Жамият | 18:30 / 26.07.2019
18679
6 дақиқада ўқилади

Бизнес, инсон ҳуқуқлари ва хавфсизлик: Ўзбекистонликлар прописка масаласида ўз муносабатларини билдиришди

Мана бир неча йилдирки, ўзбекистонликлар пойтахтда прописка қилиниш масаласини фаол муҳокама қилиб келишади.

Мавзунинг долзарблигидан келиб чиқиб, Kun.uz «Сизнинг фикрингиз» Telegram-каналида экспресс-сўров ўтказди. Сўровда жами 4 061 киши қатнашди. Сўров иштирокчилари Ўзбекистонда прописка тизимидан воз кечиш пайти келдими, деган саволга жавоб беришди.

Иштирокчиларнинг жами 69 фоизи прописка институтига қарши фикр билдирди. Аксарият респондентлар (31 фоиз) прописка мамлакат ривожига халақит беряпти, деб ҳисоблайди. Дарҳақиқат, у қайсидир маънода ички миграцияга халақит бермоқда. Масалан, пойтахтда пропискаси бўлмаган шахс Тошкентда ўз бизнесини очиши амримаҳол. Вилоятлик тадбиркорлар Тошкентдан кўра Қозоғистон ёки Россияда ўз бизнесини очиш енгилроқ эканлигини таъкидлашмоқда. Бундан ташқари, қонунчиликдаги сўнгги ўзгаришларга қарамасдан, Тошкентда пойтахт пропискасисиз иш топиш қийин.

Сўровда қатнашганларнинг 26 фоизи прописка – инсон ҳуқуқ ва эркинликлари бузилиши эканлигини таъкидлаган. 

Шу билан бирга, респондентларнинг 12 фоизи прописка бизнесга айланиб кетяпти деган фикрда.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирда ўзбекистонликлар пойтахтдан қимматбаҳо янги хонадон сотиб олиб доимий прописка олиши мумкин. Иккиламчи бозор эса прописка учун бутунлай ёпиқ. Шу сабабли кўпчилик Тошкентда бир неча йилдан бери яшаётган бўлса ҳам, вақтинчалик ҳисобга туришга мажбур.

Norma’нинг ёзишича, қарорга мувофиқ, Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий пропискага эга бўлмаган жисмоний шахслар фақат янги қурилган кўчмас мулкни банк ҳисобварақлари орқали ҳисоб-китоб қилиш йўли билан сотиб олишлари ва давлат рўйхатидан ўтказишлари мумкин.

Бунда пойтахт ва вилоятда янги қурилган кўчмас мулк сотиб олган, доимий пропискага эга бўлмаган жисмоний шахслар олди-сотди шартномаларини тасдиқлаганлик учун шартнома суммасининг 5 фоизи, бироқ 10 ЭКИҲдан (2 027 300 сўмдан) кам бўлмаган миқдорда давлат божи тўлашлари кераклиги белгиланди.

Маълумот учун: Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий пропискага эга фуқаролар учун ушбу хизмат 1 ЭКИҲ – 202 700 сўмни ташкил қилади.

Бундан ташқари, респондентларнинг 27 фоизи Ўзбекистонда ҳозирча прописка институти бекор қилинмаслиги кераклигини билдирган. Уларнинг 11 фоизи прописка пойтахтдаги хавфсизликни таъминлайди деган фикрда, 9 фоизи доимий прописка ҳамиша сақланиб қолиши тарафдори ва 7 фоизи пропискани бекор қилишга ҳали бироз эрта эканлигини айтган.

Қуйидаги фактга эътибор беринг, кейинги вақтда ходимлари Тошкент пропискасини олиши мумкин бўлган ташкилотлар рўйхати фаол кенгаймоқда. Хусусан, куни кеча Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ана шу рўйхатга киритилди. Ҳозирда рўйхатдан 87 ташкилот ўрин олган. Прописка давлат тузилмаларига ишга жалб этишнинг ўзига хос воситасига айланди.

Бюджет ва солиқ тўловчиларнинг маблағларидан фойдаланадиган ташкилотлар учун барча шароитлар яратилмоқда. Солиқ тўловчилар, айниқса, хусусий секторда ишлайдиган ва давлат бюджетининг улкан миқдорини шакллантирадиган шахслар эса четда қолмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2016 йил 7 октябрда Ўзбекистон ҳукумати «Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарор қабул қилган. Ҳужжат Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш тартибини янада такомиллаштириш мақсадида қабул қилинган.

Ҳужжат билан раҳбарлари ходимларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш тўғрисида илтимоснома киритиши мумкин бўлган давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотлари рўйхати тасдиқланган.

Аввалроқ «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати пойтахт ва Тошкент вилоятида доимий прописка масаласи бўйича аҳоли фикрини ўрганганди. Хусусан, 3-11 июнь кунлари «Jamoatchilik fikri» Telegram-каналида сўров ўтказилди. Унда 17,6 мингдан ортиқ киши қатнашди. Иштирокчиларнинг қарийб ярми – 49 фоизи ушбу тартиб фуқароларнинг конституцион ҳуқуқларига зид эканлигини таъкидлади.

Давлат раҳбари томонидан тасдиқланган Давлат дастурига киритилган ушбу банднинг амалга оширилиши бугунги кунда долзарб эканлигини жамоатчилик фикри натижалари ҳам тасдиқламоқда.

Белгиланган чора-тадбирлар ўз вақтида ва тўлақонли амалга оширилганида, бугунги кунга келиб фуқароларнинг норозилиги ва муҳокамаларига сабаб бўлмас эди. Аксинча, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларига амал қилиниши Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имижи янада ошишига, урбанизация жараёнларига, ижтимоий ривожланиш, хусусан, истиқболли кадрларнинг хорижга чиқиб кетиши олди олинишига хизмат қилган бўлар эди.

Юқоридаги фикрлардан келиб чиқиб, белгиланган вазифаларнинг тўлақонли бажарилишини инобатга олган ҳолда, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ушбу масала юзасидан қуйидаги чора-тадбирларни амалга оширишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди:

  • Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий прописка қилиш тартибини турар жойи бўйича ҳисобга олиш тизими билан алмаштириш. Бунда ҳисобга олишни Давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали соддалаштирилган тартибда амалга ошириш;
  • Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий пропискага эга бўлмаган фуқароларнинг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларини эътироф этишни нафақат бирламчи бозор, балки иккиламчи бозорда, шунингдек умрбод ўзгага берилганда ёки ҳадя қилинганда ҳам бериш тартибини жорий қилиш.

Улуғбек Акбаров

Мавзуга оид