Европа Иттифоқи Туркияга қарши санкциялар киритиши мумкин
Европа Иттифоқи Туркия Кипр сувларида газ конларини ноқонуний қидираётгани сабабли Анқара билан савдо музокараларини тўхтатади ва Туркияга кейинги йилга мўлжалланган молиялаштиришни музлатади. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар берди.
Агентлик маълумотларига кўра, бу қарор ҳали қайта кўриб чиқилиши мумкин ва Брюсселда муҳокама қилинмоқда. “Туркия ноқонуний бурғилашни давом эттираётгани сабабли Европа Иттифоқи Анқара билан транспорт келишуви бўйича музокараларни тўхтатади ва у билан олий даражада бошқа ҳеч қандай учрашув ўтказмаслик бўйича келишмоқда”, дейилган хабарда.
Шунингдек, агар Туркия бурғилашни давом эттиргудек бўлса, Европа давлатлари унга қарши янада қатъийроқ санкциялар киритишга тайёр.
Номаълум бўлиб қолишни истаган европалик дипломат агентлик билан суҳбатда Европа Иттифоқи баёноти бўйича хавотир билдирган. Унинг таъкидлашича, бу масалада эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилинмоқда, чунки Европа Иттифоқига Туркия билан миграция, НАТО ва террорчилик масалалари бўйича кооперация зарур. У, шунингдек, Европа Иттифоқининг баъзи давлатлари Туркияга энергетика масалаларида тобе эканлигини айтган ва катта кўламли иқтисодий санкциялар жорий қилинмаслигини таъкидлаб ўтган.
Кипр ороли иккита давлатга бўлинган. Улардан бири – Кипр Республикаси Европа Иттифоқи аъзоси, Шимолий Кипр Турк республикаси деб аталувчи иккинчиси эса фақатгина Анқара томонидан тан олинган мустақил давлат ҳисобланади. Бу давлат Туркия 1974 йилда оролга қўшинлар юбориб, улар оролнинг учдан бирини эгаллаб олганларидан кейин ташкил топган.
Мавзуга оид
18:56
ЕИ Хитой компанияларидан ишлаб чиқаришларини Европага жойлаштиришни талаб қилади
10:05 / 17.11.2024
Трампнинг қайтиши: Украина масаласида АҚШ ва Европанинг позицияси бўлинадими?
18:17 / 08.11.2024
АҚШ ортидан Британия ҳам Ўзбекистоннинг Uzstanex компаниясига қарши санкция киритди
17:48 / 06.11.2024