Ўзбекистоннинг қайси ҳудудларида оналар ва болалар ўлими кўрсаткичи юқори?
Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Наманган вилоятида Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларига нисбатан оналар ва болалар ўлими кўрсаткичлари анча юқори.
Бу ҳақда кеча, 8 август куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила“ илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан “Оила репродуктив саломатлиги муаммолари, унинг демографик ривожланиши, фаровонлиги ва тинчлигини ўрганиш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва ҳаётга самарали татбиқ қилиш“ мавзуида ўтказилган давра суҳбатида маълум қилинди, деб хабар бермоқда “Kun.uz” мухбири.
Марказнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан молиялаштирилаётган ижтимоий буюртмасини амалга ошириш доирасида “Фертиль ёшдаги аёлларнинг репродуктив саломатлиги ва ҳуқуқлари масалалари бўйича хабардорлигини ошириш мақсадида вазиятни таҳлил қилиш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш тизимини мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга қаратилган янги механизм ва ёндашувларни ишлаб чиқиш ва татбиқ қилиш” лойиҳасининг тақдимотида мутахассис ва тадқиқотчилар долзарб мавзу борасида шахсий фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
“Тадқиқ этилаётган масала мамлакатнинг барча ҳудудлари учун долзарб. Лекин тадқиқот объекти сифатида Қорақалпоғистон Республикаси ва Наманган вилояти танланган. Чунки Орол денгизининг қуриши туфайли Қорақалпоғистонда бир қатор ижтимоий-иқтисодий муаммолар юзага келган. Ернинг шўрланиши ва эрозияси, биохилма-хилликнинг камайиши, иқлим ўзгариши мазкур ҳудудда яшовчи аҳоли саломатлигига жиддий даражада салбий таъсир кўрсатмоқда. Охирги йилларда ноқулай экологик муҳит таъсири натижасида ҳудудда оналар ва гўдаклар ўлими кўрсаткичлари нисбатан юқори бўлган.
Наманган вилоятида эса қизларни эрта турмушга бериш натижасида аёлларнинг репродуктив саломатлик кўрсаткичлари қониқарсиз экани кузатилган. Лойиҳа доирасида оналар ва болалар ўлимига сабаб бўлаётган омиллар, ушбу ҳудудларда аҳолининг репродуктив саломатлигини асрашга қаратилган шарт-шароитлар қай даражада эканлиги ўрганилади”, - деди лойиҳа координатори, “Юксак салоҳият” ННТ ижрочи директори Наталья Свиридова.
Тадбирда таъкидланишича, лойиҳа бўйича ҳар бир ҳудудда минг нафар аёлни ўқитиш, патронаж ҳамширалар учун махсус қўлланма тайёрлаш ва бошқа ахборот лойиҳаларини амалга ошириш кўзда тутилган. Бундан ташқари, репродуктив саломатлик бўйича фойдали маълумот олиш ва керакли саволларга жавоб топиш имконини берадиган махсус сайт (yuksak.uz) яратилади.