Жамият | 21:00 / 30.08.2019
99168
20 дақиқада ўқилади

«Журналистдан қочган раҳбар эмас». Кабинетни ёқтирмайдиган Андижон вилоят ҳокимининг иш кунига назар

21 август куни таҳририят ижодий гуруҳи ҳоким билан бир кун лойиҳаси доирасида водийда бўлди. Бу сафар Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг бир иш кунига гувоҳ бўлдик.

Ҳокимнинг ҳафта кунлари турли масалалар учун тақсимланган экан. Шунга кўра, ҳоким душанба, сешанба ва чоршанба кунлари ҳудудларни айланиши белгиланган. 21 август куни чоршанба кунига тўғри келгани боис, вилоят ҳокими билан туманлардаги олиб борилаётган ишларни биргаликда кузатдик.

Ҳоким иш кунини эрталаб соат 6:00да кабинетига келиб, янгиликлар билан танишишдан бошлар экан. Ижодий гуруҳ билан соат 6:30да ҳоким ҳузурида бўлдик ва ўзаро кичик суҳбат ўтказдик.

«Ҳар куни эрталаб келиб биринчи қиладиган ишим ижтимоий тармоқларда Андижон бўйича қандай масалалар кўтарилгани билан танишиш бўлади. Кейин эса вилоятимизда бир сутка давомида тегишли ташкилот ва органлардан берилган ахборот билан танишиб чиқаман. Ахборот хизматига ОАВ орқали кўтарилган масалаларни ўрганиб чиқишни кўрсатма қиламан. Куни кеча вилоят ҳақида 3та маълумот чиқди. Шахсий телефонимга ҳамма ижтимоий тармоқлар уланган», дейди ҳоким.

У блогерларни ҳам ўқиб бораркан.

«Албатта блогерлар ҳам бор. Блогерсиз ҳаёт йўқ бўлиб қолди ҳозир. Шунингдек, ўзимнинг ҳам фейсбук ва инстаграмда саҳифаларим бор. Эрталабдан бир аёл фейсбуким орқали мактаб-интернат масаласида мурожаат қилибди. Шуни ўқиб вилоят халқ таълими бошлиғи билан гаплашдим. Ечим сифатида интернат ҳам жойида қолади, эски фойдаланилмай ётган коллежни янги мактаб қилиб очамиз. Бу мурожаатчи ҳам бир блогер. Агар шу саҳифалар бўлмаса бу муаммо анча вақтгача ечилмасдан қолиб кетиб, янги муаммоларни келтириб чиқарарди», дейди вилоят ҳокими.

Шундан сўнг ҳоким ва унинг ўринбосарлари иштирокида эрталабки кичик йиғилиш бошланди. Унда бир кунлик ишлар режалаштирилди. Бунга тахминан 10 дақиқа кетди.

7:00. Ҳокимлик биносида хитойлик инвестор ва бизнес омбудсман вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Хитойлик инвесторлар миллионлаб тонна қалампирга талаб мавжудлиги сабаб сотиб олишга тайёрлиги, ер берилса етиштириб ўзлари экспорт қилишлари ҳақида маълум қилишди. Ҳоким керакли барча ишларни бажаришни ўз зиммасига олишини айтди. Учрашув сўнгида меҳмонларга ҳокимлик совғалари берилди. Иккинчи учрашув бизнес-омбудсман вакиллари билан ўтказилди ва инвестиция масалалари муҳокама қилинди.

7:40. Йиғилишлардан сўнг, ҳудудларни айланишга йўл олдик. Жараён вилоят маркази Андижон шаҳридан бошланди. Даставвал, вилоят раҳбари марказий деҳқон бозорида (халқ тилида Эски шаҳар) нархлар билан танишди.

«Халқимизни қизиқтираётган энг катта масала сабзавотлар ва гўшт нархи. Гўшт нархи ҳозир ўйнаб турибди. Ҳозир бориб бир кўриб чиқамиз. Бу бозор Андижондаги энг катта бозор. Ҳозир ҳамма жойлар гипермаркетларга ўтказилмоқда. Юртбошимизга раҳмат, илтимосимизни қабул қилиб бу бозор сақлаб қолинди. Сабаби шундаки, бу бозор тарихий аҳамиятга эга», дейди ҳоким.

