11:40 / 08.09.2019
10
69788

Самарқандда улкан мардикор бозори барпо этиш истаги ортида қандай ниятлар яширин?

Таҳририятга Самарқанд шаҳридаги Садриддин Айний кўчасида фаолият юритувчи тадбиркорлар ҳамда шу кўчада яшовчи фуқаролардан савдо дўконлари ва хонадонлари мажбурий бузилишга тушгани ҳақида мурожаат келиб тушди.

Қатор вилоятларда «снос» - сўнгги ойларда юз берган мажбурий бузилишлар билан боғлиқ воқеалардан сўнг ҳам бундай ҳолат такрорланиши, ноқонуний тарзда бировнинг мулкини бузишга уриниш бўлишига ишониш қийин, албатта. Шу сабабдан, масалага ойдинлик киритиш учун ана шу кўчада жойлашган бир қатор хонадон ва дўконлар эгалари билан суҳбатлашдик.

Дарҳақиқат, аллақачон Садриддин Айний кўчасида жойлашган бир неча дўконларни бузиш ишлари бошлаб юборилган экан. Қолганларига ҳам бузиш бўйича топшириқлар берилган. Шунингдек, мазкур кўчадаги 2-«Б» манзилда жойлашган Фирдавс Қодировга тегишли уй-жойни бузиш тўғрисида ҳам шаҳар ҳокимлиги томонидан аллақачон фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судига даъво аризаси киритилган.

Шу кўчадаги 5-уйда жойлашган «Нур» хусусий корхонаси таъсисчисининг маълумотига кўра, корхона 1990 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда. 11 киши доимий иш билан таъминланган. Шу ва яна бир қатор бинолар бузилишга тушганидан уларнинг эгалари норози. Хуллас, 2та уй-жой, 6та нотурар жой бузилиши маълум.

Хўш, бузилишлар учун нима асос қилинган?

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари мазкур хонадонлар ва савдо дўконлари бузилишига Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Ариповнинг тасдиқлаган баённи асос қилиб кўрсатишмоқда. Яъни, ҳукумат раҳбари раислигида ўтказилган йиғилиш баёнига асосан мазкур ҳудуддаги бино ва уйлар бузилиб ўрнига меҳнат бозори барпо этилишини таъкидлашмоқда.

Бузилишга тушган бинолар эгалари эса «Бош вазир бизнинг биноларни эмас, шу кўчада жойлашган «Ўзагрокимёҳимоя» ҳудудий АЖга тегишли биноларни бузишга кўрсатма берган, шаҳар ҳокимлиги эса бош вазир баҳонасида бизнинг мулкларни бузмоқчи», дейишмоқда.

Бошқа томондан, айнан бош вазирнинг ўзи кейинги ойларда бузилиш ишларини кескин қоралаб чиққани ҳам бор гап. Жумладан, жорий йил 31 июлда ўтган видеоселекторда мазкур муаммо юзасидан Абдулла Арипов шундай фикрларни билдирганди:

«Ўзбек тилида янги сўз пайдо бўлди – «снос». Президентимиз мазкур масала юзасидан жуда катта эътироз билдирди, бу бўйича янги қарор лойиҳасини тайёрлаяпмиз. Асоссиз бузилишлар тақиқланди. Бундан кейин бузиш бўйича унинг қанчалик зарурати, эҳтиёжи, қурилиш нормалари, архитектура нормалари ва ҳоказолар бўйича менинг биринчи ўринбосарим Очилбой Раматов бошчилигидаги ишчи гуруҳ кўриб чиқади. Иқтисодий жиҳатдан тўғрилиги бўйича Молия вазири, Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари Жамшид Қўчқоров бошчилигидаги ишчи гуруҳ кўриб чиқади. Ундан кейин бош вазирга киритилиб, қабул қилинган қарор бўйича амалга оширилиши мумкинлигини эълон қилдик».

Хуллас, аҳоли Бош вазирнинг уй ва дўконларни бузиш ҳақдаги буйруғи борлигига ишонмаяпти. Хўш, аслида нима бўлган? Ростдан топшириқ бўлганми ёки йўқ?

