«Ҳокимга маҳалла раисини бўшатишга ким ҳуқуқ берди?» — Президент фармони ижроси юзасидан брифинг ўтказилди
Бугун, 9 июль куни президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммунакациялари агентлигида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 апрелда қабул қилинган «Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқейини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ижроси юзасидан брифинг ўтказилди.
Унда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши бошқаруви раиси Шавкат Жавлонов, кенгаш ижро аппарати ходимлари, фуқаролар йиғинлари раислари ва журналистлар иштирок этишди.
Маълум қилинишича, жорий йилда бўлиб ўтган сайловлар натижасига кўра, 9093та маҳаллага раислар сайланган ва уларнинг 60 фоизидан ортиғи янги раислардир. Уларнинг 11,6 фоизи ёки 1025 нафари аёллар. Раислар орасида собиқ педагоглар кўпчиликни ташкил қилгани ҳолда пенсияга чиққан ҳуқуқни муҳофаза қилиш хизматлари ходимлари ҳам анчагина (17 фоиз).
Соҳада 22 минг нафардан ортиқ ходим доимий асосда маош олиб ишлаётган бўлса, 2,5 млн нафардан ортиқ кўнгиллилар жамоатчилик асосида ишлайди.
Республика кенгаши бошқаруви раиси Шавкат Жавлонов ҳудудларда маҳаллий ҳокимликларда ҳамон маҳалла раислари ва фаоллари ўзларига алоқадор бўлмаган ишларга жалб қилиш ҳолатлари кўплигини таъкидлади.
Ҳолбуки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) кенгашлари ҳамда фуқаролар йиғинлари ходимларини уларнинг вазифалари ва фаолият йўналишлари билан боғлиқ бўлмаган йиғилишлар ва бошқа тадбирларга жалб қилиш, уларнинг фаолиятига асоссиз аралашиш, тааллуқли бўлмаган вазифаларни юклаш, шунингдек фуқаролар йиғинлари балансида бўлган биноларни бошқа шахсларга бириктириш ёки асоссиз равишда олиб қўйиш тақиқланади.
«Оддий мисолга эътибор беринг, Андижондаги бир маҳалла раиси малака ошириш учун Тошкентга чақирилган. Раис ўқишда пайти туман ҳокими уни ноқонуний равишда бўшатиб, ўрнига бошқа ҳудуддан бир кишини раис қилиб тайинлаяпти. Ахир раис тайинланмайди, сайланади. Уни сайлашнинг ўз тартиби бор. Ҳокимга бундай қилишга ким ҳуқуқ берди? Амалдаги қонунни бузишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ», дея мисол келтирди Шавкат Жавлонов.
Юқоридаги фармондаги энг муҳим янгиликлардан бири бу фуқаролар йиғинлари раислари ва масъул котиблари ойлик иш ҳақи фондининг жорий йилда 1,5 бараварга оширилиши бўлди.
Фуқаролар йиғинлари, уларнинг ходимлари ва жамоатчилик асосида фаолият юритаётган шахслар фаолиятини рейтинг баҳолаш мезонлари асосида рағбатлантириш тартиби ишлаб чиқилди.
Жорий йил 6 ойи давомида 309та фуқаролар йиғини биноси таъмирланди, 89таси реконструкция қилинди, 146таси янги қурилди, 79та «Маҳалла марказлари» барпо этилди.
Мавзуга оид
08:50 / 21.09.2024
«Очиқ бюджет» порталида «Маҳалла бюджети» бўлими ишга тушди
19:47 / 25.06.2024
Ҳовли уйлардан иборат маҳаллаларда сервис компаниялари ташкил этилади
08:59 / 27.05.2024
Ўзбекистонда “Маҳалла ҳуқуқшуноси” лойиҳаси амалга оширилади
12:29 / 23.05.2024