Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг ярим йиллик ҳисоботи эълон қилинди
8 июль куни Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси журналистлар иштирок ўтказилган матбуот брифингда ярим йиллик ҳисоботини эълон қилди.
Қўмита раиси, сенатор Муҳамет Жумагелдиевнинг қайд этишича, ўтган олти ой давомида қўмита томонидан 27 тадан ортиқ масала муҳокама қилинган. Уларнинг асосий бештаси қўмита фаолиятига алоқадор қонунлардир.
Жумагелдиев баъзи қонунларга киритилган ўзгариш ва қўшимчалар хусусида брифинг давомида тўхталиб ўтди.
— Ҳукуматни шакллантириш тартиби, демократлаштирилиши ва унинг масъулиятини кучайтириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунига асосан Вазирлар Маҳкамаси аъзоси лавозимига тавсия этилаётган номзоднинг Олий Мажлис қонунчилик палатаси ва Раис олдида ҳисобот бериб, депутатлар томонидан уларнинг олдига қўйилган вазифалари бўйича режалари эшитилади.
Шундан кейин маъқуллаш ижобий бўлса, Вазирлар Маҳкамаси номзодни белгиланаётган лавозимга тайинлаши мумкинлиги тўғрисида ўзгариш киритилди. Шунингдек, ушбу қонундан кейин Вазирлар Маҳкамаси, бош вазир, ҳукумат аъзолари ва вазирлар Олий Мажлис палаталари олдида ҳисобот берилиши ҳам белгилаб қўйилди, — дея таъкидлади сенатор.
«Ҳеч қайси давлатда барча лойиҳалар тўлиғича давлат томонидан молиялаштирилмайди»
Бундан ташқари, қўмита раиси ўз ҳисобот нутқида учта янги қонун қўмита томонидан кўриб чиқилганини ва ялпи мажлис муҳокамасига киритилганини айтди. У «Давлат хусусий шериклик тўғрисида», «Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида»ги, «Ҳисоб палатаси тўғрисида»ги қонунлар ишлаб чиқилиши, аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтди.
«Шуни таъкидлаш керакки, ҳеч қайси давлатда барча лойиҳалар тўлиғича давлат томонидан молиялаштирилиши ва маблағ билан таъминланиши амалга оширилмайди. Чунки барча лойиҳаларнинг давлат томонидан таъминланишининг ўзи ҳам муаммо. Яъни ҳар бир давлатда амалга ошириладиган лойиҳалар кўплиги ва маблағнинг етарли эмаслиги сабабли айнан давлат-хусусий шериклик асосида амалга ошириладиган лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга эътибор қаратилади.
Асосан ижтимоий соҳаларда бўладиган, давлат томонидан ажратиладиган маблағларда катта стратегик лойиҳаларни амалга оширишда кўпчилик давлатларда давлат-шериклик асосида лойиҳалар амалга оширилади. Бу дегани давлатнинг ажратиши керак бўлган маблағларининг бир қисмини хусусий шериклар ўз зиммасига олади. Бизда ҳам бу бўйича ҳаракатлар бошланган».
«Энергия манбаларининг 3 фоизини қайта тикланувчи энергия ҳисобидан амалга ошириляпти»
Сенатор қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги қонунни шу соҳадаги таянч меъёрий ҳужжат бўлишига эътибор қаратди.
«Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қабул қилиниши иқтисодиётда энергиявий ресурслар сарфини камайтиришга, ишлаб чиқаришда энергия тежовчи технологияларни кенг жалб этиш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтиришга доир қонуний шарт-шароитлар ушбу қонун билан белгиланади.
Европа ва бошқа ривожланган давлатларда жами ишлаб чиқарилаётган энергиянинг 50-60 фоизи қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобига тўғри келади.
Бизда ишлаб чиқарилаётган энергия манбаларининг 3 фоизини қайта тикланувчи энергия ҳисобидан амалга ошириляпти», — дея қайд этди сенатор.
Шунингдек, Ҳисоб палатасининг 2002 йилда ташкил этилгани, шу пайтгача унинг фаолиятини тартибга солувчи ягона қонун бўлмагани ва бу Президентнинг қарор, фармонлари ва органнинг ички низоми бўйича фаолият юритиб келгани брифингда айтилди. «Ҳисоб палатаси тўғрисида»ги ушбу қонун соҳадаги ҳуқуқий меъёрларни тартибга солиши таъкидланди.
«Ҳисоб палатаси тўғрисида» ги қонун ҳисоб палатасининг ҳуқуқий асосини тартибга солишга молия ва бюджет муносабатларини режалаштириш ҳамда такомиллаштириш бўйича давлат сиёсатини таъминлашга, Ҳисоб палатаси фаолияти соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларини такомиллаштириш орқали унинг фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича ҳуқуқий шарт-шароитларни яратишга, Ўзбекистон Республикаси молия тизими ишончли фаолият кўрсатишга, бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш устидан назоратни таъминлашга, оддий даражадаги ташкилот доирасида эришилган битим ва шартномалар, давлат дастурлари ва ҳудудий режалаштириш дастурларининг бажарилиши устидан назорат олиб боришга қаратилган», — деди сенатор Муҳамет Жумагелдиев.
Авваллари Ҳисоб палатаси фақат бюджет тушумлари ва харажатларни назорат қилиш билан шуғулланган бўлса, охирги 2 йил давомида унинг фаолият доираси кенгайтирилиб, уларга жуда кўп вазифалар, айнан давлат дастурларининг ижроси, ҳудудий дастурларнинг ижроси, Вазирлар Маҳкамаси ва Президент қарорлари ва топшириқларининг ижросини жойларда назорат қилиш юклатилгани қўшимча қилинди.
Қўмита раиси, сенатор Муҳамет Жумагелдиев «Суғурта фаолияти тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрир лойиҳаси тайёрлангани ва тегишли вазирлик ва хизматлар томонидан томонидан кўриб чиқилаётганини ҳам маълум қилди.
Мавзуга оид
13:56 / 19.11.2024
Танзила Норбоева Сенат раиси лавозимига қайта сайланди
12:40 / 19.11.2024
2025 йилда туман ва шаҳарлар бюджетлари 1,5 баробарга ошади
12:27 / 19.11.2024
Маҳаллий кенгашлар ҳар ярим йилда матбуот анжумани ўтказиши керак — президент
12:11 / 19.11.2024