Иқтисодиёт | 19:00 / 15.07.2019
9978
8 дақиқада ўқилади

Иқтисодий ишлар бўйича судда соддалаштирилган тартибда иш юритиш – ҳақиқатдан ҳам соддами?

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий-процессуал кодекси (кейинги ўринларда ИПК)га киритилган қўшимча ва ўзгартиришлардан юрисконсульт сифатида ишимиз осонлашишидан хурсанд бўлдик.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг «Мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилингани муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 22.02.2019 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 28.02.2019 й. маъқулланган) билан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий-процессуал кодексига 5та моддадан иборат «Соддалаштирилган тартибда иш юритиш» деб номланган 231-боб билан тўлдирилди.

Мазкур қўшимчаларга кўра, эндиликда агар даъвонинг баҳоси юридик шахсларга нисбатан - энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма бараваридан, якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан эса - беш бараваридан ошмаса, даъво аризалари бўйича ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши лозим.

Ушбу ўзгартиришлар киритилгунига қадар эса, даъво ишлари даъво суммасидан қатъи назар даъво ишларини юритишнинг умумий қоидалари бўйича амалга ошириб келинган эди.

Қонун амалга киритилганига 4 ойдан ортиқ вақт ўтди ва қонунни амалда қўллаш давомида ўзининг хато ва камчиликларини намоён қила бошлади ёки соддалаштирилган тартибда иш юритишнинг соддалиги шубҳа остида қолди.

Сабаби, биринчидан, ўзгартириш киритилгунига қадар ИПКнинг 149-моддасига кўра, даъвогар даъво тақдим этганда жавобгарга ва учинчи шахсларга даъво аризасининг ва унга илова қилинган, ушбу шахсларда мавжуд бўлмаган ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини юбориши шарт эди. Кўчирма нусхалар почта орқали буюртма хат билан жўнатилар ва бу ҳақдаги почта квитанцияси даъво аризасига илова қилинар эди, холос!

Энди-чи? Энди, соддалаштирилган тартибда иш юритишда судга топшириш учун даъво аризасига ИПКнинг 151-моддасида назарда тутилган ҳужжатлар илова қилиниши билан бир қаторда, даъво аризасига даъво аризасининг ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари жавобгарга топширилгани ҳақида далиллар илова қилиниши белгиланди.

Ҳамма муаммо шундан кейин бошланди. Жавобгарга топширилгани ҳақидаги далиллар деганда биз нима тушунамиз? Жавобгарга шахсан етказиб бериб, даъво ариза нусхасига уни қабул қилгани тўғрисида имзо қўйдириб, муҳр билан тасдиқлатиб олиш керакми ёки ҳужжатлар нусхасини буюртма хат орқали топширилгани тўғрисида хабарноманинг ўзи етарлими?

Унисиям, бунисиям даъвогар учун жуда ноқулайликларни келтириб чиқармоқда. Масалан, даъвогар Тошкент шаҳрида, жавобгар эса пойтахтдан узоқ бўлган вилоятлардан бирида жойлашган бўлса, унда даъвогар юзлаб километр йўл юриб, ўша вилоятга бориб, жавобгарни излаб, агарда биринчи куннинг ўзиёқ жавобгарни топа олса, унга даъво аризасини топшириб, агарда жавобгар даъво аризани олишдан бош тортса, холис топиб келиб, бу ҳақда баённома расмийлаштириб, кейин қайтиб келиб, судга аризани топшириши керакми?

Ёки, даъвогар жавобгарга даъво аризаси ва унга илова ҳужжатларни почта орқали буюртма хат билан юбориб, хат топширилгани тўғрисидаги хабарномани кутиб ўтириши керакми? Бу кутиш муддати ҳозирда энг камида 20 кунни ташкил қилмоқда.

Иккинчидан, юқоридаги ҳолатдан ҳам қизиғроғи, бир амаллаб даъво аризани судга топшириб ҳам олдик. Эндичи, энди даъвогарга нима тўсқинлик қиляпти дейсизми? Йўқ, ҳеч қандай тўсқинлик йўқ, фақат озгина қоғозбозликни айтмаса!

