Жамият | 10:47 / 26.07.2019
25815
9 дақиқада ўқилади

ИИВ Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари сайёр ўқув йиғинлари ўтказмоқда

Мамлакатда барча соҳалар сингари, ички ишлар органлари тизимини ҳам такомиллаштириш, уларнинг қуйи бўғинларини аҳолига янада яқинлаштирган ҳолда мустаҳкамлаш, “Жиноят ҳақиқати ва адолати”, “Қонун ва адолат – устувор, жиноятга жазо – муқаррар” деган тамойилларни қарор топтириш кўп жиҳатдан, соҳа ходимларининг билим ва кўникмаларини оширишга боғлиқ ҳисобланади.

Ушбу устувор вазифалардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси президентининг 2017 йил 16 августдаги “Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, ўтган давр мобайнида Институт ва унинг жойлардаги филиалларида ўтказилган ўқув йиғинларида қарийб 11 мингдан ортиқ соҳа ходимлари қатнашиб, ўз малакасини оширди.

Айни пайтда, жорий йил 23 июлидан бошлаб 15 август кунига қадар Институт профессор-ўқитувчилари Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида туманлар ва шаҳарлар ички ишлар органларининг ташкилий бўлим (бўлинма)лари бошлиқлари, жиноят қидирув бўлинмалари тезкор вакиллари, хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмаларининг таҳлил, ҳамкорлик қилиш ва мувофиқлаштириш бўйича ходимлари, терговчи ва суриштирувчилари учун малака ошириш сайёр ўқув йиғинлари ўтказилмоқда.

Ўқув йиғинларида давлат раҳбари томонидан ички ишлар органлари фаолиятига оид илгари сурилган долзарб вазифаларга, уларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига, соҳага оид қабул қилинган янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг талаблари билан таништиришга ва улар асосида хизмат фаолияти самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шунингдек, машғулотлар мобайнида “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг мазмун-моҳияти, унга қарши курашишда соҳа ходимларининг вазифалари, коррупцияга оид жиноятларни тергов қилишнинг ўзига хос хусусиятлари каби мавзулар бўйича ҳам тушунтиришлар берилмоқда.

Сайёр ўқув йиғинларини Институт бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор Нуриддин Норматов очиб, ички ишлар органларини халқпарвар тизимга айлантириш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ижтимоий ва маънавий-маърифий соҳаларда ёшлар билан ишлаш бўйича янги тизимни жорий этиш борасида соҳа ходимлари олдида турган долзарб вазифаларга эътиборни қаратди.

– Мамлакатимизда барча соҳалар сингари, ички ишлар органлари фаолиятини ҳам такомиллаштириш, уларнинг қуйи бўғинларини аҳолига янада яқинлаштирган ҳолда мустаҳкамлаш, “Жиноят ҳақиқати ва адолати”, “Қонун ва адолат – устувор, жиноятга жазо – муқаррар” деган тамойилларни қарор топтириш кўп жиҳатдан, соҳа ходимларининг билим ва кўникмаларини оширишга боғлиқ, – дейди Сурхондарё вилояти ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси бош инспектори, майор Шуҳрат Ирназаров. – Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари томонидан ўтказилаётган беш кунлик сайёр ўқув йиғинларида биз соҳага оид қабул қилинган янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан танишяпмиз. Бундан ташқари, хизмат фаолиятини самарали ташкил қилиш фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича тегишли тавсиялар берилмоқда.

Бундан ташқари, жойларда ўтказилган ушбу тадбирлар доирасида Институт профессор-ўқитувчилари томонидан ҳудудий ички ишлар органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларни фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгашлар билан ҳамкорликда маҳаллаларда аҳоли, энг аввало ёшлар ўртасида “Осойишталик учун барчамиз масъулмиз” мавзусида тарғибот ишлари олиб борилди.

Шу пайтга қадар Термиз шаҳридаги “Жайхун”, “Алпомиш”, “Бўстон”, “Юлдуз”, “Катта боғ”, “Эски шаҳар”, Нукус туманидаги “Оқмағит”, Тахиатошдаги “Марказий”, “Халқлар дўстлиги”, Жарқўрғондаги “Истиқлол”, “Нефтчилар”, “Маданият”, “Маърифат” маҳаллаларида ўтказилган мазкур маънавий-маърифий тадбирларда мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикнинг қадрига етиш, унинг барқарорлигига ҳисса қўшиш, маҳаллаларда содир этилган ҳуқуқбузарликларнинг оқибатлари билан курашиш эмас, балки уларни барвақт олдини олиш, содир этишга имкон берган сабаб ва шарт-шароитларни ўз вақтида бартараф этишда жамоатчиликнинг роли каби мавзулар ҳақида сўз юритилди.

