Суд ҳужжатлари барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролар учун мажбурийдир ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ижро этилиши шарт. Ушбу қоида бош қомусимиз Конституциямизнинг 114-моддаси, «Судлар тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддасида қатъий белгилаб қўйилган. Бироқ бу нормани тушуниш кимлар учундир ҳали ҳануз мураккаблик қилмоқда, назаримизда. Таҳририятга йўлланган навбатдаги мурожаатда суднинг қарори ижро этилмаётганлиги ҳақида баён этилади.
Биз ушбу мурожаатлар изидан Хазрати Лутфуллоҳ юрти саналмиш Чуст тумани томон равона бўлдик. Бу ерда мурожаат эгаси Усубжон Хамдамовнинг хонадонида бўлиб, масала юзасидан суҳбатлашдик. Даставвал унинг сўзларини келтириб ўтишни лозим топдик.

«Ўз аризангиз билан ерингизни олиб қўямиз»
«2003 йил «Кўпайсин ая» номли пахта-ғалла йўналишида фермер хўжалиги ташкил қилганмиз. Отам Умаржон Хамдамов шу ерларда 30 йил меҳнат қилган. Замон ўзгариб ер фермерга тегди. Биз ҳам ўз фермер хўжалигимизни ташкил қилдик. Бизга берилган ер жуда қаровсиз, абгор ҳолда бўлган. Бу жойга қарадик, ўз техникаларимизни ташкил қилдик. Берилган режаларни бажариб, меҳнат қилиб келар эдик. 2009 йил ноябрь ойида отам йиғилишга деб чиқиб кетди. Қайтиб келиб, «Ўғлим, еримизни олиб қўйишди» деди. Бир неча марта мурожаат қилсак, бу масалада Вазирлар Маҳкамаси қарори чиққанлигини айтишди. Биз ишонмай роса мурожаатлар билан «ёзди-ёзди»лар қилдик. Президент девонига, Бош прокуратурага ёздик. Давлат режаларини бажарганимизни айтдик. Президент девони аризамизни қайтариб ҳокимиятига жўнатди. Ҳокимиятдагилар «ўз аризангиз бор экан» деган важни келтиришди. Биз ҳайрон бўлиб қолдик. Ўша аризани қидириб топгандик, не кўз билан кўрсакки, бошқа муҳр, бошқа имзо... Прокуратурага ёзгандик. Прокуратура ички ишларга берди. Ички ишлар берилган ариза қалбаки деб, бизга туман маъмурий судга ёзишимизни тушунтиришди. Шундай қилиб судга ариза берадиган бўлдик» дейди чустлик деҳқон.

Суд қарори бор, аммо ижро йўқ
«Ўтган йилнинг февралида суд ишни кўриб чиқишни бошлади. Аввалига тарафлар келсин деди. Суднинг кейинги мажлисларида ҳам ерни янги олган фермер келмади ва суд ўша фермер иштирокисиз қарор чиқарди. Биз судда ютиб чиқдик. Кейин фермерлар кенгаши ерни олган янги фермерни ҳимоя қилиб кассация шикоятини берди. Кассация суди ишни бошидан бошлаш учун Попдаги судга жўнатди. Поп суди ҳам ўтган йили июнь ойида бизнинг фойдамизга қарор чиқарди. Ҳоким қарорини ҳақиқий эмас деб топди. Ариза сохта бўлиб чиқди. Аммо қарор ижросини яна ҳокимиятга берди. Ижродан эса дарак йўқ. Орада отамнинг соғлиғи ёмонлашди. Инсултни бошидан кечирди. 2 нафар фарзандим бор. Ишлашим керак-ку. Ижрони кутиб юрдим. Кейин бош прокуратурага чиқдим, Омбудсманга чиқдим. Президент портали, Олий суд, Адлия вазирлигига ёздим. Масала ҳал бўлишидан дарак йўқ» дейди Усубжон Хамдамов.






















