Ўзбекистонда фаолият юритаётган қатор ОАВ вакиллари учун «Навоий» аэропортида халқаро курьерлик жўнатмалари (ХКЖ) ишлови вақтинча тўхтатилган божхона постига пресс-тур ташкил этилди.
Унда қатнашган «Kun.uz» мухбирининг хабар беришича, ҳозирги кунда Ўзбекистонда 120 га яқин компания ХКЖ ташиш билан шуғулланади. Деярли бутун дунёни забт этган электрон тижорат ва хизмат кўрсатиш соҳаси келажакда нафақат истеъмол товарлари импорти, балки маҳаллий маҳсулотлар экспорти ҳажми ва географиясини ошириш борасида мамлакат учун янги имкониятлар ҳақида гапиришга ҳам имкон беради.

Ўзбекистон ҳудудида айнан халқаро курьерлик ва почта жўнатмаларини божхонада расмийлаштириш махсус божхона зоналарида амалга оширилади. Ҳамма транспорт воситалари орқали «Ўзбекистон почтаси» манзилига келган халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари Марказий шимолий вокзал ҳудудида, 2016 йил февраль ойидан бошлаб «CРТ-почта» манзилига ўтказилган "Бош почтамт" божхона постида эса авиа алоқа ва автотранспорт орқали етиб келадиган халқаро курьерлик жўнатмалари расмийлаштирилади.
2018 йил август ойида Тошкент шаҳридаги аэропорт бандлигини камайтириш ва «Навоий» аэропортининг логистика маркази тариқасидаги мақомини қўллаб-қувватлаш мақсадида «Turkish Airlines» компаниясининг мунтазам рейслари Навоий аэропортига ўтказилганди. Шу тариқа халқаро курьерлик жўнатмаларининг божхона назорати Навоий халқаро интермодал логистика маркази (ХИЛМ) ҳудудида 1 гектар майдонни эгаллаган юк терминалида амалга оширила бошланди. Бу ерда тижорат карго-юкларининг катта миқдордаги партиялари етказиб берилар ва тушириларди. Бир йил давом этган курьерлик юкларининг божхона назорати шу йилнинг сентябридан тезкорлик билан Тошкентга ўтказилди.
Томдан чакки ўтиши натижасида қимматбаҳо ускуналарга зарар етмоқда
Пресс-турда «Навоий» аэропорти божхона бошқармаси бошлиғи Жасур Ишонқулов мазкур ҳолат юзасидан қуйидагича изоҳ берди:
- Ўтган йилнинг сентябрь ойида биз учун ажратилган 300 квадрат метр майдондаги юк карго-терминалида кўрув тизимини йўлга қўйдик. Аммо «Навоий» аэропорти дирекцияси халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларини бошқариш ва расмийлаштириш учун тегишли шарт-шароитларни тақдим эта олмагани боис жорий йил сентябрь ойида божхона пости иши вақтинча тўхтатилганди. Ваҳоланки, бу масала Ўзбекистон Президентининг 2018 йил апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси давлат божхона органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида ҳам кўтарилган эди. Шу сабабли Туркиядан «Навоий» аэропортига келган барча халқаро курьерлик юклари муҳрланади ва назорат остида ер усти транспорти орқали мажбурий божхона кўригидан ўтиш учун вақтинча Тошкентга йўналтирилмоқда.













