Башариятнинг бир неча минг йиллик кўҳна тарихи далолат берадики, жуда қадим замонлардан бери одамлар теварак-атрофдаги табиат билан узлуксиз равишда мулоқотда бўлиб, унга кимё воситасида таъсир этганлар ҳамда ўзлари учун зарур материал ва маҳсулотларни олганлар.

Бунга мисол тариқасида металл эритиш, шиша ва сопол, газламалар учун бўёқ тайёрлаш, тери ошлаш, нон ёпиш, ҳаётни узайтирадиган универсал дори (ҳаёт элексири) ни топишга, оддий металларни қимматбаҳо металларга айлантириш, чидамли қурол-яроғ яратиш учун чидамли ва пишиқ металларни топиш масалалари билан қизиққанликларини, жумладан, дунё аҳлини ўзига маҳлиё қилган Самарқанд, Бухоро, Хива ва юртимиздаги барча осори-атиқалари ҳамда, уларда яширинган тилсимот ечимлари изларини келтириш мумкин.

Аждодлар томонидан яратилган, бизга тилсимлигича етиб келган буюк кашфиётларни англаб, илмий асосига етиб, янада ривож топтириш, барча йўналишлардаги илмларни сўнгги чегарасигача эгаллаш юзасидан Мовароуннаҳр, Хуросон ва Туркистон ўлкаларида иккинчи уйғониш жараёни даври учинчи минг йиллик арафасида амалга ошишидан илҳақ ва умидвормиз.

2017 йил Наврўз байрами арафасида давлат раҳбарининг топшириқ ва тавсиялари билан Зокиржон Машрабов бошчилигидаги бир гуруҳ ўзбекистонликлар Ҳиротдаги Алишер Навоий ҳазратлари мақбараси атрофида 2 гектарлик боғ барпо этиб, «Иккинчи Моний» деган фахрий унвон соҳиби Камолиддин Беҳзод ва жияни Рустамнинг ёнма-ён қабрларига ёдгорлик ўрнатишгани, афғон тупроғида қабрлари қолган аллома ватандошларимизнинг қадамжоларига ҳурмат келтириб, мақбараларини тиклашганлари ва бу ишни давом эттиришлари ҳақидаги видеофильмни кўриб чин дилдан қувонасан.

Kun.uz электрон нашрининг «Самарқандча калейдоскоп сири» сарлавҳали фотомақоласини кўриб, ўқиб, Қурбон ҳайити арафасида Мирзо Улуғбек мадрасаси чап ёни орқа қисмидаги миноранинг кошинлари ўпирилиб тушгани ҳолатига назаринг тушиб ачинасан киши, бир мутахассис сифатида меҳнат фахрийси бўлсанг-да, енгингни шимариб ишга киришиб кетгинг келади.

Менинг ёшим 70ни қоралаяпти. 17 ёшимда юртимиздаги тарихий обидаларга терракот, кошин, майолика тайёрлаб берувчи Самарқанд илмий ишлаб чиқариш устахонасига қолипловчи (формовщик) бўлиб ишга кирганман.

37 йиллик меҳнат фаолиятим даврида уста Азиммурод Хўжаевдан тупроқ танлаш, лой тайёрлаш, қолиплаш, қуритиш, бўёқ тайёрлаш, кошин тайёрлаш печда пишириш ва тайёр маҳсулот олишгача бўлган барча сир асрорларни, Ўзбекистонда хизмат кўрсат уста Абдунасим Ғофуров, Тиллакори мадрасаси фасадини қайта таъмирлашда 6 хил ранглар ихтиро қилиб, якуний таъмирдан чиқаргани учун «Ҳамза» номидаги давлат мукофоти совриндори бўлган уста Тошмуқум Қурбанов, уста Мелик Қамаровдан терракот тайёрлаш, кошин ва майоликаларга ранг тайёрлаш, сирлаш, кошинлар тайёрлаш, майоликалар тайёрлаш сир-асрорларини етарлича эгалладим. Қўшимча ранглар топишга ҳам муваффақ бўлдим. Ўша даврда 6-разрядли уста мақомига эришдим. Бу соҳанинг ўтган усталардан бизгача етиб келган ва ўзимиз кашф қилган кўп сир-асрорлари ичимизда, хотирамизда қириб ташласа ҳам ўчмас бўлиб муҳрланиб қолган.