Шундан сўнг, бозордаги сабзавот ва гўшт нархлари билан танишдик. Бозордан чиққанимиздан сўнг, ҳоким савдогарлар айтган нархлар қанчалик ҳақиқийлигини алоҳида одам қўйиб текширтириб олишини айтди.

8:00. Андижон шаҳрида 30 миллион долларлик хориж инвестицияси асосида ташкил этилаётган «Бобур ХБК» МЧЖ корхонасининг икки объектидаги қурилиш ишлари билан танишилди. Турк тадбиркори ҳоким билан суҳбатда жами 3 минг кишилик ишчи ўрни яратиш бўйича режаларини маълум қилди.

8:45. Ҳоким шаҳарда жойлашган 40-сонли жисмоний нуқсонларга эга болалар учун ихтисослаштирилган болалар боғчасидаги шароитлар билан танишди. Ташриф мобайнида ҳоким билан суҳбатлашган қизалоқ «Орзуинг нима?» деб берилган саволга «Юриб кетиш» дея оддий ва самимий жавоб берди. Ҳоким бунинг учун барча ишлар қилинишини айтиб ўтди.

Шундан сўнг, вилоят раҳбари билан шаҳар ҳудудидан чиқиб кетдик. Навбатдаги манзил Балиқчи тумани эди. Бу туманнинг Ўрмонбек қишлоғидаги собиқ коллеж биноси ўрнида трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган «Тажмаҳал хакан савдо» МЧЖ корхонасининг очилиш маросими бўлиши режалаштирилган экан.

9:40. Ҳоким ушбу текстил корхонаси очилиш маросимида нутқ сўзлади. «Бу йигит худди мана шу ерда бир неча ой муқаддам менга чет давлатларга экспорт қилинадиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишини, ишчи ўрни яратишини маълум қилганди. Икковимиз қўл ташлашганимизни эслайман. Бу ерда 150 кишилик ишчи ўрни яратилган. Эртага улар ишларига яраша иш ҳақлари олса, демак юртбошимиз қўйган вазифанинг кичик бир белгисини ташкил қилибман дейман. Иккинчидан, бу ерда яна битта менга солиқ тўловчи қўшилмоқда», дея таъкидлади ҳоким ўз нутқида.

Кириш сўзидан сўнг ёши улуғлар билан корхонанинг очилиш маросими бўлиб ўтди ва корхона ўз фаолиятини бошлади.

«Бирорта бюджет ташкилоти ходимини далага яқинлаштирмайман»

Корхонанинг очилиш маросимидан сўнг, йўл кўрсаткичимизни Улуғнор тумани, Дўстлик массивида жойлашган «Шахрихонлик Зайнура» фермер хўжалиги томон бурдик. Йўл давомида ҳоким бу ташрифнинг мазмуни рамзий маънога эгалиги, ғалла экиш олдидан бу фермер аёлга мўйсафидлар билан дуо берилишини тушунтириб кетди.

10:00. Фермер хўжалиги ҳудудида бизни ёши улуғ инсонлар ва фермер Зайнура Шарипова кутиб олди. Мавсум деҳқончилиги олдидан Қуръон тиловат қилинди ва яхши ниятлар билан дуо қилинди.

10:30. Дала майдонидан қайтиш вақтида туман фермерлари ва мутасаддилари билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда ҳоким нутқ сўзлади: «Бу йил олдимизда катта синов турибди. Қасам ичиб айтаманки, пахта теримида бирорта бюджет ташкилоти ходимини далага яқинлаштирмайман. Ундан кўра, пахта далада қолса қолиб кетсин. Қолмайди албатта. Ҳаммасини терамиз. Лекин бюджет ташкилотлари билан эмас».

«Ҳоким ҳам бир одам»

11:00. Деҳқонлар билан суҳбатдан сўнг, йўл-йўлакай «Реал милк» МЧЖ қорамолчилик комплексига кириб ўтдик. Бу ерда чорвадор фермер билан суҳбат қурилди ва у ўз режаларини айтиб ўтди.

Улуғнор туманидан сўнг, Бўз тумани томон йўлга отландик.

