ўрни учун баҳс Аргентина терма жамоаси учун аҳамиятли эди. Чилиликлар икки марта Лионель Месси бошчилигидаги Аргентинани Америка Кубоги финалида мағлубиятга учратганди. Икки ўйинда ҳам асосий вақт 0:0 ҳисобида якунланган ва чилиликлар пенальтилар сериясида омадлироқ бўлишганди. 2015 йилги финалда Месси пенальтини аниқ амалга оширган ягона аргентиналик футболчи бўлганди, 2016 йилда эса «Барселона» ҳужумчиси «нуқта»да адашганди.

Бу сафарги Америка Кубогида Аргентинани мезбонлар - Бразилия терма жамоаси финалдан мосуво этди. Лео ва «альбиселесте»нинг бошқа юлдузлари Бразилияга қарши ўйиндан кейин ҳакамнинг қарорларидан норози бўлишди, яққол пенальти бериладиган вазиятларда ҳакамлар видеотакрорларга мурожаат этмаганига эътироз билдиришди.

«Ҳакамлар бу турнир давомида ўйинларда арзимаган вазиятларда VAR тизимидан фойдаланишди. Бугун эса ҳатто бу мосламани қимирлатиб қўйишмади. Ҳакамнинг барча аҳмоқона қарорлари Бразилия фойдасига бўлди. Карточкаларни фақат бизникиларга кўрсатишди. Бизнинг футболчиларга очиқчасига қўполликлар қилинди, ҳакам бу ҳолатларга кўз юмди. Бу ҳолат бутун ўйин давомида кузатилди - бизни ҳадеб ўйиндан чалғитишди. КОНМЕБОЛ бу ҳолат бўйича нимадир қилишга умид қилиш қолди, холос. Аммо бундай бўлмаса керак, ахир Бразилия бу ташкилотда жуда катта таъсирга эга», деганди ўйиндан кейин Месси.

Шундай экан, Чилига қарши ўйин арафасида аргентиналиклар етарлича мотивацияга эга эдилар.