Мана бу ҳужжат — жорий йилнинг май ойида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов раҳбарлигида ўтказилган сайёр йиғилишлар баёни:

Йиғилиш баёни 10-бандига эътибор беринг, унда шундай ёзилган:

«Самарқанд вилояти ҳокимлиги (Турдимов), Давлат активларини бошқариш агентлиги (Ҳайдаров) ва «Агрокимёҳимоя» АЖ (Исаев)нинг Самарқанд шаҳри Садриддин Айний кўчаси, 2-уй манзилда жойлашган Самарқанд вилояти «Агрокимёҳимоя» ҳудудий акциядорлик жамиятига тегишли бўлган бино ва иншоотларни ер майдони билан бирга Самарқанд шаҳар ҳокимлиги балансига ўтказиш ва мазкур ҳудудда меҳнат бозори барпо этиш бўйича ишлаб чиқилган лойиҳа таклифи маъқуллансин».

Кўриб турганингиздек, йиғилиш баённомасида фақат «Агрокимёҳимоя» АЖга тегишли бино ва иншоотлар ШАҲАР ҲОКИМЛИГИ БАЛАНСИГА ЎТКАЗИЛИШИ ва унинг ЎРНИДА МЕҲНАТ БОЗОРИ БАРПО ЭТИШ ТАКЛИФИГА РОЗИЛИК берилмоқда. Бош вазир тасдиқлаган ҳужжатда ҳеч қандай ёндош уй-жойлар, тадбиркорлик субъектларига тегишли бинони бузиш, мажбурий чиқариш, давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ва уларга компенсация тўлаш кўзда тутилмаган. Шаҳар ҳокимлиги эса Бош вазир номидан фойдаланиб, тадбиркорларнинг юриб турган ишини пароканда қилмоқда ва ноўрин харажат (компенсация) сабаб маҳаллий бюджетга ҳам зарар келтирмоқда.

Мана шу ҳужжат билан яхшигина таниш фуқаролар табиийки, воқеалар бошқача тус олишига рози эмас.

Бош вазир кўрган режа қачон ўзгариб қолди?

Қуйидаги сурат Самарқанд вилояти ҳокимининг телеграм тармоғидаги расмий каналида эълон қилинган постдан олинган. Унда айнан Бош вазир иштирокида ўтказилган йиғилиш баёни тилга олинади (Садриддин Айний кўчасида жойлашган «Агрокимёҳимоя»га тегишли бино ва иншоотлар қизил тўғри тўртбурчак билан ажратиб кўрсатилган).

Бош вазирга кўрсатилиб, тасдиқлангани катта шубҳа остига олинаётган қуйидаги бош режада эса, Садриддин Айний кўчаси юзасидаги фуқароларга тегишли турар ва нотурар жойлар ўрнига ҳам янги иншоотлар қурилиши назарда тутилмоқда.

Агар бу уйлар ҳам бузилиши бош вазир иштирокида муҳокама қилинганида, нега баённомага бузилиши айтилаётган бошқа уйлар эмас, айнан 2-уй киритилган? 

Юқорида ҳам таъкидлаб ўтилди, Самарқанд шаҳар ҳокимлиги бузилиши назарда тутилган уй-жойлар учун фуқароларга албатта пул таклиф қилмоқда. Айтайлик, биргина юқорида тилган олинган кўчадаги 2-«Б» уй учун Ф.Қодировга 600 миллион сўм таклиф қилинмоқда. Бошқаларга ҳам албатта белгиланган тартибда шаҳар ҳокимлиги томонидан маблағ берилиши маълум қилинмоқда.

Хўп, яхши. Аммо шаҳар бюджети томонидан шунча маблағ сарфлаб биноларни сотиб олиш нега керак бўляпти? Ахир, шахсан бош вазир ҳудуди салкам 2 гектар келадиган майдонни ажратишни маъқуллаб турган бўлса? Нима сабабдан бу баённомага киритилмаган қўшни бинолар ҳам катта маблағ эвазига бузилиши, бундан ташқари тадбиркорлик субъектлари фаолияти тўхтаб қолиши керак? Наҳотки, самарқандликларнинг меҳнат бозори (халқ тилида — мардикор бозор) учун бунча майдон камлик қилмоқда?

Агар гап шу кўчадаги айрим дўконларнинг кўримсизлиги ҳақида кетаётган бўлса, катта маблағ эвазига уни сотиб олиш ҳамда тадбиркорнинг ишини тўхтатиб қўйиш ўрнига, дўкон эгасига бинони шаҳарсозлик меъёрларига мослаб, талаб қилинаётган кўринишда таъмирлашни тавсия этишнинг ўзи кифоя эмасми?

