Жамият | 20:10 / 01.08.2019
8720
4 дақиқада ўқилади

«Харид учун чек берилмаяпти, нақд пуллар банкка топширилмаяпти» — Самарқандда харид чеки масаласида брифинг бўлиб ўтди

Ҳудудларда 100 ўринли янги ва замонавий боғчадан ҳар ойда 10тасини қуриш учун қанча маблағ кетади деб ўйлайсиз? Ёки айтайлик, 60 км йўлни барча стандартлар бўйича сифатли асфальт қилиш учун-чи?

50 миллиард сўм! Самарқанддаги чакана савдо нуқталари нақд пулларни назорат касса машиналари орқали ўтказмасдан, халққа чек тақдим этмасдан, солиқларни яшириб, жамиятга ҳар ой шунча зиён етказишмоқда. Бу ҳақда Самарқанд вилоят матбуот уйида бўлиб ўтган, вилоятда ташкиллаштирилган «Харид чекини талаб қилиб олинг!» акциясига бағишланган брифингда вилоят ҳокимининг ўринбосари Жамшид Ўроқов маълум қилди.

Ҳоким ўринбосарининг маълум қилишича, вилоятда бир ойда 850 миллиард сўм нақд пул маош ва бошқа тўловлар учун банкдан олинади.

«Айрим ташкилотлар иш ҳақини ҳамон «конверт» усулида беришда давом этаётгани эътиборга олинса, вилоятда бир ойда харид учун айланадиган пуллар 1 триллион сўмдан ошади. Деҳқон бозорларида чек берилмаслиги ҳисобга олинган тақдирда ҳам, бир ойда вилоятда 700 миллиард сўм савдога чек тақдим этилиши керак. Лекин чек орқали қилинган савдолар 100 миллиард сўмга ҳам етмаяпти. Бунинг ортидан 50–60 миллиард сўм солиқ бюджетга тушмаяпти», — деди у.

Айни пайтда вилоятда фаолият кўрсатаётган корхоналарга тўхталар экан, вилоят ҳокими ўринбосари шундай деди: «Вилоятдаги 67 мингдан зиёд тадбиркорлик субъектлари мавжуд бўлиб, шунинг 13 мингтаси вақтинчалик фаолият кўрсатмаяпти. Фаолият кўрсатиб турган 54 мингдан зиёд корхонадан 14 мингтаси нақд пул билан савдо қилувчи ёки унинг эвазига хизмат кўрсатувчи корхоналардир. Уларнинг ҳаммасида ҳам назорат касса машиналари бор деб бўлмайди. Борларидан ҳам 2,5 мингтаси бир ой мобайнида ақалли бир марта касса машинасини ишлатмаган».

Давлат солиқ инспекциясининг бу борада олиб бораётган иши ҳақида қисқача тушунтириш бериб ўтилди.

«Вилоятимизда 1000га яқин давлат солиқ инспекцияси ходимлари бўлса, уларнинг 300 нафари чакана савдо тармоқлари билан ишловчи участка инспекторлари ҳисобланади. Уларнинг фаолияти ҳам, вақти ҳам бу муаммони тўлиқ бартараф этиш учун етарли бўлмаяпти.

Ўтказилган текширувлар натижасида бозорларда ҳам, дўконларда ҳам кунига миллионлаб савдо бўлса-да, на харидорга чек берилиши, на савдо қилинган пуллар банкка кирим бўлиши ҳолатига дуч келдик. Хизмат кўрсатиш соҳасида ҳам айни аҳвол», — деди Ж.Ўроқов.

Ҳоким ўринбосари вилоятда эълон қилинган акциянинг моҳиятини қуйи тизимдаги раҳбарлар тўғри англамасдан, одамлар бунга мажбур қилинган ҳолатлар ҳам кузатилганини рад этмади. Бироқ, акция доирасида турли плакатлар, флаерлар чиқариб тарқатилгани, волонтёрлар жалб қилинганини таъкидлаб ўтди.

Вилоятда 1,5 ойдан буён ўтказилаётган акция ўзининг ижобий самарасини кўрсатган. Июнь ойигача қадар вилоятда бўлиб ўтган савдоларда бир кишига ойига битта харид чеки тўғри келган бўлса, июль ойининг 20-санасига келиб бу кўрсаткич ўртача 4тага етган.

Брифингда оммавий ахборот воситаларидан ўтказилаётган ижтимоий акциянинг моҳиятини оммага тўғри етказиш сўралди. Зеро, фуқароларимиз ҳар бир хариди учун чек талаб этилиши ортидан жамиятимизда тўпланиб қолган ижтимоий муаммолар тезроқ ҳал қилинишига ўз ҳиссасини қўшган бўлар эди.

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ

Мавзуга оид