Клеопатранинг ҳаёти ва мураккаб тақдири ҳақида кўплаб китоблар ёзилган, бир неча ўнлаб фильмлар суратга олинган. Аммо Мисрнинг сўнгги қироличаси ҳақидаги ҳужжатли асарларнинг аксарияти Клеопатранинг фожиавий равишда ўз жонига қасд қилиши билан тамомланади ва унинг болалари борасида деярли ҳеч бир сўз юритилмаган. Кўпчилик, қироличадан 4 меросхўр — уч ўғил ва бир қиз қолганини билмаса керак. Онасининг ўлимидан сўнг уларнинг ҳаёти қандай кечгани ҳақида маълумотлар беришга ҳаракат қиламиз.
1. Птолемей XV
Ваҳоланки ўша даврдаги Римнинг расмий ҳужжатлари ва ҳатто Цезарнинг шахсий васиятномасида ҳам бу ҳақида бир оғиз сўз айтилмаган бўлсада, унинг отаси Гай Юлий Цезарь эди. Замондошлар тахтнинг ёш вориси ва Буюк Рим қўмондони ташқи кўринишларида ўхшашликларни пайқашган, Цезарь ўз дўстлари даврасида уни ўз ўғли деб тан олганини баъзилар тасдиқлаган.
Тарихчилар шунга алоқадор бўлган унинг туғилган санаси борасида ҳам баҳслашишади: айримлар эрамиздан аввалги 47-йилни назарда тутишади, бошқалар эса ворис 44-йилда, Цезарнинг ўлимидан сўнг туғилган деган фикрни илгари суради. Римдаги навбатдаги давлат тўнтариши ва Цезарнинг ўлимидан сўнг Клеопатра ўғли билан Мисрга қайтганидан бир мунча вақт ўтиб Птолемей XV Миср тахтининг меросхўри деб эълон қилинади. Ибодатхоналарда Клеопатра унинг регенти сифатида тасвирланган барельефларни учратиш мумкин.

Аммо унга Мисрнинг тўлақонли ҳукмдори бўлиш насиб этмаган. Тез орада тахт қўлдан кетишини ҳис қилган Клеопатра тўнғич фарзандини ҳимоя қилиш учун уни Александриядан узоққа юборади ва ўғли мамлакат чегарасидан ўта олиб, фитналар тингунча омон қолишига умид қилади. Бироқ қочиш режаси амалга ошмайди. Ёш йигитчани ҳам Миср, ҳам Рим тахтининг талабгори, демакки ўзининг рақиби сифатида кўрган Октавиан Август қўлга тушириб қатл қилдиради.

Рим императори Клеопатранинг фақатгина тўнғич ўғлини таъқиб қилгани ва бошқа болаларига тегмагани ҳам унинг отаси Гай Юлий Цезарь бўлганини тасдиқлайди.
2. Александр Гелиос
Клеопатранинг иккинчи ўғли ўзининг эгизак синглиси билан биргаликда эрамиздан аввалги 40-йилда дунё юзини кўради. Унинг отаси Клеопатра билан никоҳ тузган Рим саркардаси ва консул Марк Антоний эди. Онасининг ўлими пайтида у 10 ёшга ҳам тўлмаганди. Александрия босиб олингандан сўнг Октавиан Август уни ҳам асирга олади ва Римдаги триумф вақтида асосий ўлжа сифатида намойиш этилади.