ИПКнинг янги киритилган 2035-моддасига кўра, соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича қайси ҳал қилув қарори қонуний кучга киргунига қадар (яъни 10 кун ичида) ихтиёрий тартибда ижро этилмаган бўлса, ўша ҳал қилув қарори тарафларнинг илтимосномаси бўйича суд томонидан бериладиган ижро варақаси асосида ушбу Кодекс V бўлимининг қоидаларига биноан, суд харажатларини ундиришга тааллуқли қисми эса суд ташаббуси билан мажбурий ижро этилиши лозим.

Жумладан, суд ҳал қилув қарори қабул қилиб, тарафлар (даъвогар (аризачи) ва жавобгар)га унинг нусхасини жўнатади. Ҳал қилув қарорини олганидан сўнг у қонуний кучга киргунига қадар даъвогар жавобгардан ҳал қилув қарорини ихтиёрий ижро этишини кутиб ўтиради.

Мана, ҳал қилув қарори қонуний кучга кирди ва жавобгар ўз ихтиёри билан уни ижро қилмади. Энди, даъвогар яна судга илтимоснома билан чиқиб, суддан жавобгар ҳал қилув қарорини ихтиёрий ижро қилмаганини, шунинг учун ижро варақа беришни сўрайди ва шундан кейингина даъвогар, насиб бўлса, ижро варақа олади.

Бунинг нимаси ёмон дейишингиз мумкин. Соддалаштирилган иш юритиш тартиби жорий этилгунига қадар эса, ҳал қилув қарори қабул қилинганидан сўнг, у қонуний кучга кирганидан кейин суд ижро варақани даъвогарга шахсан топширар ёки почта орқали юборар эди, яъни суд битта ижро варақада даъвогар фойдасига ундирилиши керак бўлган барча суммаларни кўрсатар эди, ҳозиргидек, фақат суд харажатларини эмас. Энди эса, суд олдин суд харажатларини ундириш бўйича ижро варақа чиқаради, кейин тарафлар илтимос қилганидан кейингина, асосий қарздорлик бўйича ижро варақа чиқаради. Бунинг ҳаммаси, қоғозбозлик ва вақт дегани эмасми?

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни шошма-шошарлик билан қабул қилмасдан, аввал ҳуқуқий экспериментдан ўтказиш, эксперимент давомида аниқланган таклифларни инобатга олган ҳолда қонунни қабул қилиш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бунақада умуман норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилмасдан, фақат экспериментдан ўтказиб ўтирамиз дейсизми? Ҳа албатта, зеро, шошма-шошарлик билан қабул қилиб қўйиб, кейин муддатини узайтириш ёки бекор қилишдан кўра, яхшироқ йўл деб ўйлайманда.

Хулоса ўрнида айтмоқчиманки, юқоридаги соддалаштирилган тартибда иш юритишнинг мураккабликлари ҳали кўп муддат ўтмаган бўлса-да судга даъво ариза билан мурожаат этувчиларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда, бундай мураккабликларни айланиб ўтиш учун тарафлар нималар ўйлаб топишларини тахмин қилиш эса, қийин эмас, масалан, даъвонинг баҳосини сунъий равишда энг кам ойлик иш ҳақининг беш ёки йигирма бараваридан ошириб кўрсатиш ҳолатларига йўл қўйиши мумкин ва ҳоказо.

Айтишингиз мумкин, шунча муаммони ўйлаб топибсан, уни ечими ҳам борми деб, албатта бор, унинг ечими соддалаштирилган тартибда иш юритишни тарафлар учун мажбурий эмас, балки ихтиёрий қилиш керак. Кимнинг вақти бемалол бўлса, марҳамат, шошмасдан, даъво ариза тайёрлаб, унинг нусхасини жавобгарга шахсан олиб бориб бериб ёки почта орқали жўнатиб, хабарнома келишини кутиб, кейин низони суд орқали қилаверсин, лекин кимдир буни хоҳламаса, уни бунга мажбурламаслигимиз керак, умумий тартибда даъво билан мурожаат қилаверсин.

Яъни, агар даъвонинг баҳоси юридик шахсларга нисбатан — энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма бараваридан, якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан эса — беш бараваридан ошмаса, даъво аризалари бўйича ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши «лозим» деб эмас, балки «мумкин» деб ўзгартирсак кифоя, муаммо ҳал бўлади.

Вақтнинг ўзи, қайсидир нормани ўз-ўзидан ишламайдиган қилиб қўяди ва бекор қилишга маҳкум этади.

Бахриддин Бобокелдиев

ҳуқуқшунос