Ўзбекистон | 16:02 / 04.09.2019
5660
4 дақиқада ўқилади

Бухоро вилоятида «Ёшлар – келажагимиз» давлат дастури бор-йўғи 33 фоизга бажарилган

Жорий йил 4 сентябрь куни халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашининг навбатдаги 60-сессияси бўлиб ўтди. Видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган йиғилишда Сенат аъзолари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви идоралари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Сессия ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева иштирок этди ва нутқ сўзлади.

Қайд этилишича, вилоятда хусусий бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш борасида бир қатор муаммолар мавжуд. Хусусан, бугунги кунда вилоятда 19 минг 685 та тадбиркорлик субъекти рўйхатга олинган бўлиб, жорий йилнинг ўзида 4 минг 452 та тадбиркорлик субъекти янгидан ташкил этилган. Аммо тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш борасида етарли ишлар олиб борилмагани оқибатида уларнинг қарийб 1 минг 50 таси ўз фаолиятини тўхтатган. Фаолият кўрсатмаётган кичик тадбиркорлик субъектлари Бухоро шаҳрида (208 та), Ғиждувон (218 та), Бухоро (155 та) ва Шофиркон (106 та) туманларида кўпчиликни ташкил этади.

Йиғилишда тадбиркорлик ривожига халал бераётган муаммолар таҳлил этилар экан, кредитлашнинг бирламчи талаблари етарлича инобатга олинмагани, банклар ҳамда уларнинг мижозлари ўртасидаги муносабатларнинг лозим даражада йўлга қўйилмагани ана шундай тўсиқлардан бири эканлигига алоҳида урғу берилди. Бу йўналишдаги камчиликлар оқибатида бугунги кунда вилоятда муддатида қайтарилмаган кредит ва фоиз тўловларидан жами 23 миллиард 300 миллион сўмлик муаммоли қарздорликлар юзага келганлиги ҳам таъкидлаб ўтилди. Бундай ҳолат тижорат банкларининг молиявий ҳолатига салбий таъсир кўрсатиши баробарида миллиардлаб сўмлик маблағларни тадбиркорлик ривожи учун қайта йўналтириш имконини ҳам чекламоқда.

Бундан ташқари, жорий йил 1 август ҳолатига кўра вилоятда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларининг бюджет солиқ қарздорлиги 57,3 млрд. сўмни ташкил қилди, август ойи давомида 22,5 млрд. сўми ундирилиши таъминланди. Қолган қарздорликлар миқдорини камайтириш бўйича солиқ идоралари таъсирчан чораларни кўриши талаб этилиши алоҳида таъкидланди.

Вилоятнинг экспорт салоҳиятини ошириш кўп жиҳатдан эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятига ҳам боғлиқ. Ҳозирда вилоятда “Ғиждувон”, “Бухоро–Агро” (ЭИЗ) ҳамда 8 та кичик саноат зонаси (КСЗ) фаолият юритмоқда.  Улар фаолиятида транспорт, ишлаб чиқариш ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини барпо этишда ечимини кутаётган қатор муаммолар мавжуд.  

Шу билан бирга, вилоятда “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастурининг ижросини таъминлаш, айниқса, ёшлар тадбиркорлиги ва ташаббусларини рўёбга чиқариш борасидаги ишлар самарадорлиги ҳам пастлигича қолмоқда. 2019 йилга мўлжалланган мазкур дастур шу кунга қадар вилоятда бор-йўғи 33 фоизга бажарилган.

Сессияда сўзга чиққанлар қайд этилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан вилоят ташкилотларини жалб қилган ҳолда вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда амалга ошириладиган аниқ чораларни белгилаб олиш ҳамда уларнинг ўз вақтида ижро этилиши юзасидан қатъий назорат ўрнатиш лозимлигини уқтирдилар. Хусусан, масъул тузилмаларни жалб қилган ҳолда фаолияти тўхтаб қолган тадбиркорлик субъектларининг аниқ рўйхатини шакллантириб, келгусида улар ишини қайта йўлга қўйиш ёки қонунчиликда белгиланган тартибда тугатиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш зарурлиги айтиб ўтилди.

Мавзуга оид