Куз-қиш мавсуми яқинлашиши билан ҳаммани бир савол қийнай бошлайди – бу йил электр энергияси таъминоти қандай бўларкин?.. Ўзбекистонликлар энергетика соҳасида амалга оширилаётган йирик лойиҳаларнинг самарасини қачон ҳис қилади?

Kun.uz мухбири шу ва мавзу атрофидаги бошқа саволлар билан Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Ходжаев билан суҳбатлашди.

Вазирликнинг халқаро ҳамкорлар билан амалга ошираётган лойиҳалари, энергия самарадорлиги соҳасидаги ислоҳотлар кабилардан бошланган суҳбат, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ва атом энергетикаси мавзусида давом этди.

– 20 сентябрда Тошкентда Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик дастури (МОМИҲ)га аъзо давлатлар энергетика вазирларининг биринчи мулоқоти бўлиб ўтди. Бу анжуман нега айнан Ўзбекистон пойтахтида ўтказилди, учрашувда қандай натижаларга эришилди ва улар қандай аҳамиятга эга?

– МОМИҲга аъзо давлатларнинг энергетика вазирлари ва етакчи мутахассислари Тошкентда йиғилишига сабаб – бу йил ташкилотга Ўзбекистон раислик қилмоқда. Шундан келиб чиқиб навбатдаги анжуман мезбонлиги бизга берилди.

Бугунги кунда энергия самарадорлиги дунёдаги энг жиддий муаммолардан бири, десам адашмаган бўламан. МОМИҲга аъзо давлатларда ҳам, хоҳ у ривожланган ёки ривожланаётган давлат бўлсин, энергия масаласи кун тартибида биринчи ўринларда туради.

Тошкент анжуманининг ўзига хос жиҳати шуки, унда шу пайтгача эришилмаган натижа – махсус декларация имзоланди. Бу декларациянинг энг муҳим банди шундаки, биз, яъни барча аъзо давлатлар 2025 йилга қадар қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқариш ҳажмини икки баробар оширишга келишиб олдик.

– 2025 йил? Вақт жуда оз қолди, прогноз ва режалар жуда оптимистик эмасми?

– Албатта, бу борада жуда кўплаб баҳс-мунозаралар бўлди, ўз имкониятларимизни ўрганиб чиқдик. Энг муҳими, бунинг учун ҳуқуқий асос яратилди, соҳага кириб келувчи хорижий инвестор ва маҳаллий тадбиркорлар учун кафолат механизмлари ишлаб чиқилди, қонунчилик базаси яратилди, ҳар бир йил учун алоҳида дастур тузиб олинди.

Ишончим комилки, ўз зиммамизга олган вазифаларни белгиланган муддатда ва сифатли бажарамиз. Қуёш ва шамол электростанцияларини қуриш учун керакли нуқталарни белгилаб олганмиз. Ҳозирги кунда Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро ва Навоий вилоятларида энг қулай ҳудудлар борлиги аниқланган.