Жаҳон | 19:52 / 14.10.2019
8843
2 дақиқада ўқилади

Иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти қашшоқликка қарши кураш учун берилди

Швеция банки томонидан Альфред Нобель хотирасига таъсис этилган ва иқтисодиёт бўйича норасмий Нобель мукофоти деб аталувчи иқтисод фанлари бўйича мукофот 2019 йилда уч олим – америкалик Майкл Кремер ва Абхижит Банержи ҳамда франциялик Эстер Дюфлога топширилди.

Мукофот “глобал қашшоқликка қарши курашдаги тажрибавий ёндашув учун” топширилди.

“Жорий йил совриндорлари глобал қашшоқликка қарши курашдаги энг яхши йўллар бўйича ишончли жавобларни олишда янгича ёндашув ишлаб чиқишди. Уларнинг ва улар ортидан борган тадқиқотчиларнинг ишлари натижалари амалиётда қашшоқликка қарши кураша олишимизни анча яхшилади”, дейилган Швеция қироллик фанлар академияси хабарида.

Совриндорларнинг услуби глобал қашшоқлик муаммосини кўплаб майда муаммоларга бўлишдан иборат бўлиб, бу муаммоларнинг ечимларини тажрибалар ёрдамида топиш мумкин.  

Уч совриндор 9 млн швед кронаси (915 минг доллар) миқдоридаги мукофот пулини ўзаро бўлишиб олишади. 

Таъкидлаш жоиз, совриндорлардан бири Эстер Дюфло иқтисодиёт бўйича Нобель мукофотини олган тарихдаги иккинчи аёл бўлди. У, шунингдек, ушбу йўналишда Нобель мукофотини олган энг ёш совриндорга айланди. Бундан ташқари, Дюфло ва унинг турмуш ўртоғи Абхижит Банержи иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти олган биринчи оилавий жуфтлик бўлди. 

Мавзуга оид