Kun.uz мухбирларининг маҳаллий ҳокимликлар ва давлат идоралари раҳбарлари билан мунтазам уюштирилаётган интервьюларининг навбатдаги сони Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Абдиевич Боболов билан бўлди.

— Ўтган давр мобайнида Сурхондарёда қандай аҳамиятли ишлар амалга оширилди.

— Сурхондарё азалдан қишлоқ хўжалигига ихтисослашган аграр вилоят ҳисоблаган. Ҳозир катта катта қурилишлар бўляпти. Саноат корхоналари кўпаймоқда. Инвестиция дастурлари амалга оширилмоқда. Вилоятда туризм соҳасини ривожлантириш, йўл-транспорт инфраструктурасини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда.

— Вилоятда экотуризм, этнотуризм ва зиёрат туризмини ривожлантириш учун катта салоҳият бор. Бу йўналишда олиб борилаётган ишлар қай аҳволда?

— Вилоятда 384та тарихий обида мавжуд. Хусусан, зиёрат туризмини оладиган бўлсак, ал Ҳаким ат-Термизий, Имом Термизий, Султон Саодат каби зиёратгоҳларимизга туристлар оқими кўпаймоқда. Чет элдан келаётган зиёратчилар оқими ҳам ошмоқда. Термизий боболар зиёратгоҳларига элтувчи инфраструктурада барча шароитлар яратилган.

Бундан ташқари, Сурхондарёнинг ўзига хос иқлими нуқтаи назаридан экотуризмни ривожлантириш учун имконият бор. Сурхондарёда шундай гўшалар борки, ёз ўртасида ҳам тўрт фаслга гувоҳ бўлиш мумкин. Бу ерларнинг ҳавоси экологик жиҳатдан жуда тоза. Бундай жойларга ҳам ташрифчилар сони ортмоқда. У ерларга элтадиган йўлларни реконструкция қилиш, зарур инфраструктура объектларини яратиш устида иш олиб борилмоқда.

Сангардак ва Бойсунга хориждан ҳам ташриф буюрувчилар сони ортиб бормоқда.

Сурхондарёда агротуризмни ҳам ривожлантириш учун етарли имкониятлар бор. Чунки иқлимимиз бошқача. Мева-чевалар ва полиз экинлари бошқа жойларга нисбатан 1 ой аввал етилади.

Термиз туманида 100 гектарлик иссиқхона барпо этилган. Бу ерда йил бўйи маҳсулот етиштирилади. Шерободнинг анорлари машҳур, Ангорда турли кўкатлар етиштирилмоқда.

— Сурхондарёда етиштирилаётган маҳсулотларни хорижий давлатларга экспорт қилиш борасида ҳам ишлар олиб борилмоқдами?

— Сурхондарёда йирик «Карвонсарой» логистика марказимиз фаолият кўрсатмоқда. Бу ерда маҳсулотлар йиғилади, сақланади ва экспортга йўналтирилади. Лекин, тан олиб айтишимиз керак, маҳаллий тадбиркорларимизда маҳсулотларни сақлаш ва ўраш бўйича кўникма етарли эмас. Ҳозир бу борада ҳам ишлар олиб бориляпти. Маҳсулот сақловчи совуқхоналар қурилмоқда.