Ўзбекистон | 22:23 / 30.07.2019
17851
3 дақиқада ўқилади

Депутат «снос»лар ҳақида: «Қонун ҳамма учун бир хил, жазо эса мансабдорга ҳам истисносиз бўлсагина қонунбузарликлар кузатилмайди»

Кеча, 29 июль куни "Ўзбекистон" телеканалида «Муносабат» кўрсатувининг навбатдаги сони эфирга узатилди. 

Кўрсатувнинг мазкур сони Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 23 июль куни кичик бизнес ва тадбиркорликни янада ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида билдирган фикрлари, жумладан, «Барча ҳокимларни қатъий огоҳлантираман – асосли зарурат бўлмаган ҳолда тадбиркорларга тегишли мол-мулкни бузишга умуман йўл қўйилмаслиги зарур ва шарт», деган топшириғининг ижроси бўйича жойларда амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишланди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдурашид Абдуқодиров кўрсатув бошловчисининг Президент халқни рози қилиш, тадбиркорнинг мулкига тегмаслик ҳақида гапираётганда маҳаллий ҳокимлар нима учун мазкур икки омилга қарши боришаётгани, халқни бузилишлар туфайли норози қилаётгани борасидаги саволи юзасидан фикр билдирган.

«Халқнинг норозилигига сабаб нима? Биринчи навбатда халққа тушунтириш ишларини тўғри йўлга қўйилмагани, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари таъминланмаётганидан.

Жамоатчилик назорати бўлиши керак, деб кўп гапиряпмиз. Лекин жамоатчилик назоратидан кучлироқ ваколатга эга органлар-чи? Ҳар бир туманда Прокуратура, Ички ишлар, Адлия ва Давлат хавфсизлик хизматининг бўлимлари бор. Мазкур органлар фаолиятини тартибга солувчи низомида биринчи навбатда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, инсон ҳақ-ҳуқуқлари кафолатини таъминлаш асосий вазифа эканлиги белгилаб қўйилган. 

Биз сўнгги пайтларда интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқлар орқали ҳокимларнинг кўп бора қонунни бузиши ва ҳаттоки жиноят қилишига гувоҳ бўлмоқдамиз. Аудио, видео материаллар ҳокимларнинг ҳаракатлари жиноят эканлигини тасдиқлаб турибди, аммо улар жазосиз қолмоқда-ку.

Муаммоларга фақатгина жамоатчилик назорати ва бундай кўрсатувлар орқали ечим топиб бўлмайди, натижа чиқара олмаймиз. 

Қачонки, ижро ҳокимияти тепасида турган ҳокимлар ёки мансабдор шахсларнинг ҳар бир ҳаракати устидан қонунда белгиланган жазо чоралари истисносиз амалда бўлса бундай ишларга йўл қўйилмайди.

Бирор бир туман ёки вилоятдаги прокурор, ички ишлар раҳбари ҳокимга "Сиз қонун бузаяпсиз, инсон ҳақ-ҳуқуқларини топтаяпсиз, уряпсиз, сўкяпсиз", демайди. 

Тўғри, яраштириш қонунчиликда бор, лекин бунинг тескари ҳолати бўлса-чи? Жисмоний шахсга нисбатан оддий фуқаро қонунбузарлик қилса яраштирув институти қўлланмаяпти.

Яккабоғдаги ҳолат бўйича ҳам тадбиркор қасддан одам ўлдириш моддаси бўйича айбланяпти, бу модда бўйича айбдор 15-16 йилгача қамалиши белгиланган», дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдурашид Абдуқодиров.

Мавзуга оид