Жамият | 14:52 / 26.07.2019
6797
3 дақиқада ўқилади

Сўнгги 30 йилда гепатит билан касалланиш ҳолатлари 250 мартага камайган

Бугун, 26 июль куни Миллий матбуот марказида Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Вирусология илмий-текшириш институти ҳамкорлигида Ўзбекистонда гепатит касаллиги тарқалишининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда дунё миқёсида вирусли гепатитнинг В ва С тури билан касалланиш кўпаймоқда. Гепатит В ўз вақтида аниқланиб даволанмаса, жигар циррози ва гепатоцеллюляр карцинома, яъни жигар саратони келиб чиқишига сабаб бўлади.

Ўзбекистонда эмлашлар самараси туфайли бу оғир касалликнинг В тури 19 ёшгача бўлганларда деярли учрамаяпти. Мустақиллик йилларида гепатит билан касалланиш ҳолатлари 250 мартага камайган. Гепатит В ва С билан касалланган беморларни касалликнинг илк босқичларида аниқлаш мақсадида скрининг ишларини самарали ташкил этиш учун Ўзбекистон тиббиётига 1,02 млн АҚШ доллари миқдорида инвестиция жалб этилган.

Аҳоли соғлиғини асраш, гепатит касалликлари олдини олиш мақсадида АҚШнинг Centerfor Disease Analysis Foundation (CDAF) фонди ҳамкорликда вирусли гепатит В ва С нинг олдини олиш бўйича 2019-2020 йилларга мўлжалланган махсус лойиҳа ишлаб чиқилди.

Даставвал лойиҳа ишчи гуруҳи тузилади, сўнгра, лойиҳада иштирок этадиган оилавий поликлиникалар танлаб олинади. Вирусология илмий текшириш институти олимлари ва малакали мутахассисларини жалб этган ҳолда тиббий-маслаҳат маркази ташкил этилади ва тадбир иштирокчилари учун семинар-тренинглар ўтказилади.

Тадбирнинг америкалик меҳмони, CDA Foundation жамғармаси директори Ҳоми Разави берган маълумотларга қараганда (маълумотлар нодавлат ташкилотлар томонидан тўпланган) ҳозирги кунда дунё бўйлаб ҳар йили 1,5 млн, кунига 4 минг, ҳар 4 секундда бир одам айнан гепатит касаллиги оқибатлари туфайли вафот этяпти. ЖССТ 2030 йилгача 90 фоиз диагностика билан қамраб олишни, диагноз қўйилганларнинг 80 фоизи даволанишини режалаштирмоқда. Бунинг ортидан янги касалланишлар 80 фоизга, ўлим ҳолатлари 60 фоизга камайишига эришилади.

Бу лойиҳа доирасида 20 фоиз беморларга дастлабки босқичда даволаниш учун дорилар бепул, қолган 80 фоизига имтиёзли нархларда тақдим этилади.

Вирусология илмий текшириш институти директори Э.Мусабаевнинг фикрича, мазкур лойиҳанинг муваффақияти ортидан  33 минг жигар раки, 15300 цирроз, 20 минг ўлим ҳолатлари олди олинади.

Kun.uz мухбирининг «20 фоиз бепул берилувчилар тоифаси қандай критерийларга қараб аниқланади? Умуман, лойиҳада кўзда тутилган дори-дармонлар бошқаларига нисбатан нарх бўйича қандай тафовутга эга, яъни қиммат эмасми?» деган саволига лойиҳа координатори шундай жавоб берди: «20 фоиз бу кам таъминланганлар, ногиронлар ва ишламаётган пенсионерлар тоифасидир. Қолган 80 фоизга тақдим этиладиган дорилар ҳам аналогларидан 40-60 фоизгача арзон бўлади. Фақат бунинг учун беморлар алоҳида рецепт билан махсус дорихоналардан харид қилишлари шарт».

Мавзуга оид