Самарқанддаги қўнимсиз «мардикор бозорлар»

Мурожаат эгалари эса уларга тегишли жойлар ишсиз инсонларга шароит яратиш учун сотиб олинаётганига ҳам шубҳа билан қарашмоқда.

Чунки бир пайтлар Самарқанд шаҳридаги мардикор бозори Регистон яқинидаги Ўзбекистон тарихи музейи орқасида бўлган. Кейинчалик Панжакент кўчаси бўйлаб силжий бошлайди ва аввалига Карвонсарой ҳудудига ўтказилади. Ундан кейин яна уйлар бузилиб, меҳнат бозори учун янги жой барпо этилади. Аммо бугунги кунга келиб, у ерда хусусий меҳмонхона қад ростлаб турибди. «Мардикорлар» учун эса Панжакент кўчасидан жой ажратилган. Ҳозир у ерда супермаркет ишлаб турибди. Орадан маълум муддат ўтиб меҳнат бозори учун Панжикент кўчасидан ажратилган яна бир ҳудудда ҳозир автосалон жойлашган.

Умуман, неча марта меҳнат бозори учун жой ажратилган бўлса ҳар доим кейинчалик бу ер кимгадир «берилган». Садриддин Айний кўчасидаги фуқаролар бошига тушган вазият ўша яқин ўтмишни ёдга солмоқда. Энг қизиғи, йиллар давомида меҳнат бозори учун неча марта жой ажратилган бўлишига қарамай, айни вақтда ишсиз фуқаролар у ердан фойдаланишмайди, шундоққина катта кўча ёқасида туриб иш кутишади.

Самарқандга ибтидоий «мардикор бозори» нега керак?

Самарқанд шаҳар ҳокимлигининг меҳнат бозори бўйича лойиҳаси тасдиқланиши бир қараганда, албатта, инсонпарварликдек кўринади. Аммо бунинг учун шаҳар ҳудудининг катта қисмини ажратиш (агар ростдан ҳам атрофдаги уй-жойлар ҳокимлик ихтиёрига олингач, меҳнат бозорига айлантирилса...) қай даражада мақсадга мувофиқ?

Асосий савол шуки, бутун дунёда меҳнат бозори вазифасини бажарувчи корхоналар инновацион технологиялар асосида юритилиб, асосан онлайн тарзда фаолият юритаётган бир пайтда, нега биз Самарқанддек шаҳарда гектар-гектар майдонда «мардикор бозор» қуришимиз керак?

Ривожланган мамлакатларда одатда фрилансерлик фирмаси деб номланувчи бундай корхоналар атиги бир нечта ихчам хонада фаолият олиб бориб асосан бўш иш ўринлари ҳақдаги хабарлар онлайн тарзда келиб туради. Қатор бундай фирмалар ҳам иш ўринлари ҳақда ишсизларга тинимсиз маълумот етказиб туриб, ҳам даромад кўради, ҳам давлатга солиқ тўлайди.

Бугунги кунда барчада — мардикорларда ҳам уяли телефон бор. Айтайлик, битта хонада туриб ҳар қандай иш берувчининг таклифини телеграмда очилган гуруҳга жойлаштириб бориш ёки СМС орқали маълумот алмашиш мумкин-ку?! Оддийгина меҳнат бозори учун одамларни чирқиратиб, уларнинг ихтиёрига қарши бориб, маҳаллий бюджетдан миллиардлаб компенсация тўлаш ўзини оқлармикин?..

Кейинроқ, бу ҳудуд ҳам мардикорлар томонидан фойдаланилмасдан бирор тўйхонами ёки ресторанга айланиб кетмайди, деб ким кафолат беради? Янги мардикор бозори қуриш учун сарфланиши кўзда тутилган ўша пуллар тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва янги иш ўринларини яратиш учун, ёинки иш билан таъминлашнинг инновацион услубларини жорий этиш учун сарфланса давлат фуқароларга янада кўпроқ наф келтирмайдими?

P.S. Бу мақола тарихда қолади. Кўрамиз, «Самарқандча инновацион мардикор бозор» қанча вақт фаолият кўрсатар экан?…

Шуҳрат Шокиржонов, Анвар Мустафоқулов,
Kun.uz мухбирлари.

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top