Олий судда «Arabboy» МЧЖнинг Тошкент шаҳар ҳокимлиги қарорини бекор қилиш бўйича даъвосини кўриш бошланди
Бугун, 30 сентябрь куни Олий суд томонидан «Arabboy» МЧЖнинг Тошкент шаҳар ҳокимлигининг 2018 йил 29 ноябрдаги 1682-сонли қарорини бекор қилиш бўйича даъвосини назорат инстанциясида кўришни бошлади. Аввалроқ, бу масалада ҳал қилув қарори билан Чилонзор тумани маъмурий суди томонидан даъво қаноатлантирилган, апелляция суди эса Чилонзор туман маъмурий суд қарорини бекор қилган эди.
Олий суд судьяси Ахадова раислигида кўрилаётган ушбу ишда суд жараёнларини ёритиб боришда аудиоёзувлардан фойдаланишга рухсат берилди.
Суд жараёни аввалида судлов ҳайъати таништирилди. Судлов ҳайъати, прокурорга нисбатан эътироз билдирилмади. Тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўлиқ тушунтирилди. Сўз аввал жамият адвокатига берилди.
«Бу масала юзасидан 8 марта суд иши кўриб чиқилди. Қурилишга 2016 йилда рухсат берилган. Қурилиш бошлаганимизда бошқа ноқонуний фойдаланиб келган ташкилотлар билан низолар келиб чиқди. 2017 йилда ҳокимият захирасига олинди. Бу вақтда фуқаролар шикоятлари билан суд ишлари бўлди. 2017-18 йилларда низолар бўлгани туфайли қурилиш ишлари тўхтатиб турилди. Биз ҳокимликка ҳам 50дан ортиқ ариза ва шикоятлар билан мурожаатлар қилдик. Бирор марта амалий ёрдам берилмаган. Иккита суд қарори чиққунча 2 йил вақт ўтиб кетди», – дейди жамият ҳимоячиси.
Суд мажлисида жамиятнинг бош юристи Рустам Олимбеков сўзга чиқди.
«Бизга 2014 йил берилган жой 2013 йилда бошқа шахснинг ҳам балансидан чиқиб турибди. Буни ҳокимият 2017 йилда ўз тасарруфига қайтариб оляпти. Мен у жойга на кира оламан, на ремонт қила оламан. Фараз қилинг, сиз бир квартира сотиб олдингиз ва у сизнинг номингиздалиги масаласи ҳали муҳокама қилиняпти. Бу вақтда мен қандай қилиб қурилиш олиб бораман? Битта тўсқинлик бу бўлса, иккинчи сабаби биз билан прокуратура олишди. Битта прокурордан иккита хат. Биттасида «Планета» корхонаси ишлаяпти деса, биттасида йўқ фаолият юритмаяпти дейилди. Биз ҳамма тартиб-қоидаларга риоя қилган ҳолда 2018 йилда қурилиш бошлаганмиз. Ўша йилнинг ўзида 100 миллион сўмдан ортиқ солиқ тўлаганмиз. Ҳужжатлаштириш ишларига архитектура ва бошқа ташкилотлардан рухсат олишнинг ўзи бўлмас экан. 200 миллион сўм маблағ сарфладик. Биров келиб «нима қилдинг» деб сўрамади. Прокурор бизга тўсқинлик қилди. Жойига борамиз. Прокурор телефон қилади, ички ишлар ходими бизни ҳайдаб чиқаради. Биз қандай қурилиш олиб борамиз?», – дейди ҳуқуқшунос.
Суд жараёнида ҳокимлик вакилига ҳам сўз берилди. У даъвони рад этишни сўради.
«Ерга эгалик қилиш қарорини бекор қилиш учун асос 2018 йил 16 ноябрдаги Тошкент шаҳар прокуратурасининг 10-2/15-18-сонли протести бўлган. Шу сабабли қарор бекор қилинган. Яъни, бунга асосан айтадиган бўлсак, ўз вақтида қурилиш ишлари олиб борилмаган. Шунингдек, ўша ердаги аҳолидан ҳам шикоятлар бизга келиб тушган», – дейди ҳокимлик ҳуқуқшуноси.
Ушбу келтирилган кўрсатмалар жамият вакиллари томонидан тўлиқ рад этилди. Берилган шикоятлар эса «уюштирилган» дея таърифланди.
Суд томонидан ҳокимлик вакилига сўзларини исботлаш мақсадида бир неча ҳужжат келтириш айтилди. Раислик қилувчи прокурор протестининг ҳокимлик томонидан ижрога киритиш тартиби ҳақида саволлар берилди.
Суд мажлисида кадастр органи вакили ҳам қатнашди. Унга берилган савол бўйича Юнусобод туман кадастр бўлими томонидан 2018 йилги ўрганишлар сўралди. Кадастр вакили бундан хабари йўқлигини айтди.
Суд ҳайъати иш бўйича қўшимча ҳужжатлар тақдим этилишини маълум қилиб, керакли шахсларни ишга жалб этиш мақсадида танаффус эълон қилди.
Суд мажлиси кейинги ҳафта, 7 октябрь куни соат 11:00да давом эттирилади.
Эслатиб ўтамиз, Kun.uz сайтида шу йилнинг августида «Arabboy» МЧЖ вакиллари томонидан апелляция суди, прокуратура ва ҳокимлик идораларидан норози бўлиб қилган мурожаати бўйича мақола эълон қилинган эди. Унда жамият вакиллари судма-суд сарсон бўлаётгани, қурилишга энди рухсат олишганида кўплаб тўсқинликларга учраётгани таъкидланган эди.
Мавзуга оид
22:25 / 12.11.2024
Суд Поп тумани ҳокимининг ўғлини қамоққа қайтарди
10:16 / 12.11.2024
Фарғонада танишини ўлдириб, уйига ўт қўйган аёлга ҳукм ўқилди
08:48 / 09.11.2024
Кўп квартирали уйларни бошқариш органи қарзни судда ундиришда олдиндан давлат божини тўлашдан озод қилинди
19:12 / 31.10.2024