«Бу бизнинг инқилобий тарихимизда катта аҳамиятга эга бўлган муҳим воқеа. Бу кўтарилиш букилмас иродаси билан ватанимизни улкан кучга эга қудратли давлатларга қарши курашга бошлаб бораётган ўртоқ Ким Чен Иннинг афсонавий жасоратини ифодалайди», дейилади хабарда.
Тарқалган суратларда КХДР раҳбари қорга бурканган Пэктусан тоғлари орасида кетаётгани тасвирланган. У тоққа кўтарилиш чоғида АҚШ томонидан қўлланган санкцияларни танқид қилган.



«Мамлакатдаги вазият бекор қилинмаган санкциялар ва душман кучлари босими туфайли оғирлашмоқда, биз кўп синовлар ва қийинчиликларга қарши туришимиз керак бўлади. АҚШ раҳбарлигидаги душманлар корейс халқига берган оғриқлар ғазабга айланади», — дея Шимолий Корея раҳбари сўзларини келтирган Жанубий Кореянинг «Ёнҳап» агентлиги.
Ким Чен Ин одатда мамлакат ёки ўзи учун муҳим паллаларда тоғ юқорисига кўтарилади.
Экспертлар КХДР етакчисининг бу сафарги Пэктусанга чиқиши ҳам Ғарб мамлакатлари ва ўз иттифоқчилари учун огоҳлик қўнғироғи бўлиши мумкинлигини истисно этишмаяпти.
«Айтишларича, Ким Чен Ин бу сафар узоқ радиусли ракеталар ва ядро қуроли синови ўтказишдан тийили ҳақидаги ваъдасини қайта кўриб чиқиши мумкин. Ҳозир АҚШ билан музокаралар боши берк кўчага кириб қолган, Дональд Трампни ҳам ҳозирда Американинг ички сиёсати ва бошқа халқаро масалалар кўпроқ ташвишга солмоқда», дейди Би-би-сининг Сеулдаги мухбири Лаура Бикер.
У ОАВда «бутун дунёни ҳайратланишга мажбур қиладиган катта амалиёт» ўтказишга ҳаракат қилиниши тўғрисида хабарлар тарқалганига эътибор қаратган.
«Эҳтимол, Шимолий Корея раҳбари тоғнинг тиниқ ҳавоси унга Трамп маъмурияти эътиборини ўзига қаратиш учун янги воситалар ўйлаб топишга ёрдам беришидан умид қилаётгандир?
Пхеньян АҚШга ядровий қуролдан холи бўлиш бўйича музокараларни якунлаш учун йил охирига қадар муҳлат берган. Бунгача Ким Чен Ин бир неча марта Пхеньян ядро дастурини сусайтириш борасидаги ҳаракатларни амалга ошираётгани туфайли санкцияларни тўхтатишни талаб қилганди, аммо у Вашингтонни ишонтира олмаганди. Балки Ким Чен Ин Ғарбга босим ўтказиш учун бир неча ракета учириш керак деб ҳисоблаётгандир? Ўйлайманки, унинг тоққа чиқиши сабабини яқин вақтлар ичида билиб оламиз», дея қўшимча қилган Лаура Бикер.


















