Америка Кубоги. 1/2 финал
Аргентина — Колумбия — 1:1 (1:0). Пенальти — 3:2
Голлар: Л.Х.Мартинес, 7 (1:0). Диас, 61 (1:1).
Пенальтилар серияси: Куадрадо — 0:1. Месси — 1:1. Санчес — 1:1 (дарвозабон). де Пауль — 1:1 (хато). Мина — 1:1 (дарвозабон). Паредес — 2:1. Борха — 2:2. Л.Х.Мартинес — 3:2. Кардона — 3:2 (дарвозабон).
Аргентина: Э.Мартинес, Отаменди, Тальяфико, Пеццела, Молина (Монтиэль, 46), де Пауль, Ло Сельсо (Паредес, 56), Родригес, Месси, Л.Х.Мартинес, Гонсалес (Ди Мария, 67).
Колумбия: Оспина, Мина, Санчес, Тесильо (Фабра, 46), Муньос, Куадрадо, Куэльяр (Кардона, 46), Барриос, Сапата (Борха, 60), Борре (Чара, 46), Диас.
Огоҳлантиришлар: Ло Сельсо, 21. Куадрадо, 45. Фабра, 55. Борха, 63. Монтиэль, 72. Муньос, 75. Кардона, 86. Родригес, 87. Барриос, 88. Пеццела, 90.
Ҳакам: Валенсуэла (Венесуэла).
7 июль. Бразилиа. Миллий стадиони.
«Ҳамиша айтиб келаман, индивидуал совринлар иккинчи даражада, биз бу ерга бунинг учун келмаганмиз», — дея қайд этди яримфинал ўйини арафасида Месси. Лео ниҳоят терма жамоа билан нимадир ютишга қатъий бел боғлаган, қолаверса, бу сафарги Америка Кубоги — унинг орзусини амалга ошириш учун сўнгги имкон. Афтидан, у «Барселона»да нималар бўлаётганига эътибор ҳам бермаяпти, каталонияликлар ўтган мавсумни маошлар ведомостидаги муаммо билан якунлаган ва энди янги харид қилинган футболчиларни рўйхатдан ўтказиш учун харажатларни 200 миллион еврога қисқартириш зарурати юзага келган. У билан шартнома янгиланиши учун кўк-анорранглилар Пьянични текинга қўйиб юборишлари ва ҳатто Гризманни сотишга тўғри келиши мумкин. Луис Суарес билан бўлган воқеадан кейин бундай қарорлар янада ғалати кўриниши табиий. Айниқса, АПЛда ёмон мавсум ўтказган ва ҳозирда терма жамоада ҳам захирада қолиб кетаётган Агуэро олиб келинган ҳолатда.
Лионель Скалони тажрибали форвардга гуруҳ ўйинларида ва плей-оффнинг илк ўйинида имкон берди, аммо барибир Лаутаро Мартинес номзодида тўхталди. «Интер» форварди Мората услубида вазиятларни йўққа чиқара бошлагач, асосий таркибдан чиқиб қолаётганди. Аммо босқичма-босқич аввалги ҳолатига қайтди ва қаторасига учинчи ўйинда гол урди, чоракфиналда бўлгани каби унга голли узатмани яна Месси берди. У жарима майдонида туриб Ло Сельсонинг узатмасини қабул қилди ва бир финт билан Минани машғулот манекенига айлантириб, тўпни дарвоза қаршисида зарба беришга тайёр турган Лаутарога ташлаб берди.



















