Хоразм вилоятида захкашларнинг тутган ўрни, аҳамияти жуда юқори. Захкаш - ер ости сувларининг сизиб чиқиши ва йиғилиши учун, яъни ернинг захини қочириш, шўрини ювиш самарадорлигини ошириш учун мўлжалланган катта ва чуқур ариқдир. Вилоят ҳудудида ер ости сувлари юзага жуда яқин жойлашгани туфайли, захкашлар тизими қишлоқ хўжалигида ва умуман одамларнинг турмушида муҳим ўринни эгаллайди.
Kun.uz таҳририятига Хоразм вилояти, Урганч тумани, Қайчили маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаролардан шу мавзуга оид мурожаат келиб тушди. Унда ер ости сувлари сатҳи кўтарилиши натижасида томорқаларни зах босиб, шўрланиши кучайиб, мевали дарахтлар, экинларга қирон етаётгани ҳақида шикоят қилинган эди.

Ҳозирги кунда маҳаллада 500га яқин хонадонда 3 мингга яқин одам истиқомат қилмоқда. Ҳар қандай қишлоқ аҳолиси каби қайчиликлар ҳам бир қарич ердан унумли фойдаланишга, сабзавот ва полиз экинлари, мевали дарахтлардан ҳосил олишга, чорва моллари учун ем-хашак тайёрлашга, бу билан қўшимча даромад олишга ҳаракат қилишади. Бироқ, сўнгги йилларда деҳқончилик ва чорвачилик қилиш учун шароит оғирлашиб кетган.
Ҳаммасига захкашлар кўмилиб қолгани натижасида томорқаларни зах босиб кетаётгани сабаб қилиб кўрсатилмоқда.

Хоразм вилоятида ер ости сувлари сатҳи кўтарилиши билан боғлиқ муаммолар азалдан мавжуд. Аммо бу асрлар давомида синалган самарали усул – захкашлар орқали ҳал қилинган. Далалар, уй-жойларга яқин ҳудудларда катта ариқлар қазилган. Натижада, ер ости сувлари сизиб, шу захкашларга оқиб кетган, ерларнинг захи қочиб, деҳқончилик учун яроқли ҳолга келган.

Афсуски, сўнгги йилларда захкашларга бўлган эътибор турли сабабларга кўра сўнди. Ернинг эгалари тез-тез ўзгарди, кўплаб фермерларнинг қўлидан ўтди. Баъзан улар ўз манфаатлари йўлида умумхалқ аҳамиятига эга бўлган захкашларни кўмиб юборишди. Баъзан захкашлар табиий ҳолда кўмилиб кетди. Улар қайтадан қазилмади, тозаланмади. Маҳаллий ҳокимликлар эса бунга эътиборни сусайтирди.






















