Молия вазирлиги таълим соҳаси учун ажратилган маблағлар тўғрисида маълумот берди
Ўзбекистонда таълим соҳасини молиялаштириш учун 2017-2018 йилларда жами 10,4 трлн. сўм ва 13,7 трлн. сўм бюджет маблағлари ажратилган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 19,9 трлн. сўмни ташкил этиши кутилмоқда.
Молия Вазирлиги ахборот хизмати хабарига кўра, президентнинг 2018 йил 14 августдаги ПҚ-3907-сонли қарорига мувофиқ, 2018 йилнинг 1 сентябридан бошлаб шу кунга қадар ўқитувчиларнинг иш ҳақи миқдорлари ўртача 1,6 бараварга оширилди. Масалан, 2018 йил сентябрга қадар умумтаълим мактабининг 1-тоифали ўқитувчиси базавий тариф ставкаси миқдори 1 387,0 минг сўм бўлган бўлса, бугунги кунда 2 216,0 минг сўмни ташкил этади.
Бундан ташқари, 2019 йилда «Меҳрибонлик» уйлари, жисмоний ва ақлий ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасалари ва айрим фанларга ихтисослаштирилган умумтаълим муассасалари айрим ходимларининг иш ҳақи ҳам икки босқичда 2 бараваргача оширилди.
Масалан: «Меҳрибонлик» уйи олий маълумотли тарбиячисининг ойлик иш ҳақи 2019 йил 1 мартгача устама билан бирга 1 180 минг сўм бўлса, 2019 йил 1 октябрдан 2 422 минг сўмни ташкил этади. Худди шундай, имконияти чекланган болалар учун махсус таълим муассасаларининг олий маълумотли тарбиячиси 2019 йил 1 мартгача қўшимча устама билан ҳисобланганда 1 573 минг сўм иш ҳақи олса, 2019 йил 1 октябрдан 2 825 минг сўмга етказилади.
Умумтаълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари учун 2017-2019 йилларда давлат бюджетидан жами 5 464,0 млрд.сўм маблағ ажратилди. Шундан, 2017 йилда 1 196,2 млрд. сўм, 2018 йилда 1 529,1 млрд. сўм ажратилган бўлса, 2019 йилга келиб 2 738,9 млрд. сўм ёки 2017 йилга нисбатан 2,29 бараварга кўпроқ маблағ ажратилган.
Бунинг натижасида, умумтаълим мактабларини қурилиш-таъмирлаш ишлари жадаллаштирилди, агар 2017 йилда 486 та умумтаълим мактабларида қурилиш-таъмирлаш ишлари, шундан 12 та мактаблар янгидан қурилган бўлса, 2019 йилга келиб 762 та, шундан 51 та янги қурилиш ёки 2017 йилга нисбатан қурилиш-таъмирлаш ишлари 1,6 бараварга, шундан янги қурилиш 4,2 бараварга кўпайди.
Мазкур олиб борилган ишлар натижасида охирги уч йил ичида қўшимча равишда 28 304 та ўқувчи ўринлари янги қуриш ҳамда 148 228 ўқувчи ўринли қўшимча ўқув бинолари реконструкция қилиш орқали фойдаланишга топширилди, 392 та спорт заллар қурилди.
Шу билан бирга, умумтаълим муассасаларини зарур мебель, ўқув лаборатория ускуналари ва спорт анжомлари билан жиҳозлаш учун 2017 йилда 69 млрд. сўм маблағ ажратилган бўлса, 2018 йилда 90,0 млрд. сўм,
2019 йилда эса 100,0 млрд. сўм ёки 2017 йилга нисбатан 1,49 баравар кўп маблағ кўзда тутилган.
2017-2019 йилларда умумтаълим мактаблари 20 552 тўплам синф хоналари (парталари), 954 тўплам ўқув лаборатория ускуналари, 929 тўплам спорт жиҳозлари билан таъминланади.
Ҳозирги вақтда 2018 йилда мактабларни жиҳозлаш учун ажратилган маблағлардан 7,0 млрд. сўми ҳамда 2019 йилда ажратилган 100,0 млрд. сўм маблағ мавжуд бўлиб, мазкур маблағларни ишлатиш жараёни давом этмоқда.
Умумтаълим мактабларини қуриш-таъмирлаш ва жиҳозлаш учун 2020-2022 йилларда 7,0 трлн. сўмдан зиёд давлат бюджетидан маблағлари йўналтириш режалаштирилмоқда.
Мавзуга оид
20:17 / 05.11.2024
Маърифий фаолият билан рухсатсиз шуғулланганлик учун жавобгарлик белгиланди
17:18 / 05.11.2024
Рақобат кучли: Хитойдаги таълим тизими ёшлар орасида руҳий тушкунликка сабаб бўлмоқда
16:29 / 21.10.2024
Кадрлар тайёрлайдиган ягона техникумлар тармоғи ташкил этилади
18:35 / 03.10.2024