Индонезия ҳукумати мамлакатнинг тирбандликлар ва аҳоли сони ортиб кетишидан азият чекаётган пойтахти Жакартани Борнео оролларига кўчиришни режалаштирмоқда. Аниқ жой ва муддат ҳали маълум қилинмади, аммо президент Жоко Видодо бу ҳақда парламентнинг август ойидаги сессиясида расман эълон қилиб бўлди.

Кўчиришнинг сабаблари аниқ. Жакарта секин-аста чўкиб бормоқда — йилига ўртача 1 сантиметрдан 15 сантиметргача. Олимларнинг баҳолашига кўра эса ҳозирги пойтахт 2050 йилга бориб тўлиқ сув остида қолиши мумкин. Шаҳарнинг ярми амалда аллақачон денгиз сатҳидан пастлаган, чунки Жакарта ботқоқ ерда жойлашган, уни Ява денгизи ювиб туради ва шаҳар ичидан 13 дарё оқиб ўтган.

Бундан ташқари, Жакартада даҳшатли тирбандликлар кузатилади - 2016 йилда ўтказилган изланишлар натижасига кўра, дунёдаги энг ёмон тирбандликлар. Агломерацияда 30 миллионга яқин киши истиқомат қилмоқда ва оқова сувнинг атиги 2-4 фоизи тозаланади.

Аҳоли сонининг ортиши Жакартанинг бош муаммоларидан биридир / GETTY IMAGES

Янги пойтахт Калимантанда — уч давлат орасида бўлиб олинган Борнео оролининг Индонезияга тегишли қисмидан ўрин олади. Бу ҳукуматдан 33 млрд АҚШ доллар маблағ сарфини талаб қилади ва 900 мингдан 1,5 миллионгача кишини жойлаштириш учун 30 мингдан 40 минг гектаргача ерни эгаллайди.

Орол марказида жойлашган Палангкарая шаҳри янги пойтахт сифатида танлаш учун асосий номзод бўлиб турибди. Биринчидан, бу шаҳар географик жиҳатдан Индонезия архипелаги марказига яқин бўлса, иккинчидан, Индонезия давлатчилиги отаси ва халқ қаҳрамони Сукарно ҳам айнан шу шаҳарни пойтахт қилишга тавсия этган.

Мамлакатлар у ёки бу сабабларга кўра ўз пойтахтларини бир шаҳардан бошқасига кўчиришади, демак Индонезия бу борада тарихдаги илк давлат эмас. Яқин ўтмишга назар солган ҳолатда янада машҳурроқ мисолларни эслаб ўтамиз.

1. Қозоғистон

Хон Шатир — Нур-Султон архитектурасининг жавоҳири / GETTY IMAGES

1997 йилда Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев пойтахтни бош шаҳар Олмаотадан кўчиришга қарор қилди. Янги маъмурий-сиёсий марказ сифатида у пойтахтдан 1200 км шимолда жойлашган провинциал шаҳар Оқмўлани танлади — қозоқ тилида «оқ мақбара» маъносини беради.