Light | 20:20 / 16.09.2019
114574
9 дақиқада ўқилади

Мигрень: бош ёрилгудек оғришига оид нималарни билиш керак?

Дунё аҳолисининг ҳар еттинчи кишисига мигрень бегона эмас. Унинг аломатлари ҳақида қадимги юнонлар ҳам ёзиб қолдиришган. Қадимги дунё одамлари касаллик келиб чиқишида ёвуз руҳларни айблашган ва уларни ҳайдашга уриниб, одам бош суягида тешикча очишган. Ҳозирги кунда мигрень ҳақида билганларимиз аввалги даврникидан кўп ҳам фарқ қилмайди, аммо даволашнинг инсонпарвар йўллари мавжуд.

Мигрень нима?

Мигрень — ирсий касаллик бўлиб, асосий белгиси бошда тўхтаб-тўхтаб тутадиган оғриқдир, у пульсни ёдга солади. Унга доимо кўнгил айниши, эшитиш ва кўриш таъсирчанлиги ортиши қўшилади: одатий шовқин ва майин ёрқинлик ҳам ғашга тегади, кескин туйилади. Аммо барча белгилар бир вақтда содир бўлмаслиги мумкин. Мигреннинг биринчи аломатлари ёшликдан пайдо бўлади, масалан қизларда балоғатга етиш даврида ёки 20 ёшда. Энг юқори чўққи 30-40 ёшда кузатилади. Ёш ўтиши билан мигрендан азият чекувчилар сони камайиб боради.

Мигрень 4 соатдан 72 соатгача чўзилади ва турли давомийликка эга. Унинг бир ойда 15 кундан кам давом этиши эпизодик турга мансубдир. 15 кундан ортиқ давом этиши сурункали мигрень деб аталади. Уларнинг даволаш режалари ҳам мутлақо фарқли.

Аурали мигрень тури ҳам мавжуд. Аура — бош оғриғи пайдо бўлишидан аввал қисқа муддатли неврологик бузилишлар кузатилади: бош  айланиши, кўриш қобилияти вақтинча бузилиши, ҳаракат секинлашиши. Булар ярим соатда ўтиб кетади ва сўнгра бош оғриғи бошланади. Ҳаракат секинлашиши деганда панжа, билак, юз, тил қотиб қолиши тушунилади. 

Мигреннинг баъзи турлари (масалан, тананинг бир томонида ҳолсизлик билан намоён бўлувчи гемиплегик тури) бир гендаги мутация туфайли юзага келади. Шу сабабли, инсон нейронлар гиперҳаракатчанлигига мойил бўлади. Бу шуни англатадики, миянинг ҳиссий тебранишларга жавоб берувчи соҳалари осон қўзғалади.

Аммо мигреннинг аксарият турлари полигендир, яъни касаллик бир неча генлар омилида пайдо бўлади. Мигрень ташқи қўзғатувчиларга боғлиқ бўлиши ҳам мумкин: очлик, уйқу етишмаслиги, хавотирланишлар.

Олимлар неврологик жараёнлар устида ҳали ҳам иш олиб боришяпти, аммо жумбоқнинг бир учи аллақачон ечилган. Масалан, мигрень сабабларидан бири бўлган қон томирлари кенгайишининг олдини олувчи янги дори воситалари ишлаб чиқилган.

Нима учун унинг қаердан келиб чиққани маълум эмас?

Олимлар мигренни тадқиқ қилишга киришганига кўп вақт бўлгани йўқ. Аксарият шифокорлар ташвишланишга мойил ва стрессни енголмайдиган инсонларда учровчи ушбу психосоматик касаллик эркакларга нисбатан аёлларга кўпроқ таъсир кўрсатишга ишонишган ва ишонишмоқда. Шу сабабли унга жиддий эътибор берилмаган.

Бундан ташқари, мигреннинг асосий белгиси оғриқдир ва у субъектив ҳиссиёт ҳисобланади. Уни ўлчаш имконсиз, шунинг учун ҳам одамлар оғриқ борлигига ишонишлари қийин бўлади. Яна бир сабаб, хуружлар бошланади ва ўтиб кетади, улар ўртасидаги танаффусларда бемор соғлом кўринади.

Мигренни ўрганиш ишлари 1960 йилда «Метисергид» препарати сотувга чиққани сабабли бошланди. Ундан хуруж такрорланиши олдини олиш мақсадларида фойдаланишган. Ҳозирда бошқа таъсирлари борлиги сабабли ушбу доридан фойдаланилмайди, аммо у касалликни ўрганишда ёрдам берган. Мигрень сабабларини психологиядан қидириш тўхтатилган, чунки физиологик далиллар аниқланган.  

Дорилар кўп. Мигрень кенг тарқалган, йиллаб давом этади — бу фармокомпаниялар учун олтин конидир. Дори ишлаб чиқарувчилар илмий тадқиқотларни молиялаштириб ҳам туришади. Аммо етарли эмас, айниқса бошқа касалликлар учун ажратилган воситалар билан солиштирганда катта фарқ келиб чиқади.

Мигрендан фақат аёллар азият чекишадими?

Мигрень икки жинс вакилларига бирдек шикаст етказади, бироқ статистикага назар ташлайдиган бўлсак, унга аёллар тез-тез дуч келишини кўриш мумкин. Мигрендан азият чекувчилар дунё аҳолисининг 30 фоиз қисмини ташкил этади, аёллар эркакларга нисбатан деярли 3 баробар кўп.