11-55. Туманда ташкил этилиши кутилаётган «Сайёра фаввораси» МЧЖ трикотаж фабрикасининг қурилиш ишлари билан танишилди. Бу корхона 300 иш ўрнига эга бўлиши белгиланган экан.

Бу объектдан сўнг Шаҳрихонга қараб йўлга тушдик.

Йўл давомида ҳоким шундай гапларни айтиб ўтди: «Биласизми, қайсики касб бўлсин, уни тайёрловчи институтлар бор. Шифокор, ўқитувчи, машинасозлар ва бошқа касб эгаларини олайлик. Ҳаммасини тайёрловчи муассасалар мавжуд. Лекин ҳоким тайёрловчи институт йўқ. Ҳоким ҳамма нарсани билишга мажбур. Далага борса, деҳқон бўлиши керак. Қурилишга борса, қурувчи бўлиши керак. Таълимга борса, ўқитувчи бўлиш керак. Тадбиркорнинг олдида тадбиркор бўлиши керак, йўқса алданади. Лекин ҳамма нарсани биламан дейиш нотўғри. Ҳоким ҳам бир одам. У ҳам адашиши мумкин. Ўзимизнинг устимизда ишлаяпмиз, аммо барибир қаердадир хатога йўл қўяётган бўлишимиз мумкин».

12:20. Оғир ҳудуд саналмиш «Бирлашган», «Тумор» маҳалларидаги олиб борилаётган ишларни кўздан кечириб борар экан, ҳоким бизни ҳудуддаги йўл, ичимлик суви бўйича ишлар билан таништириб борди. Шу орада таъмирланаётган қабристонга ҳам тўхтаб ўтди ва масъулларга кўрсатма берди. Анча вақтдан бери мулкдори фойдаланмай ётган бинони болалар боғчаси сифатида реконструкция ишларини текшириб ўтди.

12:40. Бу вақтда ушбу оғир ҳудуд аҳолиси учун мўлжаллаб қурилган 45-мактабнинг очилиш маросимида бўлдик. Ҳоким ўз нутқида мактаб 420 ўринли бўлиб, 4 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфлангани, бундан мақсад ҳудуддаги болалар яхши ўқиб таҳсил олишига эришиш эканини таъкидлади. Маросим давомида ўқувчи болалар суҳбатлашди ва янги мактабни кўздан кечирди.

Мактаб фойдаланишга топширилганидан сўнг, вилоят ҳокими ва туман тадбиркорлари учрашиши учун белгиланган маиший хизмат коллежи биносига йўл олдик.

13:10. Тадбиркорлар ҳокимга ўзларининг лойиҳаларини таништириб беришди. Тадбиркорлардан бири ўз маблағлари ҳисобидан иш бошлаётганини айтди ва Наврўз байрамида фаолиятини бошлашни режалаштирганини маълум қилди. Ҳоким томонидан «бизга қандай хизмат?» дея берилган саволга «Очилиш маросимига шахсан ўзингиз келсангиз» дея жавоб қайтарилди ва ҳоким томонидан таклиф қабул қилинди. Тадбиркорлар билан суҳбат давомида ҳоким муаммо бўлса, тўғридан-тўғри ўзига алоқага чиқишлари мумкинлигини қўшимча қилди.

Асакага ташриф: икки тадбиркор беллашуви, муҳожир йигит жанозаси ва кутилмаган мурожаат

Пичоқчилар юрти бўлмиш Шаҳрихондан сўнг, автомобилчилар юртига айланган Асака томон йўл олдик. Ҳокимнинг ушбу туманга ташрифи биз учун кутилмаган ҳолатларга бой кечди.

14:30. Ниёзботир қишлоғи, «Меҳнатобод» МФЙда бўш ётган собиқ паррандачилик комплекси янги эгаларига топширилиши режалаштирилган ва бу масалада икки тадбиркор талабгор экан. Объектни топшириш бўйича қарор қабул қилиш учун ҳудуд мўйсафидлари чақиртирилган.

