Ўзбекистон Республикаси Президенти “Олий ва ўрта махсус таълим тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.
Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг асосий вазифалари этиб белгиланди:
олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими соҳасида замонавий билим ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлашга қаратилган ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;
замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва чет тилларини чуқур ўзлаштирган кадрларни тайёрлашнинг юқори даражаси ва сифатини таъминлаш;
идоравий мансублигидан қатъий назар барча олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш, ўқув-педагогик ва илмий-услубий раҳбарликни амалга ошириш, мутахассислар тайёрлаш сифати, таълим мазмуни ва даражасининг давлат таълим стандартлари ва малака талабларига мослигини таъминлаш;
таълимнинг янги педагогик технологиялари ва ўқитиш услубларини жорий этишнинг халқаро амалиётга мувофиқ таълим жараёнини ташкил этиш, ўқув режалари ва фан дастурларини такомиллаштириш, ўқитишнинг замонавий шакллари ва ахборот-коммуникация технология воситаларини жорий этган ҳолда ўқув жараёнини сифат жиҳатидан янгилаш;
иқтисодиёт тармоқлари, фан ва ижтимоий соҳани ривожлантириш эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда таълим йўналишлари ва мутахассисликларини оптималлаштириш, ишлаб чиқариш ва бошқа корхоналарда талабалар амалиётини ташкил этиш;
олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг маънавий-ахлоқий мазмунини кучайтириш, ёшларни мустақиллик ғояларига садоқат, миллий қадриятларга ҳурмат, инсонпарварлик ва юксак маънавий ғоялар асосида ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ёт ғоя ва мафкураларга қарши иммунитетни мустаҳкамлаш;
олий таълим муассасаларида илмий-тадқиқот ишларини самарали ташкил этиш, тадқиқот натижаларини амалиётга кенг жорий этиш, илмий ишланмаларни тижоратлаштириш, олий таълим, фан ва ишлаб чиқаришнинг ўзаро мустаҳкам интеграциясини таъминлаш, илмий-тадқиқот ишларига иқтидорли ёшларни кенг жалб этиш ҳамда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;
таълим муассасаларини зиммасига юкланган вазифаларни юқори профессионал даражада бажаришга қодир раҳбар ва педагог кадрлар билан таъминлаш, уларни тизимли рағбатлантириш чораларини кўриш;















