Ўзбекистонда электрон тижорат улуши 1,2 млрд долларга тенг – яъни 1 фоиздан кам
Бугун, 13 сентябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Президентнинг “Товар бозорларида савдони янада эркинлаштириш ва рақобатни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармони ижросига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Берилган маълумотларга кўра жорий йилнинг биринчи ярмида республикада 643 йирик улгуржи савдо корхонаси фаолият юритмоқда, уларнинг товар айланмаси 10,9 трлн. сўмни (2018 йилнинг биринчи ярмида - мос равишда 611 ва 8,5 трлн сўмни) ташкил этмоқда. Жорий йилнинг 8 ойи давомида улгуржи савдо айланмаси 50,7 трн. сўмни ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6,9 фоизга ошган, бунда энг юқори ўсиш суръатлари Қорақалпоғистон (15,9%) ва Тошкент шаҳрида (10,6 %) кузатилмоқда. Чакана савдо айланмаси эса жорий йилнинг дастлабки 8 ойида 6,7 фоизга ортиб, унинг ҳажми 100 трн. сўмдан ортиқроқни ташкил этди. Биргина савдо соҳасини эркинлаштириш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида савдо хизматларининг ЯИМдаги улуши 9,6 фоизни, жумладан Тошкент шаҳрида 21,5 фоизни ташкил қилмоқда (умумий хизматларнинг ЯИМдаги улуши 37,8 фоизни ташкил этади).
Тадбирда шунингдек электрон тижорат йўналишида қилинаётган ишлар, бунинг хуфиёна иқтисодиётга таъсири ҳақида ҳам сўз борди.
Агар барча хўжалик субъектлари бир йўналишда иш олиб борса, бизнес, давлат, якка тартибдаги тадбиркорлар ҳозирги кунда Ўзбекистонда электрон тижоратнинг улуши 1,2 миллиард долларга, яъни 1 (бир) фоиздан кам бўлса, 2030 йилга келиб 15 миллиард доллар – 20 фоизга, 2040 йилга келиб эса ҳатто 50 миллиард доллар – 50 фоизга эришиш мумкин, дея маълумот берилди.
Kun.uz мухбирининг “дунё бўйича иқтисодий кўрсаткичлар одатда АҚШ долларида ҳисобланади. Бугун тақдим этилаётган рақамлар миллий валютамизда келтирилган. Ҳолбуки бир ой ичида девальвация тахминан 10 фоизни ташкил қилди. Кўрсаткичларнинг халқаро стандартлар бўйича ифодаси қандай?” деган саволига Марказий Банк вакили Ҳасан Ёрқулов бу мавзуни атрофлича ўрганиб, алоҳида маълумот беришини билдирди.