Йиғилганларга ҳоким қуйидагиларни айтиб ўтди: «Бир вақтлар хусусийлаштириш бошланди. Бу ўзимники деган қараш уйғонсин, шунда ўғирлатмайди, пул тикади деган ўй билан қилинган. Шунда бир хато бўлганки, ўша одамларга мажбурият юкланмаган. Ҳеч қандай мажбурият олмаган. Натижа нима бўлди? 70 фоизи бузиб кетди. Андижон вилояти республиканинг 1 фоиз ҳудудини ташкил этади, аҳолиси эса 10 фоизини. Тадбиркорга берилгач ишлатиши керак. Ўзи қилсин, инвестор топсин ёки икки қўлини кўтариб топширсин. Вилоят бўйича хатлов қилган эдик, 3770та шундай фойдаланилмай, хонавайрон бўлиб ётган объектларни аниқладик. Бу ерга сизларни йиғишимиздан мақсад очиқ ўйин қиламиз. Бу янги тадбиркорларни биргаликда синовдан ўтказамиз».

Икки тадбиркор ўз лойиҳаларини оғзаки тарзда таништириб ўтишди. Вилоят ҳокими ва қишлоқ катталари инвестиция ва муддатлар масаласини пухта ўрганиб, сўнгра қарор қабул қилишга келишишди.

15:30. Ушбу қишлоқ йўлларидан ўтаётган вақтимизда бир қизиқ ҳолатга дуч келдик. Эски ҳолатга келиб қолган икки қаватли уй эгалари, бир гуруҳ аёллар норози ҳолда йўл четида туришган экан. Вилоят раҳбари машинани уларнинг олдида тўхтатишга буйруқ берди.

Бу аёллар уйлари ёмон ҳолга келиб қолгани, уйларни таъмирлаш учун банк томонидан 9 фоиз кредит ажратилаётгани, лекин бунча фоизли кредит тўлашга қурби етмаслиги, шароитлари фақат 6 фоизлик кредит олишга етишини айтишди. Вилоят ҳокими мурожаатчиларни эшитиб, сўнг банк билан гаплашиб аҳоли учун 6 фоизга тушириб беришини, қолган 3 фоизи ҳокимлик ҳисобидан берилишини айтди.

15:50. Ушбу комплексдалигимизда шу қишлоқда яшовчи бир йигит Россияга ишлагани кетган укасини қидириб кетгани ва бегона юртда вафот этиб, майити қайтиб келганини айтиб қолди. Таъзия билдириш учун ушбу хонадонга кирдик. Таъзия билдирар экан ҳоким бу аввало унинг айби экани, бу фожиа вақтида ишчи ўринлари яратмагани туфайли содир бўлганини айтиб оиладан узр сўради. Ҳоким маъраканинг харажатларини зиммасига олиш билангина ёрдам қила олишини айтиб ҳамдардлик билдирди.

Асака туманидан сўнг, Марҳамат туманида олиб борилаётган «Обод туман маркази» дастури доирасида қилинаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари билан танишдик.

17:00. Ушбу қурилишлардан сўнг, шоир Муҳаммад Юсуф юрти саналмиш Қовунчи қишлоғида бўлдик. Бу ерда таъмирланаётган Муҳаммад Юсуф мактаби ва қабристонга кириб ўтдик. Қабристондаги ишлар билан танишиш вақтида ҳоким олдидан бир тадбиркор чиқиб қолди ва ўзининг шикоятини айта кетди.

«Мен ҳам ўзимнинг ҳисобимдан бир қабристонни таъмирлаётган эдим. Баҳорда сизга учраганман. 500та қорамол олиб келаман деб айтгандим. Ҳозирча 100та қорамол, 150та Швейцария эчкиси олиб келдим. Бироқ, ердан озроқ муаммоимиз бор. Адирдан ер олганмиз. Буғдой режасини ҳам бажариб бердик. Сувдан муаммо борлиги сабабли, ердан бир марта ҳосил оляпмиз. Шунга иложи бўлса пастроқ жойдан ҳам 20-30 гектар ер керак», дейди тадбиркор Улуғбек Йулчиев.

«Бўлди, ерингни мен ҳал қилиб бераман. Ундан муаммо йўқ. Қорамол қачон 500та бўлади?», дея унинг мурожаати ҳал қилинишини айтди ҳоким ва тадбиркорнинг ваъдасини олди.

