Жамият | 11:17 / 09.10.2019
4863
3 дақиқада ўқилади

Андижондаги таълим муассасаларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик юзасидан кўргазмали семинарлар ўтказилмоқда

Таълим сифатини янада яхшилашда тизимга тааллуқли ҳар қандай юмуш муҳим ўрин тутади. Хусусан, умумий ўрта таълим мактабларида куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўришнинг аҳамияти катта. 

Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси  томонидан куз ва қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш юзасидан муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Қўрғонтепа ва Шаҳрихон туманларидаги мактабларда умумтаълим мактаб директорлари ва уларнинг хўжалик ишлари бўйича ўринбосарлари иштирокида 2019-2020 йиллар куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш бўйича ҳудудий кўргазмали семинарлар ташкил этилди. 

8 октябрь куни Қўрғонтепа тумани 12-умумтаълим мактабида Хонобод шаҳри, Қўрғонтепа, Хўжаобод, Булоқбоши ҳамда Жалақудуқ туманларидаги умумтаълим мактабларининг мутасаддилари иштирокида бўлиб ўтган семинарда таълим муассасаларидаги мавжуд дераза ойналарига целлофан, скотч ва кириш эшиклари учун пружиналарни захира қилиш бўйича топшириқлар берилди.

Шунингдек, барча таълим муассасаларини 10 октябрдан куз-қиш мавсумига тайёр ҳолатга келтириш бўйича 10 кунлик долзарб сафарбарлик эълон қилинди. Шу билан бирга, семинар иштирокчиларига 2019-2020 йиллар куз-қиш мавсумида буржуйка печлардан фойдаланмаслик, иситиш қозонларини мавсумга тайёрлаш, кўмир ёқилғисини захира қилиш ва ундан мақсадли фойдаланиш бўйича қатор вазифалар белгилаб берилди.

- Бундан ташқари, мактаблардаги мавжуд ошхоналарда ўқувчиларга таъқиқланган маҳсулотлар сотилишининг олдини олиш бўйича топшириқлар бердик, - дейди вилоят ХТБ бошлиғи Ф. Бузруков. – Чунки ўқувчи ёшларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш ҳар қандай ҳолатда ҳам биринчи ўринда туради. Улар доимо соғлом бўлишса, катта иштиёқ билан билим олишга интиладилар. Бунда синф хоналаридаги шарт-шароитлар ҳам муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, қишнинг изғиринли кунларида ҳар бир синф хонаси етарли даражада иситилиши лозим. Буни Шаҳрихон туманида ўтказилган кўргазмали семинарда ҳам мактабларнинг раҳбарларига яна бир бор уқдириб ўтдик. Ўйлаймизки, улар мавжуд ёқилғи захираларидан мақсадли равишда фойдаланиб, ўқувчилар учун барча қулай шароитларни яратиб берадилар ва куз-қиш мавсумини беталафот ўтказадилар. Шунда ҳеч қандай муаммо ҳам, эътироз ҳам юзага келмайди.

 

Мавзуга оид