Тилимизга «ақлли» ҳисоблагичлар ибораси кириб келганига кўп бўлмаган бўлса-да, ҳудудларда истеъмолчиларни замонавий ҳисоблагичлар билан таъминлаш ишлари якунланмоқда. Айни вақтда Бухоро вилоятида 230 минг хонадонда янги ҳисоблагичлар ишлаб турибди. Ҳозирда Ғиждувон, Пешку ва Вобкент туманларида замонавий ҳисоблагичлар ўрнатиш ишлари якунланди.
Ноқонуний фойдаланмоқчи бўлсангиз, ҳисоблагич операторга хабар юборади.
Биз бу борадаги янгиликларни билиш ва янги ҳисоблагичнинг хусусиятларини ўрганиш учун Бухоро вилоятида бўлдик. Янги тизим дебитор қарздорликка бутунлай барҳам бериш, электр энергияси таъминотида узилишларга йўл қўймаслик, энергия йўқолишини кескин қисқартириш ва ундан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олиш имконини берар экан. Бу борада вилоятда Жанубий Корея билан кенг ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Шу асосда электр энергияси таъминоти сифати имкониятларини кескин кўтариши кутилаётган лойиҳа – электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ) жорий этилмоқда.
– Аввалига Қоровулбозор туманида бу лойиҳани синовдан ўтказдик, – дейди ЭЭҲО ва НҚАТ лойиҳасини жорий қилиш бўйича «Корея Телеком» компаниясининг Бухоро ҳудудий вакили Хан Су Ким. – Лойиҳа кўмагида қарздорлик 90 фоизга камайиб, тушумлар 60 фоизга ортганига гувоҳ бўлдик. Йил охирига қадар Бухоро вилояти тўлиқ қамраб олинади. Ҳар бир ҳудуд билан автоматик алоқа йўлга қўйилади. Асосийси истеъмолчи электр энергиясидан ноқонуний фойдаланмоқчи бўлса, автоматик ўчиб, операторга хабар юборади. Ушбу ҳисоблагични очишга уриниб кўрсангиз бас, компьютер марказидаги сигнал ишга тушиб, қайси ҳудуд, қайси хонадонда ушбу воқеа бўлаётганигача хабар беради. Бу эса янги тизимда электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш бутунлай барҳам топишига олиб келади.
Электрон ҳисоб тизими ҳар куни эрталаб истеъмолчи қанча электр энергия ишлатгани ҳақида маълумот олади. Агар унинг ҳисобварағида маблағ кам қолган бўлса, «смс» хабарнома боради. Сўнгра тизимга автоматик токдан ажратиш ҳақида топшириқ берилади. Қарздорлик бартарф этилиши билан тизимни ёқиш ҳақида хабар юборилади. Муҳими бу тизим инсон омилисиз тўлалигича автоматлаштирилган.
Замонавий ҳисоблагичларнинг ишлашидан шикоятлар мавжуд эмас. Бундай ҳолат исботланган вазият мавжуд ҳам эмас. Бунда битта нарсани инобатга олиш керак. Яъни ҳисоблагичларда иккита ўлчов нуқтаси бор. Бири фаол фаза бўлса, иккинчиси «ноль» ўлчов нуқтаси. Мазкур нуқталарнинг қайси бирида киловатт кўп бўлса, шу ҳисобга олинади.

