Олимлар бунга менструал цикл гормонлари айбдор деб тахмин қилишмоқда. Циклнинг иккинчи фазасида эстроген ва прогестерон миқдори кескин тушиб кетиши мигренга туртки бўлади. Вақт ўтиши билан гармонлар камаяди, уларнинг даражаси ўзгармайди, шунинг учун менопаузалар вақтида мигрень кучсизланади ва ўтиб кетади.

Аёлларда мигрень ташхиси кўп аниқланишининг сабаби улар шифокор қабулига тез-тез боришади ва бош оғриғидан шикоят қилишади. 

Менда мигрень бор. Нима қилишим керак?

Аввало шифокор қабулида бўлиш ва ташхисни аниқлаштириш керак: ҳар қандай бош оғриғи ҳатто у жуда кучли бўлса ҳам мигрень бўлавермайди. Шифокор енгиллаштирувчи дори ва хуружлар профилактикаси учун воситалар, масалан антидепрессантлар тавсия қилиши мумкин.

Сўнгра, нима хуружга туртки бўлганини билиш лозим, яъни сиздаги мигрень триггерлари айнан қайсилар эканлиги аниқланади.

Энг кўп тарқалган триггерлар:

  • стресс;
  • уйқу етишмаслиги;
  • баъзи маҳсулотлар: шоколад, шакар, кофе, тузланган озиқ-овқатлар, пишлоқ, цитрус мевалар;
  • алкоголь;
  • ўткир ҳид, шовқин, ёруғлик;
  • ўта оғир жисмоний юклама;
  • ҳаво ўзгаришлари.

Ушбу триггерларни ҳаётингиздан чиқариб ташлашга ҳаракат қилинг. Чеклаш имкони бўлмаса, тайёрланинг. Агар мигрень яқинлашиб келаётгани сезсангиз, унга енгилиб ўтирмасдан шифокор сизга тавсия этган дори воситасини қабул қилинг. Бир неча соатга тинч ва осойишта бўлишга урининг. Вақтида олди олинса, мигрень сизни четлаб ўтиши мумкин. Қилаётган ишингиздан оз муддатга дам олинг ва шу тариқа ўзингизни бош оғриғидан бир неча кун азоб чекишдан асранг. 

Олдини олиш имконсиз бўлиб бош оғриғи юзага келса, ўзингизга қулай шароит яратинг: сокинлик ва хотиржамликда чой ичиб ҳордиқ чиқаринг. Ёрдам бера олувчи муолажани бажаринг: пешона соҳасига совуқ компресс, массаж, ванна қабул қилиш.

Бош оғриғи қачондир тўхтайдими?

Катта ёшда ўтиб кетиши мумкин. Юқорида таъкидлаганимиздек, мигреннинг энг юқори даражаси инсоннинг ишчанлиги айнан ортган 30-40 ёшда кузатилади. Ёш ортган сари кучсизланади.
Клиник амалиётда катта ёшли одамлар ўз ёшликларидаги каби қаттиқ бош оғриғидан жуда кам ҳолатларда шикоят қилиши кузатилган.

Мигрен қўзғатувчи жараёнлар йил ўтган сайин ўз интенсивлигини йўқотади деган фикр мавжуд. Қон томирлари ўз эластиклигини йўқотади ва шунинг учун томирлардаги носозликлар туфайли юзага келувчи хуружлар олдингидек кескин бўлмай қолади.

Хуружлардан қандай қутулиш мумкин?

Мигренни даволаш имконсиз. Лекин уни назоратга олиш мумкин — хуружларни енгиллаштириш. Бунинг учун оддий оғриқ қолдирувчилардан фойдаланилади. Айнан мигрень хуружларига мўлжалланган триптан гуруҳига кирувчи препаратлар буюрилиши ҳам мумкин. Бироқ 30-40 фоиз беморлар унинг таъсирини сезишмайди, айниқса биринчи марта тавсия берилган ва бемор ўзига мос препаратни топиб олмаган бўлса, шу ҳолат кузатилади. Бундан ташқари, триптанлар оғриқни секин босади. Дори ўз кучини кўрсатиши учун 45-90 дақиқа кутиш керак. Афсуски, ўтган аср 90-йилларида яратилган триптанлар мигрень учун энг янги дори воситаси бўлиб турибди. 

Мигренни даволаш йўли қачон топилади?

Бу номаълум. Фармокомпаниялар ва турли мамлакатлар ҳукуматлари мигренга қарши таъсирга эга восита яратиш устида қайғуришмоқда. 

Аниқланишича, қон томирларини кенгайтирувчи CGRP нейротрансмиттерлари даражаси мигрень вақтида кескин кўтарилади. Унга тўсқинлик қилувчи CGRP- рецепторлари антагонистларини синаш жараёнлари ўтказилмоқда. Аммо хурсанд бўлишга жуда эрта.

Ҳозирги кунда мигрень беморга сезиларли даражада ноқулайлик ва жуда катта салбий ижтимоий-иқтисодий таъсирга сабаб бўлувчи касаллик бўлиб қолмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, биргина мигреннинг ўзи иқтисодиётга йилига 111 миллиард долларга тушади. Бу рақам шифокор тавсиялари нархи, дорилар, тадқиқотлар учун ажратилган сармояларга қараб ҳисобланмаган, унинг негизида мигрендан азоб чекаётган инсонларнинг ўз иш жойида самарадорлиги тушиб кетиши ёки умуман ишга бормаслиги ётибди.

Интернет материаллари асосида Н.Қаршиева тайёрлади