Ўзбекистон | 20:41 / 10.09.2019
15921
5 дақиқада ўқилади

Тебинбулоқ кони базасидаги кон-металлургия мажмуаси нега керак? Масъуллар батафсил маълумот берди

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Ўзбекистон темирйўллари» АЖ мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда 2018 йил 2 январдаги Президент Фармони билан тасдиқланган «Тебинбулоқ кони базасида кон-металлургия комплекси қурилиши» лойиҳасини йўлга қўйишда амалга оширилаётган ишлар, комбинатнинг тахминий портрети ҳақида батафсил маълумот берилди.

Мазкур комплекснинг қурилиши маҳаллий хом ашёдан фойдаланган ҳолда замонавий пўлат ишлаб чиқаришни ташкил этиш ҳисобига ўз металлургия мажмуасини ташкил этиш, экспорт салоҳиятини ошириш ва импортни камайтиришни мақсад қилади. Лойиҳа 2024 йилгача фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Тебинбулоқ кони негизида кон-металлургия мажмуасини қуриш дирекцияси директор ўринбосари Азиз Алимовнинг маълумот беришича, комплекснинг ишлаб чиқариш қуввати йилига 1,5 миллион тоннани ташкил этади. Геологик қидирувлар натижасига кўра, конда 2 миллиард тонна хом ашё захираси мавжуд. Кондан йилига 33 миллион тонна руда қазиб олиниб, ундан 1,5 миллон тонна темир олиниши мўлжалланмоқда. Мазкур кон захираси 50 йилгача етиши тахмин қилинмоқда. Комплекс йилига 900 минг тонна арматура, 225 минг тонна сим, 375 минг тонна бурчак, швеллер ва бошқа қурилиш учун керакли хом ашёлар ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади. Мажмуа 2 мингдан ортиқ кишини иш билан таъминлаши кутилмоқда. Маҳсулотнинг 35 фоизи экспортга йўналтирилади.

Дирекция директори Ботир Рустамовнинг сўзларига кўра, пўлатнинг киши бошига улуши АҚШда 600-700 килограмм, ўрта ривожланган давлатларда 200-300 килограмм, Ўзбекистон эса 60-70 килограммни ташкил этади.

«Бу ривожланган давлатларга қиёслаганда анча паст кўрчаткич. Мамлакатнинг пўлатга эҳтиёжини қондириш учун бу кўрсаткичларни ошириш керак. Тебинбулоқ конидан ҳам шу мақсадда фойдаланилади», дея Ботир Рустамовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Маълум қилинишича, Ўзбекистонда темир рудаси қазиб олиш мумкин бўлган учта манба мавжуд. Тошкент вилояти Паркент туманидаги Суюн ота конида 30 фоизгача темир бўлиб, захира атиги 25 миллион тоннани ташкил этади. Самарқанддаги Темиркон манбасида 100 миллион тоннагача захира мавжуд. Лекин уларда руда анча чуқурликда жойлашгани, захира ҳам камлиги боис қазиб олиш харажат жиҳатидан манфаатли эмас.

Қорақалпоғистондаги Тебинбулоқ кони совет давридаёқ очилган бўлиб, ўша даврда ҳам бу кондан яхши маҳсулот олиш мумкинлиги тасдиқланган. Коннинг ҳозирда мўлжалланаётган 350 метр чуқурлигида 2 миллиард тонна руда аниқланган. Кейинчалик 800 метргача чуқурликка бориб, яна руда олиниши эҳтимоли бор.

«Мазкур кондаги рудада 13 фоиз темир мавжуд. Бу катта кўрсаткич эмас. Аслида 65 фоиз темир бўлган ҳудудда рудани қазиб олиш манфаатли ҳисобланади. Бу кондан олинган темирга ванадий ва титан металлини қўшиб, концентрациясини 68 фоизга етказиш кутилмоқда. Бу маҳсулотнинг сифатини ва мустаҳкамлигини ҳам оширади», дейди дирекция директори.

Масъулларнинг сўзларига кўра, ҳозирда темир билан ишлаётган ягона корхона «Ўзметкомбинат» ҳисобланади. У йилига 1 миллион тонна тайёр маҳсулот ишлаб чиқариши мумкин, лекин иккиламчи хом ашё асосида ишлайди. Яъни унинг ишлаши учун металлолом талаб этилади.

«Яқин ўтмишдаги 15 йил давомида ҳар бир ташкилотнинг металлолом топшириш бўйича режаси бўлган. Бу режа кўрсаткичлари металлоломни импорт қилиш ҳисобига камайган. Лекин импорт харидининг нархи баланд.  Йилига 2 млн. тонна металлолом киритиш учун 2 миллиард АҚШ доллари харажат қилинади. Ваҳоланки, ишлаб чиқариш ҳажмининг ошиши ҳисобига бу хом ашёни импорт қилишга эҳтиёж ҳам, харажат ҳам ошиб боради», дея таъкидлади Ботир Рустамов.

Масъуллар Тебинбулоқ кони негизида кон-металлургия комплексининг йўлга қўйилиши металломга бўлган талабни қанчалик қондириши ҳақидаги саволга ҳам жавоб беришди.

«Тебинбулоқ фақатгина табиат қўйнидан олинган тоза руда асосида ишлайди. Унга металлолом керак эмас. Лекин «Ўзметкомбинат»нинг эҳтиёжи катта бўлгани боис металлоломга бўлган талаб йўқолмайди. Тебинбулоқ кони «Ўзметкомбинат»нинг иссиқ эритилувчи темирга бўлган эҳтиёжини қоплаши мумкин», дейди дирекция директори ўринбосари.

Тебинбулоқ кон-металлургия мажмуаси фаолиятини йўлга қўйишда Германиянинг «DMT Group», Австриянинг «Horst Viesenger Konsulting» корхоналари билан ҳамкорлик қилинмоқда. Кондаги рудадан 3 минг тонна ҳажмида Германиянинг «SGA» илмий-тадқиқот лабораториясига юборилган бўлиб, унда рудани бойитиш ва ундан темир моддасини ажратиб олиш бўйича синов тажрибалари ўтказилмоқда. Ҳудуддаги мавжуд резервларни халқаро JORK кодекcига мувофиқ баҳолаш ҳамда Банк техник-иқтисодий таҳлилини ўтказиш жараёнлари кечмоқда.

Мавзуга оид