22:36 / 08.08.2019
5113

ССВ: 2040 йилга бориб қандли диабетга чалинганлар сони 640 млн кишига етиши мумкин

8 август куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари иштирокида «Ўзбекистон Республикасида эндокринология ҳолати» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда берилган маълумотларга кўра, ҳозирги кунда дунё бўйлаб 400 миллион нафардан зиёд қандли диабет хасталигига чалинган бемор бор (ЖССТ статистикаси). Таҳлилларга кўра, ушбу кўрсаткич 2030 йилга бориб 550 миллиондан ошиши мумкин. Ўзбекистонда ушбу касаллик билан 230 минг нафар киши рўйхатга олинган. Ҳолбуки 2015 йилда бу кўрсаткич 170 минг кишини ташкил қилган эди. Рақамлардан кўриниб турибдики, эндокринология соҳасини ривожлантириш ниҳоятда муҳим.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда ўлимга олиб келувчи касалликлар орасида юрак қон томир тизими касалликлари, онкологик касалликлардан кейин айнан қандли диабет ва унинг асоратлари учинчи ўринда турибди.

Маълумотларга кўра, шифокор-эндокринологлар фаолияти яхши йўлга қўйилган ҳудудда касаллиги расман тасдиқланган 1 нафар беморга ҳали тасдиқланмаган 3 бемор тўғри келиши мумкин. Тиббиёт сифати паст ҳудуд бўлса, бу кўрсаткич 5 кишига қадар етиши мумкин. Шу боис Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2018 йил 25 октябрдаги тегишли буйруғига асосан, пилот вилоятларда (тажриба Сирдарёдан бошланган) 45 ёшдан ошган аҳоли орасида қандли диабет скрининги ўтказилмоқда.

Тадбирда иштирок этган Kun.uz мухбирининг «маълумки Тошкентга вилоятлардан даво истаб келувчилар жуда кўп. Пойтахтдаги марказ барча истовчиларнинг талабини қондира оляптими, навбатлар муаммоси қандай ҳал қилиняпти? Соҳага хусусий секторнинг қизиқиш қай даражада?» деган саволига Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Анвар Алимов шундай жавоб берди: «Сўнгги икки йил ичида ҳудудларда эндокринология соҳасини комлекс ривожлантириш, моддий-техник базасини мутаҳкамлаш, тиббий ёрдам сифатини ошириш борасида олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида вилоятлардан пойтахтимизга келиб мурожаат қилувчилар қарийб 3 баробарга қисқарди. Навбатлар ҳам анча камайди. Деярли ҳар бир вилоятда замонавий марказларимиз янгитдан қурилиб, фойдаланишга топширилди ва уларда 650 нафардан зиёд эндокринолог шифокор самарали фаолият юритяпти».

Соҳага хусусий сектор кириб келишига оид саволга эса Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиев жавоб қайтарди: «Сўнгги йилларда тиббиётимизга хусусий секторнинг кириб келиши кучайди. Фактларга эътибор беринг – икки йил муқаддам хусусий тиббий муассасалар сони 3500та атрофида бўлган бўлса, бугунги кунга келиб улар сони 5100тага етди. Улар орасида эндокринологияга ихтисослашганлари ҳам бор. Қолаверса, яқин йилларда тиббий суғурта жорий этилади. Ана ундан кейин ҳам давлат, ҳам хусусий сектор беморларга тенг хизмат кўрсатаверади».

Top