Шу ерда қишлоқ оқсоқоллари ҳам битта намозхона қилиб беришни илтимос қилишди. Ҳоким лойиҳа тайёрланиб, бунга ҳам маблағ ажратилишига кўрсатма берди.

Марҳамат туманидан сўнг, ҳудудларни айланишни Хўжаобод туманига йўналтирдик. Соат тахминан 18:00дан соат 19:00гача «Само текстил» корхонаси томонидан янги қурилаётган бетон ишлаб чиқарувчи комплекс ва текстил маҳсулотларига мўлжалланган «Олий стандарт текс» МЧЖнинг очилиш маросимида бўлдик. Очилиш маросимида вилоят раҳбари тадбиркор Нуриддин Абдураҳмоновга алоҳида миннатдорчилик билдирди. Ушбу корхона лойиҳаси вақтида вилоят ҳокими очилиш маросимида қатнашишга келишини ваъда қилгани, бундай ишлардан чарчамаслигини айтиб ўтди ва кабинетни ёқтирмаслигини тилга олди.

Ҳоким йўл давомида нега барча очилиш маросимларида қатнашишга ҳаракат қилишини тушунтириб берди.

«Бу тадбиркорларга бу биноларни бериш вақтида улар билан қўл ташлашамиз. Бу ишни яхши қилиб йўлга қўйса, очилиш маросимларига боришни ҳам ваъда қиламан. Ҳам ваъдага вафо, ҳам айтилган ишлар ростдан қилиндими, йўқми текшириб оламан. Руслар айтадику, «Доверяй, но проверяй» деб. Шунингдек, агар битта тадбиркор пайдо бўлса, ишчи ўрни бўлади, ишлаб чиқариш бўлади ҳамда битта солиқ тўловчи кўпаяди. Солиқ билан давлат бюджетидан ошиқ қисми маҳаллий бюджетга берилади. Бу пул билан мен кўчаларни асфальт қиламан, ичимлик суви ва ҳоказоларни қилишим мумкин бўлади», дейди у.

Хўжаободдан Хонободга ўтдик. Шу орада Қўрғонтепа туманида жойлашган «Мурувват уйи»га кириб бу ердаги жисмоний ҳолатида нуқсони бор болалар ҳолидан хабар олинди. Ҳоким болаларга совғалар улашди. Ушбу жойдан қайтар вақтимизда ҳоким тез-тез шу жойга кириб ўтишини, болалар ҳолидан хабар олса, кўнглидаги ғашликлар, стресслар озроқ бўлса-да камайишини айтди.

«Журналистдан қочган раҳбар, раҳбар эмас»

Узоқ вақт ҳудудларни айланиб Андижоннинг энг хушманзара жойи Хонободга ҳам кириб келдик.

20:30. Шаҳарга кириш жойида адабиётшунос Раҳмон Қўчқор билан учрашиб қолдик. У ҳоким билан баъзи масалаларда суҳбатлашиши лозимлигини, кейинроқ бир ёнига кириб ўтишини айтди. Унинг таклифига жавоб сифатида вилоят ҳокими қуйидагиларни айтди: «Ҳар қандай вақт олдимга келишингиз мумкин. Эшигим доим очиқ. Шу ўринда бир гап. Журналистдан қочган раҳбар, раҳбар эмас. Нега масалан мен журналистлардан қочишим керак?! Мен ишлаяпман-ку? Тўғри, узоқ йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларни ечиш оғир бўляпти. Лекин шу ишлашда бўлса, 1-2 йилда халқимизни ўйлантираётган ҳамма масалаларни ечамиз».

21:00. Ҳоким янгича лойиҳа саналмиш «Кубикоин» корхонаси томонидан Биткоин (электрон пуллар, 1,2 миллион доллар) ҳамда электромобил ишлаб чиқарилишини (7 миллион долларлик) кўздан кечирди ва хорижлик инвесторлар билан учрашди.

21:30. Юқоридаги ишлар баҳонасида Хонободдаги дам олиш учун мўлжалланган дала ҳовлилар комплексига ташриф буюрдик ва ҳовлилардан бирида бўлдик.

