21:15 / 09.09.2019
4
20019

Kun.uz билан Американинг машҳур янгиликлар музейи – Newseum’га саёҳат!

Сўнгги йилларда жадал ривожланиб бораётган ОАВ тарихи қандай шаклланганига қизиқасизми? Ўнлаб камералар қаршисида ўзингизни бошловчи сифатида синаб кўришни истайсизми? Дунёдаги энг ажойиб ва интерактив журналистика музейига саёҳат қилишни-чи? Ундай бўлса Вашингтонга йўлингиз тушса, йилига миллионлаб сайёҳларни қабул қилувчи Newseum музейига ташриф буюришингизни маслаҳат берамиз. Бугун эса Kun.uz мухбири Феруза Авазова ушбу музейдан тайёрланган махсус фоторепортаж билан ўртоқлашади.

Етти қаватдан иборат ушбу музей АҚШ пойтахтидаги Песильвания-авенюда жойлашган. У даставвал 1997 йилда Арлингтонда очилган эди. Бироқ 2002 йилда музей ўз фаолиятини тўхтатади. Кейинчалик янги бинонинг қурилиш ишлари бошланиб, 2008 йилда расман ишга тушади.

Музей ташқи қиёфаси билан дарҳол эътиборимизни тортди. Бинонинг олд қисмида 45 сўздан иборат Америка фуқароларининг ҳуқуқлари ва сўз эркинлигини таъминлайдиган конституциядан мисралар келтирилган.

Манба: www.newseum.org

Бу ерда 16 асрдан бошлаб шу кунга қадар журналистика деб аталмиш қизиқарли соҳанинг ривожланиш тарихи билан танишиш мумкин.

Қизиғи шундаки, музей давлат томонидан эмас, балки саховатли шахслар, корпорациялар, ташкилотлар томонидан хайрия лойиҳаси сифатида ташкил этилган. 

Юқори технологияли, интерактив музейда 15 театр, 14 улкан галерея, 2 замонавий эфирга узатиш студиялари, 4-D шаклидаги суратлар мавжуд бўлиб, йиллар давомида ОАВ қандай қилиб асл ҳақиқатни оммадан яширгани, дунёнинг бошқа бурчагидан содир бўлган ҳодиса бошқа манзилда қай тариқа ёритилганини кўриб ҳайратда қоласиз.

2001 йил 11 сентябрь куни АҚШда содир бўлган фожиа дунё газеталарининг бош саҳифаларида

Агарда сиз ўзингизни бир лаҳзага бўлса ҳам репортёр ёки фотокорреспондент сифатида синаб кўрмоқчи бўлсангиз, Newseum музейида ажойиб имконият мавжуд. Амалий машғулотлар сайёҳларга журналистиканинг чинакам оламига сайр қилиш, турли интерактив ўйинлар орқали айрим интервьюларга қарши моҳирона жавоб бериш кўникмаларини шакллантиришга ёрдам беради.  

Музейдаги театрлар дунёга машҳур дастурлар, ҳужжатли фильмлар, халқаро миқёсдаги йиғилишлардан ёзиб олинган чинакам журналистик материаллар билан танишиш имконини беради.  

Newseum TV Studio ва Pennsylvania Avenue Studio кўп ҳолларда йирик жамоат учрашувлари, теледастурлар ўтказиш учун асосий майдон сифатида хизмат қилади. Шу сабабли айрим ҳолларда сайёҳлар тасодифан катта аудиториянинг бир қисмига айланишлари мумкин. Шунингдек, бу ерда АҚШнинг таниқли собиқ радиожурналистлари, бошловчилари билан тўғридан-тўғри тур уюштириш имкони бор.

Журналистика музейи мени шу қадар ўзига тортдики, бу ерда инсоният тарихида рўй берган энг сўнгги янгиликлар кўз олдингизда гавдаланаверади. Кеннедининг сирли ўлими, “Шарли Эбдо” пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) ҳақида босиб чиқарилган карикатуралар, Ойга қадам босган биринчи инсон сурати, аввалига хўрланиб, кейинчалик дунё томонидан тан олинган нуфузли шахслар қиссаси, юлдузларнинг бизга маълум бўлмаган сирлари – барчаси жуда ҳам таъсирли.

Энг асосийси, бу ерда журналистика соҳасидаги энг нуфузли мукофот – Пулитцер соҳибларининг суратлари кўргазмаси мавжуд. Очиғини айтсам, мазкур экспозиция музейдаги энг ажойиб, ёдда қолувчи саёҳатимга айланди.

Суратлар шу қадар жонли, таъсирли ва инсонга асл ҳақиқатни сўзлайдики, уларга ҳеч қандай эффектлар, бўёқларнинг зарурияти йўқ. Фикрларимга ишонч ҳосил қилишингиз учун Пулитцер мукофотини олган айрим суратларни ҳавола этаман.

Музейга ташриф буюрувчилар энг пастки қаватда овқатланиш учун катта фудкорт мавжуд. У ерда турли хилдаги таомлар, ичимликлар ва егуликлардан тановул қилиш мумкин. Бирон бир китоб, совға ёки сувенир харид қилмоқчи бўлсангиз, махсус дўкончалар ҳам бор.

Музейни бир ярим соат давомида айланиш натижасида қуйидаги хулосаларим билан бўлишаман:

• Музей журналистика, репортёрлик, умуман бутундунё янгиликлар олами тарихига саёҳат қилишни истаганлар учун ажойиб маскан.

• Саёҳатни биринчи қаватдан эмас, аксинча, энг юқори қаватдан пастга қараб бошлаш керак.

• Ньюсеумга ташриф буюрсангиз, албатта, очиқ терассага чиқиб, Капитолий фонида суратга тушинг. Бу ерда пойтахт марказининг ажойиб манзарасини томоша қилиш мумкин.

• Агарда барча экспозицияларни обдон томоша қиламан десангиз, ҳеч қачон тиғиз вақтда музейга кирманг. Сабаби, бинонинг барча бурчагини тўлиқ айланиш учун камида 4-5 соат вақт кетади.

• Албатта, Пулитцер мукофоти совриндорлари бўлган фотосуратлар кўргазмасига киринг ва атрофимизда содир бўлган очиқ ҳақиқатларга гувоҳ бўлинг. 

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top