Андижон вилоятида олти ой давомида 414 та ичимлик суви қудуғи ишга туширилиб, таъмирланди
Жамики мавжудотнинг ҳаёт манбаи бўлмиш сувнинг қадри нечоғли улуғ бўлса, сувсозларнинг ҳам ҳурмати шунчалар қадрлидир. Зеро, халқимиз: “Сув келтирган элда азиз” деб бежиз айтмаган. Ушбу нақл бугунги кунда ҳам ўз қимматини йўқотмаган. Табиийки, “оби ҳаёт” таъминотчиларининг-да, фаолияти шунга монанд. Биргина Андижон вилоятини олайлик, ўтган беш йил мобайнида ҳудудда 300,4 млрд. сўм маблағ ҳисобига 414 та ичимлик сув қудуғи ҳамда 1887 км. сув тармоғини қуриш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Ҳудудларни комплекс ривожлантириш борасидаги ишларнинг маълум бир қисми аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашдан иборатдир. Жойларда ўтказилаётган сайёр қабулларда келиб тушаётган мурожаатлар орасида ҳам аҳолини сувга бўлган эҳтиёжини қондириш борасидаги ишлар бардавомлиги ўз ифодасини топмоқда. Таҳлиллар эса навбатдаги амалий ишларга сабаб бўляпти. Натижада энг чекка ҳудудларга ҳам сув қувури ўрнатилмоқда.
- Маҳалламиз туман марказидан 10 км. узоқликда жойлашган, - дейди Бўз туманидаги Якка тол МФЙнинг Муқимий кўчаси 19-уйда истиқомат қилувчи Алижон Эргашев. - Ҳудудимиздаги мавжуд ягона сув насоси сўнгги бор 1980 йилларда таъмирланган эди. Шундай бўлса-да, мавжуд 6 та кўчада истиқомат қилувчи 380 та хонадоннинг ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини қондириб келди. Сўнгги йилларда олиб борилган туб ислоҳотлар самараси туфайли аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида ҳар бир кўчага алоҳида сув қувури тортиш ишлари амалга ошириляпти.
Бўз туманида олиб борилаётган хайрли ишлар билан танишар эканмиз, жорий йилнинг ўзида 55 км. масофага янги қувурлар тортилиши юзасидан ташкиллаштирилган ишлардан халқ нечоғли хурсанд эканлигига гувоҳ бўлдик. Тўғри-да, ўзидан аввал ҳолидан хабар олгувчи мутасаддиларнинг саъй-ҳаракатлари билан ҳар бир хонадоннинг остонасигача тоза ичимлик суви келтирилса-ю, бундан қувонмай бўладими!
Бу каби ишлар натижасида Булоқбоши туманининг ҳам деярли барча кўчаларида бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Натижада 2018 йилнинг ўзида 79,9 км. ичимлик суви тармоғи тортилиб, 9 та қудуқ қурилди ва 6 тасида таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
- Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ҳар доим куннинг энг долзарб масаласига айланган, - дейди Андижон вилоят “Сувоқава” ДУК раҳбари Шуҳратбек Матмусаев. - Зеро, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, бунинг учун етарли шароитни яратиш ҳар қандай вазифадан устувордир. Жумладан, вилоятда тоза ичимлик суви етказиб бериш борасидаги ишлар ҳам қизғин тарзда давом этмоқда. Жорий йилнинг 1-ярим йиллигида 56,3 млрд сўмлик иш бажарилди. Йил охирига қадар бу кўрсаткич 211.1 млрд. сўмни ташкил этади. Натижада 4 дона сув қудуғи ва 495,4 км. сув тармоғини қуриш, 56 дона сув қудуғи ва 74 км. сув тармоғини таъмирлаш ишлари амалга оширилади.
Бундан атиги 5-6 йил олдин вилоятнинг исталган туманига қадам ранжида қилган киши борки, сув борасидаги муаммоларга дуч келган. Ҳатто тоза ичимлик суви билан таъминланмаган ҳудудларнинг мавжуд бўлганлиги сир эмас. Навбати билан бажарилаётган амалий ҳаракатлар натижасида Булоқбоши, Олтинкўл, Хўжаобод ва Пахтаобод туманларида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 90 фоизга етди. Тан олиш керак, сув етказиб бериш борасида муаммолар юзага келаётган ҳудудлар ҳам йўқ эмас. Масалан, Марҳамат ва Избоскан туманларида сув қудуғи ҳамда тармоқлар асосан 1970-1990 йилларда қурилганлиги боис, айни кунларга келиб хизмат муддатини ўтаб бўлган. Ҳозирда уларни янгилаш ва таъмирлаш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Умуман олганда, соҳада 2020-2029 йилларга мўлжалланган концепция дастури ишлаб чиқилган бўлиб, унинг натижасида 2030 йилга бориб вилоятнинг барча ҳудудлари тоза ичимлик суви билан 100 фоиз миқдорида таъминланишига эришилади.
Бугунги кунга келиб Андижон вилояти аҳолиси 3 миллион 50 минг 809 нафарни ташкил этади. Ҳамюртларимизнинг 87 фоизи тоза ичимлик суви билан таъминланган. Ушбу рақамларнинг ўзиёқ соҳа ходимлари олдида турган масъулиятли вазифалар кўламидан далолат беради, дейилади Андижон вилоят “Сувоқава” ДУК матбуот хизмати маълумотида.