Жамият | 10:58 / 01.10.2019
4084
3 дақиқада ўқилади

«Ҳудудий электр тармоқлари»: энерготежамкорликни ёш авлоддан бошлаш устувор вазифа

«Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти Мирзо Улуғбек туманидаги 71-умумтаълим мактабида «Электр энергия тежамкорлиги – болалар нигоҳида» мавзусида учрашув ўтказди.

Маънавият дарслари асосида ўтказилган бу учрашувдан мақсад, ўсиб келаётган ёш авлод онгида электр энергияга бўлган муносабатни шакллантириш ҳамда тежамкорлик ғояларини кенг тарғиб қилишдир.

Дарс жараёнида ўқувчиларга электр ишлаб чиқариш нечоғлик машаққатли иш эканлиги, унинг ортида қанчадан-қанча инсонларнинг меҳнати тургани, электр бир вақтнинг ўзида ишлаб чиқарилиб, истеъмол қилингани боис уни заҳирага йиғиш имкони йўқлиги ҳақида сўзлаб берилди. Албатта, ундан тежамкорлик билан оқилона фойдаланишнинг оддий усуллар борасида ҳам маслаҳатлар бериб ўтилди. Зеро, ўқувчиларда тежамкорлик тушунчаларини шакллантириш орқали, уларнинг онгида атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, ер, ер ости бойликлари, сув ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойлик экани, улардан оқилона фойдаланиш зарурлигини англашни ўргатиш мумкин.

Йўқса, электр ишлаб чиқаришни қанчалик оширмайлик, унинг сарфини тартибга солмас эканмиз, йилдан йилга ортиб бораётган талабни қондириш жуда мушкул. Биргина телефон қувватлагичини олайлик. У токка уланган ҳолда куну тун қолса, ўртача бир ойда 1,5 кВт⋅соат, йилига 18 кВт⋅соат энергия сарфлайди.

Мутахассисларимизнинг электр энергия тежамкорлигини таъминлаш мақсадида ўтказган ўрганишларидан маълум бўлишича, ҳозирда юртимиздаги ҳар бир хонадонда бир йилда ўртача 400 кВт⋅соатгача электр энергиясини тежаш имконияти мавжуд. Бу кўрсаткич юртимиз бўйича 1,8 миллиард кВт⋅соатга айланади.

Таққослайдиган бўлсак, ушбу тежалган энергия билан аҳолиси ўртача бўлган бир вилоятни бир йил мобайнида узлуксиз электр энергия билан таъминлаш мумкин. Кўриниб турибдики, хонадонларда, ишлаб чиқариш саноати ва бошқа турли тармоқларда электр энергия тежамкорлигини таъминлаш устувор вазифа бўлиб қолмоқда.

Қолаверса, электр энергияни тежаш орқали экологик барқарорликка ҳам муносиб улуш қўшиш мумкин. Зеро, 1 кВт⋅соат электр ишлаб чиқариш жараёнида атмосферага 0,06 килограмм кўмир чиқиндиси, 0,12 метр куб ис гази чиқади. Демак, истеъмолчи электр энергиядан оқилона фойдаланса, ҳам табиий неъматларни тежашга, ҳам атроф-муҳит мусаффолигига ўз улушини қўшган бўлади. Шунингдек, истеъмолчини ортиқча маблағ сарфлашдан ҳам асрайди.

Тадбир давомида ўқувчиларни қизиқтирган саволларга соҳа мутахассислари ҳаётий мисоллар билан жавоб беришди. Қайд этиш жоизки, «Ҳудудий электр тармоқлари» бундай маънавият дарсларини айни вақтда барча ҳудудларда ўтказмоқда.

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Матбуот хизмати

Мавзуга оид