– Тинчлик - бу бебаҳо неъмат, маҳалламизда осойишталикни таъминлашга нафақат профилактика инспектори, балки барчамиз бирдек масъулмиз, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош тумани “Марказий” маҳалласи раиси Гулчеҳра Жуманиязова. – Пойтахтимиздан келган Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари томонидан ўтказилган ушбу тадбирда тинчликнинг қадрига етиш, унинг барқарорлигини таъминлаш учун маҳаллада истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаро ўз ҳиссасини қўшиши лозимлиги, ҳамжиҳатликда амалга ошириш керак бўлган чора-тадбирлар, ёшлар таълим-тарбияси ҳақида ўзларининг фикр-мулоҳазаларини ҳамда тавсияларини беришди. Маҳалламиз аҳолиси номидан уларга каттадан-катта раҳматлар айтаман.

Шунингдек, Институт профессор-ўқитувчилари томонидан маҳаллаларда истиқомат қилаётган кам таъминланган оилалар, ногиронлар ва якка ёлғиз кекса авлод вакиллари ҳамда ички ишлар органлари тизимида узоқ йиллар мобайнида самарали меҳнат қилган ва бугунги кунда нафақада бўлган фахрийларнинг ҳолидан хабар олиш ҳам амалга оширилди.

– Ҳовли ишлари билан овора бўлиб юрганимда бир гуруҳ ички ишлар органлари ходимлари совға-саломлар билан ҳовлимизга кириб келди, – дейди Термиз шаҳар “Эски шаҳар” маҳалласида яшовчи Гулистон Шаматова. – Мақсадларини аён қилган ички ишлар органлари ходимлари 16 ёшли Бобуржон ва 12 ёшли Зокиржоннинг тақдири билан қизиқиб кетишди. Бу икки ёшнинг онаси 10 йил илгари бедарак йўқолган, 2-гуруҳ ногирони бўлган отаси эса 4 ой олдин вафот этди. Шундан буён мен уларга қарайман. Бир куни Зокиржон “Кеннойи"демай, "Ойижон, кўчага чиқиб ўйнаб келсам, майлими?”, дея сўраб қолди. Қай аҳволга тушганимни кўз олдингизга келтиринг, ўзимни бир нафар ўғлим ва бир нафар қизим бор эди. Энди улар тўрт киши бўлдилар. Бобуржон ва Зокиржонни ҳам васийликка олиш учун ҳужжатларни тўплаб туман ҳокимлигига топширдим. Ўзим ўқитувчи бўлиб ишлайман.

Бугун оиламиз ҳолидан хабар олиш учун хонадонимга ички ишлар органлари ходимларининг келганликларидан кўзимга ёш келди. Бизнинг юртда боланинг бегонаси йўқлигига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим. Суҳбат жараёнида улар болаларнинг мактаб формаси, ўқув қуроллари каби масалалар бўйича фикрларимизни эшитиб мушкулларимизни осон қиладиган бўлдилар. Бунинг учун Ички ишлар вазирлиги раҳбариятига, Малака ошириш институти профессор-ўқитувчиларига ўз миннатдорчилигимни билдираман.

– Отам ички ишлар органлари соҳасида фаолият кўрсатган ва хизмат вазифасини бажариш вақтида вафот этган. Ўша пайтда мен 9 ёшда эдим, отамнинг юрт тинчлигини ҳимоя қилиш соҳасида хизмат қилганлигидан фахрланар эдим. – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош тумани “Марказий” маҳалласида истиқомат қилувчи Молдир Абдримова. – Бу йил мен умумтаълим мактабини тугатдим ва келажакда олий маълумотли мутахассис бўлиб, халқимга хизмат қилишни мақсад қилиб олдим. Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти профессор-ўқитувчиларининг хонадонимизга ташриф буюрганликларидан бениҳоя хурсанд бўлдим.

Шунингдек, ички ишлар органлари тизимида узоқ йиллар мобайнида самарали меҳнат қилган ва бугунги кунда нафақада бўлган фахрийлар Жарқўрғон тумани “Маданият” маҳалласида яшовчи 81 ёшли Ойша момо Норматова, Нукус шаҳрида истиқомат қилувчи 2-жаҳон уруши қатнашчиси, 94 ёшли Нурилла ота Абдуллаевларнинг ҳам ҳолидан хабар олинди.

Институт профессор-ўқитувчилари томонидан жойларда сайёр ўқув йиғинлари, маҳаллаларда тарғибот тадбирлари ҳамда кам таъминланган оилалар, ногиронлар ва якка ёлғиз кекса авлод вакилларининг ҳолидан хабар олиш каби эзгу ишлар жойларда давом этмоқда.

Мавзуга оид