Ўзбекистон | 13:08 / 02.10.2019
4059
3 дақиқада ўқилади

ОТБ Ўзбeкистонда ветеринария хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш учун кредит ажратди

Осиё Тараққиёт Банки (ОТБ) Ўзбекистонга чорвачилик соҳасидаги фермерлар ва тадбиркорларнинг молиявий ресурслар, бозорлар, ветеринария ва жониворлар саломатлигини сақлаш бўйича бошқа хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш учун 150 миллион доллар миқдорида кредит ажратилишини маъқуллади. 

"Ўзбекистондаги чорвадорлар ва тадбиркорлар фермер хўжаликлари ҳамда уларнинг фаолияти, маҳсулдорлиги ва даромадлигини кенгайтиришда қийинчиликларга дуч келмоқдалар. ОТБнинг кўмаги ушбу сектор дуч келаётган баъзи тўсиқларни олиб ташлашга ёрдам беради ва ҳукуматнинг қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш ва инновациялар бўйича стратегиясини қўллаб-қувватлайди", деди ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиёда табиий ресурслар ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича бош иқтисодчиси Буй Мин Жиап.

Чорвачилик соҳаси Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, у мамлакат қишлоқ хўжалигининг 40 фоизини ва ялпи ички маҳсулотнинг қарийб 8 фоизини ташкил этади. Бироқ 2017 йилда Ўзбекистонда чорвачилик маҳсулотларининг савдо дефицити 75,2 миллион долларни ташкил этди. Чорвачилик тармоғидаги ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар молиялаштиришда қийинчиликларга дуч келишмоқда, чунки маҳаллий банкларнинг чорвачилик учун кредитлари уларнинг умумий портфелининг атиги 1 фоизини ташкил этади. Иш кучи ва ресурсларнинг етишмаслиги туфайли фермерлар ва тадбиркорлар ветеринария хизматларидан фойдаланиш ва чорвачилик соҳасида тадқиқот ўтказишда қийинчиликка дуч келмоқда.

ОТБ чорвачилик тармоғида қўшилган қиймат занжирини ривожлантириш лойиҳасини молиялаштириш учун ажратилган умумий маблағнинг 146 миллион доллари иштирок этувчи молия институтларига ажратилади, улар орқали ишлаб чиқарувчилар, қайта ишловчилар, хом ашё ва хизматларни етказиб берувчилар (шу жумладан ветеринария хизматлари) учун тақдим этилади. Суб-қарз олувчиларнинг максимал активлари мурожаат қилиш пайтида 50 миллион доллар бўлиши лозим ва улар чорва молларини ишлаб чиқариш, сотиш, қайта ишлаш, етказиб бериш ва хизмат кўрсатишда иштирок этишлари керак. Молиявий манбалардан фойдаланишнинг яхшиланиши секторнинг самарадорлиги, салоҳияти ва барқарорлигини оширади.

Лойиҳада 4 миллион доллар миқдоридаги маблағ Ўзбекистонда хусусий ветеринария амалиётини ривожлантиришга, шу жумладан клиник ветеринария хизматидан фойдаланиш имкониятларини яхшилаш, шунингдек ҳайвонларни даволаш, соғлиқни сақлаш бўйича маслаҳатлар бериш ва дори-дармонлар учун сарфланади. Хусусан, бу давлат ва хусусий секторда ветеринария мутахассислари учун таълим ва ўқув дастурларини ўз ичига олади. Лойиҳа, шунингдек, чорвачилик секторини кредитлаш стратегиясини ишлаб чиқишда ва индивидуал кредит маҳсулотларини яратишда иштирок этаётган молиявий институтларнинг имкониятларини оширишга ёрдам беради.

Лойиҳа 2024 йил охирига қадар якунланиши кутилмоқда.

Мавзуга оид