«Бу ҳовлилар 24-25 кунда шу ҳолатга келтирилди. Президентимизнинг ғояси шундай бўляптики, Андижон аҳли шанба-якшанба кунлари қаерда дам олади? Андижонда ҳеч қаерда жой йўқ-ку. Хонобод билан Андижон шаҳри ўртасида 6-7 даража фарқи бор. Бу ерни бежизга «Ўзбекистон Швейцария»си деб айтишмайди. Шунинг учун, муҳтарам президентимиз келган вақтда «бу ерларда одамлар учун қулай, арзон лойиҳа қилинглар. Қиммати керак эмас», деб топшириқ берганди. Шу сабабли, буни ҳаммага эълон қилдим. Мана хоҳловчилар бўлса, мана лойиҳаси 60 миллион сўмлик, мана ер 2 сотихдан деб айтдим. Бюджет ташкилотлари хоҳласа ҳам бермадим. Чунки эртага менга ортиқча гап керак эмас. Бу ерда қанақа мажбурий меҳнат бўлиши мумкин?! Ҳашар деганда фақат Вазирлар Маҳкамасининг 17-18 август кунлари умумхалқ ҳашари деб эълон қилинди. Якшанба куни (18 август – таҳр.) шу ердан ер олган ташкилотларимиз, тадбиркорларимиз ўзлари чиқишиб ҳашарни шу ерда ўтказишди. Бунинг қандай ноқонуний жойи бор? Йўлни «Автойўл», сувни «Сувоқова» ташкилоти, электрини электр учун масъул ташкилот, гул кўчатларини ободонлаштиришдагилар қилишмоқда. Ҳаммасига маҳаллий бюджетдан маблағ ўтказиб бердик. Тадбиркорлар, ташкилотлар ходимларини жўнатиб турса, маданий ҳордиқ олиши учун замин бу. Худо хоҳласа, кейинги йили Наврўз байрамини шу ерда ўтказишни ният қиляпман. Юртбошимиз сайил тариқасида бўлсин деб айтмоқда», дейди ҳоким.

Шу билан туманлардаги ишларни кўздан кечириш жараёни тугади ва вилоят марказига қайтдик. Олдинда 1,5 соатли йўл бор эди.

«Қўлимизда бир сўм пул йўқ эди»

23:00. Ҳоким иш кабинетига қайтганидан сўнг, бир кунлик йиғилиб қолган ҳужжат ишлари билан машғул бўлар экан.

Ҳужжатларни кўриб чиқар экан вилоят ҳокими бизга юзланди.

«Мана салкам 18 соат юриб ҳудудларни кўздан кечириб чиқдик. Президентимиз ҳокимларга инвестиция, аҳоли муаммолари, тадбиркорлар масаласида бемалол, тўғри ишлаши учун ҳамма шароитларни қилиб берди. Мен аввал ҳам раҳбар бўлиб ишлаганман, лекин у вақтларда қўлимизда бир сўм пул йўқ эди. Бирор муаммони ҳал қилиш учун «юқори»га хат ёзардик. Ҳозир маълум солиқ тушумларини қилсак, ортиғини маҳаллий бюджетга тушириш йўлга қўйилди. Бу йил ҳисобидан 1 триллион сўм вилоят маҳаллий бюджетига тушишини ният қилганмиз. Ҳудудларда бирор муаммо бўлса, маҳаллий бюджетимиздан ҳал қила оламиз. Шундай имкониятларда қаттиқ ишламасак виждон ҳам қабул қилмайди. Ҳозир ҳоким бўлиш ҳам шараф, ҳам жуда катта масъулиятдир», дея сўзларини якунлади вилоят ҳокими.

Шундан сўнг вилоят ҳокими билан хайрлашдик. Ҳоким ҳали озроқ ҳужжат ишлари борлигини айтиб узр сўраб, кабинетида қолди.

Мухбир: Баҳодир Аҳмедов
Тасвирчилар: Муҳаммаджон Ғаниев, Нуриддин Нурсаидов

Қўшимча ўрнида: Kun.uz ушбу лойиҳани давом эттиради ва ҳокимлар, турли мансабдор шахсларнинг бир иш куни қандай ўтишини ўқувчиларга тақдим этиб боради.

Мавзуга оид