Рақамли ечимларнинг ўсиш тенденциясини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Эндокринологлар миллий ассоциацияси (кейинги ўринларда ЎЭМА) ва академик Й.Х.Тўрақулов номидаги Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази (кейинги ўринларда РИЭИТМ деб юритилади) томонидан қандли диабет билан касалланганлар учун “Диабет мактаби” рақамли таълим платформасини яратиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Ушбу лойиҳанинг вазифаси беморларга тўлақонли ҳаёт кечиришга, касалликни тўғри назорат қилишга, терапияда керакли натижаларга эришишга ёрдам беришдир. Диабет мактаби қандли диабетнинг 1-турига чалинган одамлар, шунингдек, уларнинг атрофидагилари: ота-оналар, қариндошлар, тиббиёт ходимлари ва бошқалар учун мўлжалланган. 

Платформанинг ўзига хос жиҳати шундаки, сайт материаллари сараланиб, Ўзбекистон маданияти ва анъаналарига мослаштирилган ҳамда ўзбек ва рус тилларида тақдим этилган. Масалан, “Болалар учун” бўлимида эртак қаҳрамонлари асал ва новвот қандли диабет ҳақида гапириб беради, “Фойдали материаллар” бўлимида эса ўзбек миллий таомлари учун мўлжалланган нон бирликлари ҳақида маълумотлар берилган. Сайтда шунингдек, тўғри овқатланиш, жисмоний фаоллик, қондаги шакар миқдорини назорат қилиш, парвариш ва атрофдагиларнинг қўллаб-қувватлаши муҳимлиги ҳақида маслаҳатлар мавжуд. Фойдаланувчиларга қулайлик яратиш учун барча материалларни юклаб олиш мумкин. 

Узоқ кутилган воқеа, платформанинг ишга тушиши, 19 май куни Тошкентда бўлиб ўтди. Тадбирда шаҳар ва вилоятлардан 60 дан ортиқ эндокринологлар, беморларни ўқитиш бўйича инструкторлар, ЎЭМА, РИЭИТМ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, беморларни қўллаб-қувватлаш ташкилотлари вакиллари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.  

 Кун дастуридан мутахассислар иштирокидаги панель муҳокамаси ўрин олган бўлиб, унда диабетологиянинг долзарб масалалари: қандли диабетни тушунишдаги тўсиқлар, шифокор ва бемор ўртасидаги онгли ҳамкорлик, беморларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш дастурлари муҳокама қилинди. 

Дастурнинг энг таъсирли қисми касаллик билан қандай яшаётганликларини айтиб берган беморларнинг ҳаётий ҳикоялари бўлди. Улардан бири Александр Иванович Лесняк "Диабет билан 50 жасоратли йил учун" халқаро Жослин медали соҳибидир. Ушбу медаль худди шу номдаги Американинг диабет бўйича таълим ва тадқиқот маркази томонидан диабетга қарши курашда эришилган ютуқлар эътирофи сифатида тақдим этилади.