Жамият | 19:55 / 08.07.2019
19164
6 дақиқада ўқилади

«Ўйиндан ўт чиқди» ёхуд замона ёшлари Геростратга ҳавасмандми?

Халқимизда «ўйиндан ўт чиқади» деган доно нақл бор. Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда «обуначи» йиғиб, машҳурликка эришмоқчи ва бунинг ортидан даромад орттирмоқчи бўлган «ишбилармон» ёшлар пайдо бўлди. Ачинарлиси, уларнинг машҳурликка эришиш учун танлаган йўлни (ёки усули) на ақл, на фикр на мантиқ тарозиси билан ўлчаб бўлмайди. Қисқача айтганда, ақлга сиғмайди - куракда турмайди.

«Пранк» видеолар (тармоқ ҳазили) инсоннинг ички дунёси, у яшаётган тарбиявий муҳитни ифода этади. Демак, мамлакат ёшларининг қилаётган ишларидан, улардаги тарбиявий муҳитга баҳо берсак ҳам бўлади.

Шу йилнинг 25 май куни Тошкент метросида лицей битирувчилари бўлган уч нафар ўсмир пиротехника буюмлари билан майда безорилик содир қилган эди. Улар «пранк» видео тайёрлаб, интернетга жойлаш орқали саҳифа аъзолари сонини кўпайтириш ва пул ишлаш мақсадида метро поезди «Бодомзор» бекатига келиб тўхтаганида петардалар солинган сумкага ўт қўйиб, ҳолатни видеога олишган ва сумкани ташлаб қочишган эди. Вагондаги олов тезда бартараф этилган, безориларга эса қонун доирасида чора кўрилганди.

Июнь ойида телеграмда танасини аланга қоплаган йигит кўприкдан ўзини сувга отгани акс этган видео тарқалганди. Маълум бўлишича, Урганчда ёшлар ўртасидаги баҳсдан сўнг йигитлардан бирига бензин қуйиб, ёқиб юборилган, у ўзини сувга отган.

Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан аниқланишича, видеода иштирок этган тўрт йигит ҳам Хоразм вилоятида яшайди, улардан бири 1992 йилда, қолган уч нафари эса 1999 йилда туғилган. Видеода қайд этилган ҳолат 18 июнь куни Урганч шаҳридан оқиб ўтувчи Шовот канали устидаги пиёдалар ўтиш кўпригида содир бўлган.

Танасида ёниб турган олов билан сувга сакраган шахс 19 июнь куни шифохонага мурожаат қилган, унга «оловдан чап қўл елка, бўйин, иккала курак ва бел соҳалари I-II-IIIА даражали термик куйиш. С-20%. Куйиш касаллиги, куйиш шоки ўрта оғир даражаси» ташхиси қўйилиб, тиббий ёрдам кўрсатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Урганч шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

5 июль куни эса интернетда Самарқандда тиббий ниқоб кийган ўспирин йигит бекатда трамвайга югуриб кириб, йўловчиларнинг юзига номаълум суюқлик сепиб қочиб кетгани акс этган видео хабар тарқалди. Видеода трамвай йўловчилари ваҳимага тушиб, трамвайдан югуриб тушиб кетгани тасвирланган, дастлабки хабарларда трамвай ичидагиларнинг бир неча нафари ҳушини йўқотгани айтилганди.

Кейинроқ бу ҳолат бир неча ўсмир томонидан саҳналаштирилгани, трамвай ичидагилар маълум бўлди.

Суриштирув ишлари жараёнида маълум бўлишича, мазкур видеони С.М. ўзининг iPhone русумли мобил телефони орқали интернет тармоқларига тарқатиб, ижтимоий тармоқларда «пранк» қилмоқчи бўлгани аниқланган.

Самарқанд шаҳар ички ишлар бошқармаси маълумотига кўра, воқеа 2019 йил 4 июль куни содир бўлган. Соат 19:40 атрофида Самарқанд шаҳридаги 1-трамвай йўналишининг чой фабрикаси бекатида 2003 йилда туғилган, Самарқанд шаҳридаги 33-умумтаълим мактаби 8-синф ўқувчиси йўловчиларнинг юзига номаълум суюқлик сепиб қочган. Аслида унинг қўлидаги  ҳавони тозаловчи восита бўлган, трамвай ичида гўёки ҳушдан кетиб йиқилган болалар эса аввалдан режалаштирилганидек актёрлик қилишган.

Олиб борилган тезкор суриштирув ишлари натижасида барча иштирокчилар мактаб ўқувчилари экани аниқланган. 7, 8, 9 ва 11 синф ўқувчилари бўлган бу болалар видеони ижтимоий тармоқлар орқали тарқатган.

Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси ушбу воқеа юзасидан муносабат билдирган. «Ҳолат ёзги таътил даврида содир бўлгани учун мактаблар маъмуриятига чора кўрилмаган бўлиб бу даврда масъулият ота-оналарнинг зиммасида ҳисобланади», дейилади бу муносабатда.

Ўқувчилар ҳаммадан узр сўрашган.

Бу воқеага алоқадор ўқувчиларга психологлар бириктирилган.

Ушбу вояга етмаган ёшларнинг қилмиши юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Булар оддий «пранк»ми? Ҳаёт фақат ўйин-кулгидан иборатми?

Касални даволагандан кўра, унинг олдини олган афзал эмасми? Юқоридаги каби нохуш ҳолатлар хулоса чиқариш учун бир сигнал вазифасини ўтаб берди. Шу ўринда ота-оналарга ҳам илтимос бор. Фарзанд сизники. У дунёга келишига сабабчи бўлдингизми, энди ўз вазифангизни охиригача етказиб қўйинг. Уларнинг юриш-туриши, тарбияси, ахлоқига сиз жавобгарсиз. Фарзандингизга яхши ниятда олиб берган телефонингиз фақат яхшиликка хизмат қилишини назоратга олинг.

Хулоса ўрнида ёшларга ҳам айтар гапимиз бор. Машҳурликка эришиш учун Қадимги Юнонистонда машҳур бўлиш орзусида ибодатхонага ўт қўйган Герострат тутган йўлни танламанг. Ўйиндан ўт чиқиб нафақат ўзингизга, ота-онангизга балки яқинларингизга, умуман барчага жабр қилманг.

Мавзуга оид